Бош вазир Абдулла Арипов Хитойга борди
Жорий йилнинг 5-10 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Бошт вазир матбуот хизмати ёзмоқда.
Мазкур тадбирда фахрий меҳмон мақомида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегацияси бугун, 4 ноябрь куни Шанхайга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашув ўтказилди.
Дастлаб, Ўзбекистон томони Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга йўллаган самимий саломини етказди. Ўз навбатида, Хитой томони Си Цзиньпиннинг Давлатимиз раҳбарига эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўради.
Хитой Ўзбекистоннинг ишончли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкори экани, икки томонлама алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, муносабатларнинг бугунги даражага кўтарилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги ишончли, самимий ва дўстона муносабатлар асосий омил бўлаётгани таъкидланди.