Нақадар гўзалсан, Истанбул!

Нақадар гўзалсан, Истанбул!

Истанбул дунёнинг энг жозибали шаҳарларидан бири бўлиб, қизиқарли бой тарихи, қадим йиллик пазандалик сирлари, жонли санъат ва маданият саҳнаси билан барчани ўзига ром қилмоқда. Туркиянинг энг машҳур метрополиси сифатида у ҳатто вақти тиғиз бўлганлар учун ҳам чексиз имкониятларни тақдим этади.

Машҳур турк нонуштаси – Истанбулда кунни бошлашнинг энг ажойиб усули. Осиё ва Европа қитъасини бирлаштирган Босфор бўғози ёки бетакрор шаҳар манзарасига эга бўлган тамаддихоналардаги ўзига хос лаззатларнинг таъмига ҳайрон қолмай илож йўқ. Турк пишлоқлари, Мармара ва Эгей денгизларининг мазали яшил ва қора зайтунлари, янги кўкатлар, асал, қўлда тайёрланган мураббо ҳамда қаймоқ, шунингдек, тухум, булғор қалампири ва помидордан тайёрланган менемен турк нонуштасининг ажралмас таомидир. Ва, албатта, симит, иссиқ нон ва лола шаклидаги стаканларда янги дамланган чойсиз турк нонуштасини тасаввур қилиб бўлмайди.

Шаҳар марказида очиқ осмон остидаги музей: Тарихий ярим орол

Тарихий ярим орол ҳам тарих, ҳам архитектура ихлосмандлари учун очиқ осмон остидаги музейга ўхшайди. Ушбу очиқ осмон остидаги музейнинг диққатга сазовор жойлари орасида улуғвор ва таърифлаб бўлмайдиган даражада гўзал Аясофя, Истанбулнинг тарихий юраги ҳисобланган ҳайратланарли Султон Аҳмед масжиди ёки Мовий масжид ва 10-12 метр чуқурликда жойлашган, бугунги кунгача сақланиб қолган қадимий ер ости сув омбори — Базилика сардобаси, шунингдек, Усмонли султонлари яшаган Топкапи саройи ва унинг боғидаги Истанбул археология музейи мавжуд. Шунингдек, бу ерда тами оғизда қоладиган машҳур Султонаҳмет кўфтеси (катлет)ни татиб кўриш мумкин бўлган бир нечта тарихий ресторанлар мавжуд.

Асрлар давомида “харид терапияси” ни тақдим этиб келаётган Капаличарши (Усти ёпиқ бозор) ҳамиша кўзни қамаштирувчи гиламлари, керамика ва кошинлари, заргарлик буюмлари ва бошқа ноёб хазиналари билан зиёратчиларнинг қалбидан жой олишга улгурди.

Шаҳарни трамвайда кашф қилишга нима етсин. Эминўну туманидаги ранг-баранг ва ароматик Миср бозорига трамвай билан бориш анчайин қулайдир. Турли хил ширинликлар ва шифобахш ўтлар, зираворлар, қуритилган мевалар ва хилма-хил турк локумлари билан иккинчи йирик бозордир. Бу ердан паром искалаларига ва Босфор бўғозигача беш дақиқалик пиёда йўлни ташкил этади. Босфор бўғозидан сеҳрли табиатнинг мўъжизалари ва бетакрор қуёш ботишини томоша қилиш унутулмас ҳиссиётлар уйғотади. Айни дамда Истанбулнинг иккала томонини кўришдек бебаҳо имконият тақдим этади.

Истанбул Мишел юлдузли ресторанларга бойдир. Истанбулнинг ноёб гастрономия саҳнасини дунёга танитишда ўз анъаналари билан фахрланадиган инновацион ва жасур ошпазларнинг ўрни беқиёсдир.

Боҳем кафелари ва санъат галереялари билан машҳур Каракўйда сайр қилиш ўзгача завқ бағишлайди. Галатапорт Истанбул ва Туркиянинг биринчи замонавий санъат музейи – Истанбул Модерн албатта ташриф буюриш керак бўлган жойлардир. Лойиҳаси италиялик архитектор Рензо Пиано томонидан ишлаб чиқилган беш қаватли Истанбул Модерн биноси санъат асаридан кам эмас. Истанбул расм ва ҳайкалтарошлик музейи эса Туркиянинг энг яхши рассомларининг кўргазмалари билан эстетик завқ улашмоқда.

Туркиянинг биринчи ва дунёдаги иккинчи энг қадимги ер ости темир йўл тизими бўлган тарихий Тунел Каракўйни Истиқлол кўчаси билан боғлайди. Поэздда Истанбулнинг энг иконик тимсолларидан бири бўлган Галата минорасига кўтарилиб, антик шаҳарнинг панорамик манзарасини томоша қилиш такрорланмас тажриба бахш этади. Истиқлол сайргоҳини айланиб асл турк халқи, муҳташам бинолар, аркадалар, катта ва кичик дўконлар, галереялар, барча мазҳабдаги черковлар ва айниқса, Ст. Антуан черковларининг ҳайбатини кўриш мумкин.

Истанбул кўча таомлари билан ҳам машҳур бўлиб, ўзига хос нафис таъмга эга. Қовурилган каштан ва маккажўхори бўлаклари, чиғаноқли дўлма, кокореч ва бошқа мазали таомларнинг хушбўй ҳиди димоғни қитиқлайди.

Истиқлол кўчасидаги Таксим майдони ва шаҳарнинг энг катта санъат биноларидан бири бўлган муҳташам Отатурк маданият маркази (АКМ) доимо маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар билан гавжум. Икки мингдан ортиқ кишини сиғдира оладиган Отатурк маданият марказининг кўркам Опера зали жаҳон даражасидаги шоу ва концертларни тақдим этади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: