Хорижга кўчиб кетган ўзбекистонликлар ҳисоблаб чиқилди

Хорижга кўчиб кетган ўзбекистонликлар ҳисоблаб чиқилди

Статистика агентлиги республиканинг демографик кўрсаткичи ҳолатини тавсифлади. Қайд этилишича, 2024 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 млн. 355,4 минг кишини ташкил этмоқда. Шундан эркаклар 18 млн. 809,5 минг, аёллар 18 млн. 545,9 минг нафарга тенг.
Республикада доимий аҳоли сонининг умумий ўсиши 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 фоизга ошиб, 755,6 минг кишидан ортди.

Аҳолининг ўртача ёши эркакларда 28,5 ёшни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2014 йил 27,3 ёш, 2004 йил эса 24,8 ёшни ташкил этган. Аёлларнинг ўртача ёши эса 30 ёшни ташкил қилган. Аёлларнинг ўртача ёши 2014 йил 28,6 ёш, 2004 йил эса 26,1 ёшни ташкил қилган.

2024 йил 1 октябрь ҳолатига 1 квадрат километрга ўртача 83,2 киши тўғри келган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 1,7 кишига ортган (2023 йил 1 октябрь ҳолатига 1 кв. километрга 81,5 киши).

Ҳудудлар бўйича аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 6909,6 киши, Андижон вилоятида 801,3 киши, Фарғона вилоятида 610 кишини ташкил этган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий вилоятида 9,8 киши, Қорақалпоғистон Республикасида 12,1 кишини ташкил этган.

Яна бир маълумот, 1 октябрь ҳолатига кўра, 2024 йил январь-сентябрь ойларида тирик туғилганлар сони 693,9 минг кишини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан паст (2023 йил январь-сентябрь ойларида 716,9 минг чақалоқ туғилганди).

Бу йилги кўрсаткичда ўғил болалар сони 360 минг, қиз болалар сони 333,9 минг нафар. Уларнинг 343,4 минг нафари шаҳар жойларида, 350,5 минг нафари эса қишлоқ жойларида дунёга келди.

Мамлакатда ўлим ҳолатлари ўтган йилги ҳолатдан кўпайган. 2024 йил январь-сентябрь ойларида вафот этганлар сони 131,7 минг кишини ташкил этди: эркаклар сони – 72,3 минг киши, аёллар сони – 59,4 минг киши. Вафот этганларнинг 74,5 минг нафари шаҳар жойларида, 57,2 минг нафари эса қишлоқ жойларида яшаган.

Маълум бўлишича, вафот этганларнинг ўлимига асосан қон айланиш тизими касалликлари, бахтсиз ҳодисалар, ўсимталар, нафас олиш органлари касалликлари, овқат ҳазм қилиш органлари касалликлари ва бошқа касалликлар сабаб бўлган.

Жорий йил январь-сентябрь ойларида 179,4 минг бирликда никоҳ қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,1 минг бирликка кам. Шу давр ичида никоҳдан ўтган аёлларнинг ўртача ёши 22,5 да, эркакларники эса 27,4 да. Қайд этилган никоҳларнинг энг катта улуши 25 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келган, яъни жами никоҳларнинг 80 фоизини ташкил этган.

Шунингдек, 2024 йил январь-сентябрь ойларида 34 минг бирликда никоҳдан ажралишлар сони қайд этилган. Ажрашган бирликларнинг 21,1 мингтаси шаҳарда (62,0 фоиз), 12,9 мингтаси эса (38,0 фоиз) қишлоқ жойларида.

9 ой ичида ажрашган бирликларнинг 16 135 таси фарзандсиз, 9863 таси 1 нафар фарзанд билан, 7986 таси 2 ва ундан ортиқ фарзанд билан никоҳни бекор қилган. Жами миқдорга нисбатан Тошкент шаҳри (13 фоиз), Андижон (10,7 фоиз), Фарғона (10,6 фоиз), Самарқанд (10,2 фоиз) ва Тошкент вилоятида (10,1 фоиз) ажралишлар улуши кўпроқ.

2024 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан кўчиб келганлар сони 186,8 минг кишини ташкил этиб, шундан эркаклар сони 80 минг кишини, (42,8 фоиз) аёллар сони эса 106,8 минг кишини (57,2 фоиз) ташкил этди.

Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан кўчиб келганларнинг асосий қисми Россия (жами хориждан кўчиб келганларга нисбатан 37,8 фоиз), Қозоғистон (24,7 фоиз), Тожикистон (10 фоиз), Қирғизистон (6,2 фоиз), Туркманистон (2,5 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (18,8 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

Жорий йил январь-март ойларида Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар сони 193,5 минг кишини ташкил этиб, шундан эркаклар сони 83,2 минг кишини, (43 фоиз) аёллар сони эса 110 минг кишини (57 фоиз) ташкил этди.

Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга кўчиб кетганларнинг асосий қисми Қозоғистон (жами кўчишларнинг 82,4 фоиз улуши), Россия Федерацияси (14,2 фоиз), Жанубий Корея (0,7 фоиз), Қирғизистон (0,6 фоиз), Туркманистон (0,4 фоиз) ва бошқа мамлакатлар (1,7 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: