Исроилнинг Ғазодаги мактабга ҳужуми АҚШ кўмагида содир этилган ҳарбий жиноятдир

Исроилнинг Ғазодаги мактабга ҳужуми АҚШ кўмагида содир этилган ҳарбий жиноятдир

Исроилнинг кўчирилган фаластинликлар яшайдиган мактабга ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги омборларига ҳужумлари «АҚШ сиёсий ва ҳарбий кўмагида амалга оширилган уруш жиноятларидир». Бу ҳақда Фаластиннинг Хамас ҳаракати ёзма баёнотида айтилади.

Баёнотда, Исроилнинг сўнгги соатларда бир қанча қирғинлар содир этгани қайд этилган. Хусусан, Ғазодаги Эз-зейтун мактабига уюштирилган ҳужумда 13 нафари бола ва 6 нафари аёл бўлган 22 киши, Рафаҳдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги омборларига қилинган ҳужумда 5 вазирлик ходими ҳалок бўлди.

«Замонавий тарихда мисли кўрилмаган бу жиноятлар барча инсонпарварлик ва халқаро қадриятларнинг очиқдан-очиқ бузилиши бўлиб, Қўшма Штатларнинг ҳарбий ва сиёсий кўмагида содир этилган ҳарбий жиноятдир», — дейилади баёнотда.

Унда қайд этилишича, халқаро ҳамжамият ва инсоният Исроил томонидан содир этилган жиноятларга чек қўйиш ва «террорчи қўмондонларни» жавобгарликка тортиш учун маънавий ва ҳуқуқий муаммога дуч келмоқда.

ҲАМАС араб ва ислом давлатлари, шунингдек, дунёнинг барча озод одамларини бирлашишга ва ҳар қандай восита билан Исроилга қарши туришга чақирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: