“Inbazar” фаолиятини тугатадими?
Ижтимоий тармоқларда “Inbazar” савдо дўконлари тармоғидаги ходимлар сони тўғрисида тарқалган маълумотлар юзасидан Солиқ қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида “Inbazar” савдо бренди остида 3 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда:
▫️»IN MAG» МЧЖ;
▫️»GO TREND» МЧЖ;
▫️»KDS SALES» МЧЖ.
Тақдим этилган солиқ ҳисоботларига кўра, ушбу тадбиркорлик субъектларида 44 нафар ходим расман иш билан таъминланган.
Солиқ органлари қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда, солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга оширади.
Солиқ органлари томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида «Солиқ» мобил иловасидаги «Солиқ ҳамкор» тизими орқали харидорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида , мазкур тадбиркорлик субъектларида 17 маротаба сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича жарималар қўлланилган.
Штатида 1 нафар ходим кўрсатилган “Inbazar” МЧЖ тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритмайди ва ҳозирги пайтда ихтиёрий тугатилиш босқичида.