Хоразмдаги 11-сон тергов ҳибсхонасида ўтказилган тиббий кўрикда 3 нафар шахсга жарроҳлик амалиётини ўтказиш тавсия қилинди
2024 йилнинг 27 сентябрь куни Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Унда ҳибсхонада сақланаётган 150 нафардан ортиқ шахслар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тиббий кўрикка Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг малакали шифокорларидан иборат ишчи гуруҳ, жумладан, эндокринолог, кардиолог, травматолог, невропатолог, ЛОР, дерматолог, уролог, гинеколог, окулист шифокорлари жалб этилди. Шунингдек, маҳкум ва маҳбуслар ультратовуш текшируви (УТТ), ЭКГ ҳамда рентген ускуналари ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тиббий текширувлар натижасига кўра, 23 нафар шахсга қандли диабет, 27 нафар шахсга гипертония касаллиги, 11 нафар шахсга юракнинг ишимик касаллиги, 5 нафар шахсга гинекологик, 15 нафар шахсга неврологик, 6 нафар шахсга травматологик, 18 нафар шахсга дерматовенерологик ва 7 нафар шахсга кўз касалликлари билан боғлиқ ташхислар қўйилди.
Тиббий кўрик натижалари бўйича 1 нафар шахсга қўшимча текширув тавсия этилди, шунингдек, амбулатор шароитда даво муолажаларини олаётганларга қўшимча дори-дармонлар ёзиб берилган бўлса, 3 нафар шахсга жарроҳлик амалиётини ўтказиш тавсияси берилди.
Шу куни мазкур тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи ҳам амалга оширилиб, маҳкум ва маҳбусларнинг яшаш жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, озиқ-овқат маҳсулотлари сақлаш ва узоқ муддатли учрашув хоналари, фуқароларни қабул қилиш жойи ҳамда ҳудуддаги бошқа шароитлар ўрганилди.
Шунингдек, ҳибсхонада сақланаётган шахслар билан ўтказилган суҳбат жараёнида мазкур муассасадаги шароитлар бўйича уларнинг фикрлари ўрганилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (омбудсман) Ахборот хизмати