Украинадаги урушни тугатиш учун Хитойнинг уч таклифи

Украинадаги урушни тугатиш учун Хитойнинг уч таклифи

Россиянинг Украинага қарши урушини ҳал қилиш бўйича Хитойнинг позицияси зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар столига ўтириш, шунингдек, санкциялардан воз кечишдир. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, биринчидан, ҳарбий ҳаракатлар майдони кенгайишининг олдини олиш учун жанговар тўқнашувларни тўхтатиш керак. Бу ерда, шунингдек, ядро қуролидан фойдаланиш ва атом электр станциялари каби ядровий иншоотларни йўқ қилишнинг йўл қўйилмаслигига эътибор қаратди. «Уруш зонасига қанча кўп қурол юборилса, ўт очишни тўхтатишга эришиш шунчалик қийин бўлади», деди у.

Хитой вакили Россиянинг Украинага қарши урушини «Украина инқирози» деб атаб, уни ҳал қилишнинг «ягона амалий усули» сифатида кечиктириб бўлмайдиган мулоқот ва музокаралар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Унинг айтишича, акс ҳолда инқироз янада кучайиб кетиши мумкин.

Учинчидан, Хитой Ташқи ишлар вазири таъкидлашича, «инқирознинг жаҳон иқтисодиётига таъсирини олдини олиш керак». У буни санкциялардан ва жаҳон савдосининг айрим йўналишларини тўхтатишдан сақланиш зарурлиги деб тушунтирди. Хитойлик дипломат бирон-бир давлат номини келтирмаган бўлсада, у Россия ва уни қўллаб-қувватловчиларга қарши киритилган чекловларни назарда тутган.

«Барча томонлар тинчлик ва инсонларни устувор қўйишлари ҳамда тинчлик музокараларини илгари суришга чинакам хайрихоҳ бўлишлари лозим,» – дея таъкидлади Хитой дипломатияси раҳбари.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: