Маълум шахсларга Ўзбекистон ҳудудига кириш рад этилиши мумкин
Президент томонидан «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди.
Эндиликда бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзи ҳақида била туриб сохта маълумотлар берган бўлса, қалбаки ҳужжатларни тақдим этган бўлса ёки зарур ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса ёхуд биометрик маълумотларни топширишни рад этаётган бўлса, Ўзбекистон ҳудудига кириш рад этилиши мумкин.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, Ўзбекистон давлат чегарасини ёриб ўтиш йўли билан белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш ёхуд чегарадан ўтиш жиноят таркибини ташкил этади.
Жиноят процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда, терговга қадар текширувни ўтказувчи, шунингдек маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколатига эга субъект ДХХнинг Чегара қўшинлари эканлиги тўғрисида аниқлик киритилмоқда (илгари чегарани қўриқлаш органлари, чегара қўшинлари кўрсатилган).
Шу каби аниқликлар қуйидаги қонунларга киритилмоқда:
• «Темирйўл транспорти тўғрисида»;
• «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»;
• «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»;
• Божхона кодекси.