Венгрия делегацияси Жиззахда

Венгрия делегацияси Жиззахда

Ҳамкорликнинг янги қирралари

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Венгрия Давлат котибининг инновациялар бўйича ўринбосари Ласло Бодиш бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди.

Қабул аввалида Эргаш Салиев ташриф учун меҳмонларга самимий миннатдорчилик билдириб, музокаралар давомида вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ва инвестиция салоҳияти ҳамда ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида гапирди, вилоятнинг асосий драйвер соҳалари бўлган автомобилсозлик, текстил, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳалари ҳамда Жиззахдаги олий таълим муассасалари тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўз ўрнида Венгрия делегацияси раҳбари Ласло Бодиш қабул учун вилоят ҳокимига миннатдорчилик билдириб, икки туркий дўст давлат – Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги ўзаро қардош ҳамкорликни юқори баҳолади.

2021 йилнинг май ойида Венгриянинг Бош вазири маслаҳатчиси Мартон Надь бошчилигидаги делегация аъзолари Жиззах вилоятига ташрифи давомида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ижтимоий соҳаларда тажриба алмашинувини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб боргани ҳақида ЎзАда хабар берган эдик.

2022 йилнинг октябрь ойида Жиззах вилояти ҳокими Э.Салиев ҳамда мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарларидан иборат делегация аъзолари Венгрияга сафар уюштириб, ушбу мамлакат тадбиркорлари билан умумий қиймати 19 миллион 500 минг АҚШ долларилик савдо ва инвестиция борасидаги 8 та келишув имзоланганини ва ижроси доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

2023 йилнинг 26 октябрида эса Жиззах вилояти ҳокимлиги Венгриянинг Дьёр-Мосон-Шопрон вилояти раҳбарияти билан ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказган. Бугунги делегациянинг ташрифини ҳам ана шу манфаатли ва ишончли ҳамкорликнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Венгриянинг Обуда университети ўртасида юқори технологиялар соҳасида қўшимча инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама музокаралар, тақдимотлар бўлиб ўтди.

Венгриянинг Обуда университети ректори Левенте Ковач инновация ва илм-фанда эришилган ютуқлар ва бу йўналишда Венгрия тажрибасини оммалаштириш, Жиззах вилоятидаги қатор лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев, Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмоновлар меҳмонларга Ўзбекистонда инно технопаркларни ташкил қилиш, олий ўқув юртлари ва ишлаб чиқаришдаги ҳамкорликка тўхталди.

Дўстона ва ўзаро ҳамкорлик руҳида ўтган учрашувдан сўнг Венгриядан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев ҳамроҳлигида Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги автомобиллар ишлаб чиқарувчи “BYD Uzbekistan Factory” заводи, “Deya” бренди остида кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти билан танишди.

Куннинг иккинчи ярмида европалик нуфузли меҳмонлар Жиззах шаҳридаги Президент мактабида бўлиб, у ерда ўқувчи ва ўқитувчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Венгрия давлати делегациясида “Inno” инновацион ўқув -ишлаб чиқариш технопарки катта таассурот қолдирди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: