Эрдўған Исроилга: «Бу осон бўлмайди»
Халқаро ҳамжамият Исроилнинг Ливандаги ҳаракатларини тўхтатиши керак. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған баёнот берди.
«Исроил бу сафар Ливан ҳудудига қуруқлик орқали кириб келди… Минтақа давлатларини ўзи яратган инқирозга тортиш учун барча воситаларни ишга солмоқда. У ҳар хил провокацияларни амалга оширади. Ўтган ҳафта БМТ Бош Ассамблеясида мен БМТ бу тажовузни тўхтатиши кераклигини аниқ айтдим», — деди Эрдўған мамлакат парламентида сўзлаган нутқида.
«Мен Исроилга очиқ ва аниқ айтаманки, бу сафар Ливандаги қуруқликдаги операция у учун ўтган йиллардагидек бўлмайди. Ҳозир ҳамма нарса бутунлай бошқача. Ливан ва унинг позициялари бошқача. Бу унчалик осон бўлмайди», деб ҳисоблайди Туркия президенти.
Эрдўған Ливаннинг Туркия чегарасига яқин эканлигига диққат қаратди: «Автомобилда бор-йўғи икки соатлик йўлдамиз. Босқин, террор ҳужумлари, қирғинлар содир бўлаётган минтақага. Демак, буларнинг барчаси бизнинг ёнимизда содир бўлмоқда. Бизни аралашмасликка ва бетараф бўлишга чақираётган ҳар бир кишига айтаман. Бунинг тўхтатилиши ва Исроилнинг жазоланиши учун ҳар қандай ҳолатда ҳам курашни давом эттирамиз. Биз ливанлик биродарларимиз томонида қоламиз ва уларга қўлимиздан келганича ёрдам берамиз», деди Туркия президенти.