Ҳиндистонда муқаддас сувда чўмилиш маросими жаноза маросимига айланди
Шарқий Биҳар штатида Жеевитпутрика фестивалини нишонлаш чоғида 43 киши сувда чўкиб кетди. Хусусан, фестиваль оқибатида 37 нафар бола ҳалок бўлган ва 3 киши киши бедарак йўқолган. Бу ҳақида Биҳар табиий офатларга қарши курашиш бошқармаси хабар берган.
Байрам давомида штатнинг турли қисмларидаги дарё ва ҳовузларда ушбу маросим туфайли одамлар вафот этган.
«Ҳозиргача жами 43 кишининг жасади топилди. Қидирув операцияси давом этмоқда», — дейилади бошқарма хабарида. Бу каби фожеали ҳолатлар штатнинг 15 ҳудудида қайд этилган.
«Жеевитпутрика» — Биҳарнинг энг катта байрамларидан бири бўлиб, унда аёллар ўз фарзандларининг фаровон яшашлари учун рўза тутишади. Шунингдек, болаларини муқаддас сув ҳавзаларида чўмилтиришади.
Аввалроқ, Ҳиндистонда жазирамадан 80 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлгани ҳақида ҳам маълумот берган эдик.