Хилайфий тиғиз тақвимдан шикоят қилган футболчиларга жавоб қайтарди

Хилайфий тиғиз тақвимдан шикоят қилган футболчиларга жавоб қайтарди

«ПСЖ» президенти тиғиз тақвим туфайли футболчилар иш ташлаши мумкинлигига муносабат билдирди.

 

«Манчестер Сити» клуби ва Испания миллий жамоаси яримҳимоячиси Родри тақвим зичлиги сабабли эҳтимолий иш ташлаш ҳақида биринчи бўлиб маълум қилганди. Уни «Реал», «Барселона», «Ливерпул», «Челси», «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» каби топ-клубларнинг футболчилари ҳамда мураббийлари қўллаб-қувватлади.

 

Футболчиларнинг норозилигига ФИФАнинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини 32 та жамоа иштирокида ўтказиш қарори сабаб бўлди.

 

«Шикоят қилаётган футболчилар ва клублар ўйнашмасин. Менга ҳар бир мамлакатдан фақат иккитадан клуб қатнашаётгани ҳақида шикоятлар келиб тушди. Баъзилар иккитадан ортиқ клубни хоҳлашади. Иш ташлаш билан ғалаба қозона олмайсиз.

 

Тақвим ҳар доим муаммо бўлиб келган. Буни барча манфаатдор томонлар иштирокида ҳал қилиш керак. Жараён фақат бир томон учун эмас, балки ҳаммага нима яхши эканини тушуниш учун шаффоф бўлиши керак.

 

Клублар экотизимни молиялаштирмоқда ва маошлар тобора ортиб бормоқда. Агар бизда бир хил мусобақалар ва бир хил даромад бўлса, бу муаммо ҳисобланади», — деди Европа клублари ассоциацияси (ECA) раиси Носир Ал Хилайфий Афинадаги бош ассамблеяда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: