Тошкент шаҳрининг ҳаво сифатини баҳолаш бўйича ҳисобот тақдим этилди

Тошкент шаҳрининг ҳаво сифатини баҳолаш бўйича ҳисобот тақдим этилди

Жаҳон банки Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда «Тошкент шаҳри ҳаво сифатини баҳолаш ва Ўзбекистонда ҳаво сифатини бошқаришни такомиллаштириш бўйича йўл харитаси» ҳисоботини тақдим этди.

Ҳисобот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида тайёрланган бўлиб, Ўзбекистон пойтахтидаги ҳаво сифатининг диагностик таҳлили, шунингдек, мамлакатда ҳаво сифатини бошқариш механизмларини ривожлантириш бўйича тавсиялар берилган.

Дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳаво сифати билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг аксарияти диаметри 2,5 микрон (ПМ2.5) бўлган заррачалар туфайли юзага келади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу заррачаларни аҳоли саломатлиги учун энг катта хавф туғдирадиган ифлослантирувчи деб таъкидлади. Глобал ҳаво сифатини кузатиб борувчи IQAir портали маълумотларига кўра, Тошкент ҳам Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарлари каби дунёнинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлари қаторига киради.

Ўзбекистон ҳукумати ҳаво сифатини бошқаришга маҳаллий, миллий ва минтақавий даражада ҳамкорликда, интеграциялашган ва тармоқлараро саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган муҳим муаммо сифатида қараб келмоқда. Хусусан, 2024 йил 21 майда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан турар-жой биноларидаги атмосфера ҳавоси сифати бўйича ЖССТ тавсияларига мос келадиган янги ПМ2.5 стандарти қабул қилинди. Бу мамлакатдаги ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган дастлабки мақсад ва муҳим қадамдир.

Ҳисоботда Тошкентда ПМ2.5 зарраларининг концентрацияси қиш ойларида энг юқори даражага етиши, уларнинг ҳаводаги миқдори қабул қилинадиган халқаро стандартлардан сезиларли даражада ошиши қайд этилган. Хусусан,Тошкент шаҳридаги ПМ2.5 нинг ўртача йиллик концентрацияси ЖССТнинг йиллик ўртача стандарти 5 микрограм кубометрга (мкг/м³) нисбатан 6 баробардан ортиқроқдир.

Ҳисоботга кўра, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ПМ2,5 зарралари билан ифлосланиши аҳоли саломатлиги ва иқтисодиётга катта зарар етказмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолат натижасида пойтахт аҳолиси соғлиғига етказилган зарар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 0,7 фоизини ташкил қилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ПМ2,5 зарралари билан антропоген ифлосланишнинг асосий манбалари иссиқлик тармоғи (28%), транспорт (16%) ва саноат (13%) ҳисобланади. Ёзда шамол чанги каби трансчегаравий манбалар (барча ПМ2.5 зарралари ифлосланишининг 36%) устунлик қилади, қишда эса тижорат ва турар-жойларни иситиш ПМ2.5 ифлосланишининг асосий сабаби ҳисобланади.

Ҳисоботда Ўзбекистонда ҳаво сифатини бошқаришни такомиллаштириш бўйича йўл харитаси тақдим этилган. Унда ҳаво сифати стандартлари ва тегишли қоидаларни янгилаш, ҳаво сифатини бошқариш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва зарур мувофиқлаштириш механизмини яратишни ўз ичига олган устувор ҳаракатлар тавсия қилинган.

Қолаверса, ҳаво сифатини яхшилаш бўйича давлат сиёсати чора-тадбирлари, жумладан, ҳавонинг ифлосланишига энг катта ҳисса қўшувчи саноат, транспорт ва иссиқлик тармоқларидаги чора-тадбирлар, шамол орқали келаётган чангларни камайтириш чоралари келтириб ўтилган.

«Йўл харитаси»да қайд этилишича, фойдаланилаётган ёқилғи сифати ва иситиш мосламалари ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, экологик тоза иситиш манбаларига ўтиш орқали иссиқлик тармоғидан чиқаётган чиқиндиларни камайтириш мумкин.

Ҳисоботнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги вариантларини кўчириб олинг.

Дўстларингизга ҳам юборинг: