Қонунчилик палатаси эшакни «истеъмол гўшти олинадиган ҳайвонлар» қаторига қўшди
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда депутатлар томонидан бир нечта, жумладан, “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳасида чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш, ҳайвонларда юқумли касалликларнинг олди олиш ҳамда мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳайвонлар ҳисобини юритиш, ҳайвонларнинг насли билан боғлиқ ва уларнинг соғлиги тўғрисидаги ягона электрон тизим яратилиши белгиланмоқда. Ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларининг, идентификация рақамини сақловчи атрибут ишлаб чиқарувчи ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб бериляпти.
Қонун ташаббускорларига кўра, ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг энг асосий афзаллик томонларидан бири, бу тизим орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Шу сабабдан истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя каби ҳайвон турлари ҳамда улар учун касаллик хавфини туғдириши мумкин бўлган ҳамда касаллик кириб келишининг олдини олиш, эпизотик осойишталикни таъминлаш мақсадида, ит, мушуклар идентификация қилиниши таклиф этилмоқда.
“Бугунги кунда республикада йирик шохли моллар 14 млн ва майда шохли моллар 14 млн бошни ташкил қилади. Бунинг 90 фоизи аҳоли қарамоғида парвариш қилинмоқда.
Ҳайвонларни идентификация қилиш ишлари тўлиқ қамраб олинмагани уларни ўта хавфли юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирларини тўлиқ ўтказиш ва эпизотик барқарорликни кафолатли сақлаб туриш имкониятини чегаралаб қўймоқда.
Аҳолини озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифати кафолатланган чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш бугунги кунда бутун дунёда глобал масала бўлиб қолмоқда. Жаҳон савдо ташкилотининг талабига кўра, чорвачилик, озиқ-овқат ва гўшт-сут маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, уларни экспорт қилиш ва халқаро савдода иштирок этиш учун чорва ҳайвонлари идентификация қилинган бўлиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек, ички ва ташқи бозор учун ҳайвонлар бош сони ва улардан олинадиган маҳсулотлар прогнози тўғрисида аниқ маълумотлар базаси, истеъмол учун чиқариладиган маҳсулотлар тўғрисидаги маълумотларни тизимлаштириш зарурати бугун юзага келган”, дея таъкидлаб ўтган мажлисда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳромжон Норқобилов.
Қўшимча қилинишича, қонунни қабул қилиш орқали республикада мавжуд чорва мол бош сонлари тўғрисида ягона электрон маълумотлар базаси яратилади. Қолаверса, чорва ҳайвонларини ўта хавфли юқумли касалликларга давлат томонидан бепул тўлиқ профилактик эмлашга эришилади. Шу ҳисобдан ҳайвонлар турли юқумли касалликлардан нобуд бўлишининг олди олинади.
Бундан ташқари, идентификация қилинган ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги таъминланиб, ички ва ташқи бозорларда сотиш кафолатланади. Шунингдек, касалликлар ва турли сабабларга кўра нобуд бўлган, ҳаром ўлган чорва ҳайвонларининг гўштини хуфиёна сотиш қонун билан тақиқланади ва истеъмолга яроқсиз чорвачилик маҳсулотлари савдосига чек қўйилади.
Баҳромжон Норқобиловга кўра, бир марталик идентификация ишлари тўлиқ бепул қилиб берилади. Келгуси йилларда туғилган ҳайвонларни идентификация қилиш уларнинг эгалари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда идентификация қилиш нархи ўртача бир бош қорамолга 15 минг сўм, майда шохли молларга эса 7,5 минг сўм бўлиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш бўйича Жаҳон банкидан 33 млн доллар маблағ ажратилган. 2024-2025 йилларда 25 та туманда, 2027 йил 1 январгача барча ҳудудда чорва ҳайвонлари тўлиқ идентификация қилинади.
Қонун лойиҳасида истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган ҳайвонлар қаторига эшакнинг ҳам қўшилиши ЖСТ талабларига боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки жаҳон бозорида эшак гўшти истеъмолдаги гўшт ҳисобланади ҳамда ундан турли озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.