Алишер Навоийнинг «Хамса» асари араб тилига таржима қилинади

Алишер Навоийнинг «Хамса» асари араб тилига таржима қилинади

Алишер Навоийнинг «Хамса» асари араб тилига таржима қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида Юнус Эмре номидаги Турк маданияти маркази директори Эмин Бойраз билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди, дея хабар берди «Дунё» АА.

 

Учрашувда умумтуркий маданиятни Мисрда ва бошқа араб давлатларида тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Томонлар Алишер Навоий тўғрисида араб дунёсида маълумотлар ниҳоятда камлигини қайд этишди. Шу пайтга қадар турк мумтоз адабиёти дурдоналари, ғазал ва рубоийлари араб тилига етарли даражада ўгирилмаган.

 

“Мулоқот чоғида ушбу йўналишда яқиндан ҳамкорлик қилиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди. Жумладан, Ўзбекистон ва Туркия олимлари, Мисрдаги туркийшунослар кўмагида Алишер Навоийнинг «Хамса» асарини араб тилига таржима қилиш истиқболлари кўриб чиқилди ва ушбу йўналишда адабий алоқаларни ўрнатишга келишиб олинди”, — дейилади хабарда.

 

Шунингдек, томонлар Навоий ва унинг ижоди, ал-Фарғоний томонидан лойиҳалаштирилган Қоҳира Нилометри ва эски Қоҳирадаги Ибн Тулун масжидига оид араб ва инглиз тилларида ҳужжатли фильмлар суратга олиш муҳимлигини ҳам таъкидлашди.

 

Маълумот учун, Навоийнинг «Хамса» асари 1483-1485 йилларда ёзилган. У беш достондан иборат: «Ҳайрат ул-аброр» («Яхши кишиларнинг ҳайратланиши»), «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» («Етти сайёра») ва «Садди Искандарий» («Искандар девори»).

Дўстларингизга ҳам юборинг: