“Энг хавфли ижтимоий тармоқлар 2024” маълум қилинди
Глобал ижтимоий тармоқларнинг қайсилари фойдаланувчилар ҳақида кўпроқ маълумот йиғиши ва сақлаши маълум қилинди. Бу ишни Американинг Incogni компанияси таҳлилчилари амалга оширди. Улар “Ижтимоий тармоқларнинг махфий рейтинги — 2024” жадвалини тузиб чиқишди.
Баҳолаш 5 та тоифадаги 14 та мезонда бўлган. Энг тепадан 15 та ижтимоий тармоқ, мессенжер, жумладан Telegram, WhatsApp, Facebook, Discord, Youtube ва бошқалар жой олган. Бу мезонлар орасида қоидабузарликлар, маълумотларни йиғиш ва сақлаш, шаффофлик ҳамда махфийликни бошқариш қулайлиги кабилар мавжуд.
Фойдаланувчилар ҳақида энг кўп маълумот тўплайдиган ижтимоий тармоқлар:
Facebook — махфийлик даражасига 20 баллдан 18,9 балл берилган (баллар қанча паст бўлса, шунча яхши);
Facebook Messenger — 16,5 балл;
LinkedIn — 16,3 балл;
Instagram — 15,8 балл;
Х (Тwиттер) — 15,2 балл.
Фойдаланувчилар ҳақида энг кам маълумотни Reddit, Snapchat, Pinterest ва Discord платформалари тўплайди.
Маълумот сизиб чиқиши ҳолатлари ва қоидабузарликлар энг кўп содир содир бўлган ижтимоий тармоқлар:
LinkedIn;
Facebook;
Х;
Whatsapp;
Snapchat.
Discord, Telegram ва Reddit сервисларида эса маълумот сизиб чиқиши камроқ кузатилган.
Мутахассислар шунингдек, Telegram ва Discord маълумотларни бошқаришнинг энг шаффоф ва қулай усулларини таклиф этишини аниқлади. Бунда Telegram фойдаланувчи аккаунти ўчирилгандан сўнг маълумотларни жуда тез ўчириб юбориши билан бошқалардан ажралиб турди. LinkedIn ва X энг қаттиқ махфийлик созламаларига эга, бироқ иккала платформа ҳам махфийлик учун катта хавф туғдирмоқда.