2025 йилдан ЯТТни рўйхатдан ўтказмаганлик учун жаримани бекор қилиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, унда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширганлик учун жаримани бекор қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
“Тақдимотда ноқонуний текширишларнинг олдини олиш, назорат қилувчи органлар инспекторларининг малакасини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди”, — дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.
Шунингдек, фискал белгиларни рақамли белгилаш ва кўрсатиш қоидаларини бузганлик, ходимлар сонини яширганлик учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, 2025 йил 1 мартдан бошлаб низоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида тарафларнинг келишувига кўра судда иш кўриб чиқиш якунланган тақдирда давлат божини қисман қайтариш тартиби жорий этилади.
Жорий йилнинг 20 август куни президент ва тадбиркорлар ўртасида анъанавий очиқ мулоқот бўлиб ўтганди. Муҳокама қилинган муаммо ва таклифлар асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, текширишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.