Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (3-қисм)

Достон Алимович аввалига қотиб қолди. Уларни кузатиб турганларнинг ҳам ҳаммаси лол қолган эди. Сўнг Достон Алимович қарсак чалди ва бақирди:

— Кўрдингларми?! Тозаси шунақа бўлади! Билиб қўйинглар, бу меники, тамом!!!

Ҳа, унинг айтганича бўлди. Фақат ишнинг барини уйдагилари битиришди. Янаям тўғрироғи, Достон Алимович он ҳазратларининг ўғилларига яқинлиги барча масалага нуқта қўйди. Аввало, ҳоким жаноблари рози бўлди. Тўғри, рози бўлишга мажбур эди у. Унга айтилди. Кейин бошқалар ҳам. Зубайданинг ўзи ҳам. Аслида, Зубайда бошиданоқ кўнганди. Бироқ унинг режаси бошқача эди. Келажакда Достон Алимович унинг қўлида ўйинчоқ бўлиши керак. Бунинг учун ҳозирданоқ ҳаракат қилиш лозимлигини у жуда яхши биларди.

— Мен сенга нима дегандим? Ҳар қандай қушчани ўзимга ўргатиб оламан, ўзимники қилиб оламан, демаганмидим? — деди Достон Алимович Зубайдани қўлтиқлаб, уни уйидан олиб кетаётганида.

— Ҳа. Лекин ундай демаган эдингиз. Аммо шундай қилдингиз, сизнинг бу ишингизга беш баҳо! — дея қиқирлаб кулди Зубайда.

Достон Алимович ғўдайди. Худди шунақа қиладиган хўрозлардай атрофига қаради. Ресторандаги воқеага гувоҳ бўлганлар, шу ҳақда эшитганлар бор эди. Ана ўшаларнинг дами ичига тушиб кетди. «Ҳа-а, Достон Алимович билан тенглашиб бўлмайди», дея кўнгилларидан ўтказди улар…

Зубайда нафақат Достон Алимовичнинг, балки уйидагиларнинг ҳаммасининг кўнглидан чиқди. Бирам зукко, бирам ишбилармон эдики, кўрганларнинг ҳаммаси ҳайратдан ёқа ушлаб қоларди.

У бир ой деганда оиладаги тартибни ўзгартириб ташлади. Бировни сариқ чақага олмайдиган, ҳамма вақт кеккайиб юрадиган, кунда машинасини ўзгартирадиганларнинг бари шу бир ой ичида Зубайданинг қўлида ўйинчоқ бўлди. Албатта, олдин у эрини қўлга олди.

— Сизга ҳамма нарса мумкин. Сиз одатий турмушингизни давом эткизаверасиз. Қизлар билан юриб келган бўлсангиз, юрасиз. Ичган, чеккан бўлсангиз, уни ҳам қиласиз, яна истаган пайтингизда уйга келасиз. Менинг мутлақо қаршилигим йўқ. Аммо менинг ҳам обрўйимни қиласиз. Бировларнинг олдида устимдан кулмайсиз, қўлимдан келмайдиган, бажариб бўлмайдиган ишларни буюрмайсиз, — деди.

— Оҳ, — деди бирдан Достон Алимович, — сендай хотинни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди.

— Ҳа, шундай. Чунки мен бир ўзимман. Менга ўхшайдигани бошқа туғилмаган. Чунки мен Помирда дунёга келганман. Помирда. У ер жуда баланд. Одамлари ҳам баланд. Улар майда-чуйдаларга аралашиб, умрларини бекордан-бекорга ҳавога совуришмайди, — деди Зубайда.

— Энди сизнинг обрўйингизни янада оширишни ишлаб чиқишимиз зарур. Мен эримнинг иккинчи шахс бўлиб қолишини истамайман. У биринчи бўлиши керак. Ҳамма масалада биринчи. Одамлар фақатгина унга ҳавас қилишлари керак, — деди Зубайда эрига эркаланиб.

— Сен олтинсан. Олтин, олтин…

Достон Алимович ухлади. Ўзидан, хотинидан мамнун бўлиб ухлади. Ухлайверди, ухлайверди… Бу ёғи тонг отди… Зубайда эса шу тонгдан аввал уйғонди. Келин бола қилиши керак бўлган ҳамма ишни бажарди. Кейин эрини турткилади. «Туринг», деди. «Адажондан олдин ташқарига чиқишингиз керак», деди. Достон Алимович, сал қолса, уни бўғиб ташларди. Ахир у чарчаган. Унинг туришга мадори йўқ. Аввалги кунларда Зубайда бундай қилмаганди. Эрининг пешингача ухлашига қўйиб берганди. Энди эса у отасидан олдин ҳовлига чиқиши керак экан.

— Нимага?! — деди у ғазаб билан.

— Чунки сиз биринчи рақамли одам бўлишингиз керак. Биринчи рақамли одам ҳаммадан олдинда юриши керак. Уйқуга вақт топиб оласиз! — дея жавоб берди Зубайда бўш келмай.

— Шартми?! — деди ҳали-ҳамон ўзига келолмаётган Достон Алимович.

— Шарт. Араванинг орқа оёғи бўлгандан кўра, яшамаган афзал. Тамом!

Достон Алимович тишини тишига босди. Турди. Ювинди. Ташқарига чиқди. Ошхонага кирди. Хотини дамлаб берган аччиқ қаҳвани ичди. Ана ундан кейин отаси билан онасини кутиб олди.

Ҳамма ҳайратда.

— Сенга нима бўлди?! — дея сўради она. — Уйқунг йўқолдими, болам? Куни билан итдай изғийсан. Тиним билмайсан. Бундай одамдай ухласанг бўлмасмиди?

— Ойижон, — дея шу заҳоти орага қўшилди Зубайда, — оддий одамларгина пешингача ухлайди. Достон акамларнинг ниятлари, орзулари жуда катта, уларга эришишлари учун уйқуларидан воз кечмаса бўлмайди.

— Йўғ-э, — дея энсасини қотирди қайнона, — шунақамикан?

— Ҳа, — деб бирдан келин томонга ўтиб олди қорин қўйган Алим бобо, — қизим тўппа-тўғри гапирди. Бошқалардан олдинда юриш учун бошқалардан олдин уйғониш керак. Агар кеча тоғни толқон қилиб келган бўлса ҳам. Ўзиям, Достонбой илгари сира бунча эрта турмаган бўлса керак. Мана, бугундан эрта туришни бошлабди. Демак, бундан кейин шунга ҳаммамиз кўникишимиз керак…

Зубайданинг хаёлига бирдан қайнонани қўлга олиш керак, деган ўй келди. Кўриниб турибди, қайнотаси ундан рози. Демак, биргина қайнона ҳам унинг измида бўлса, кейин бутун оила у қаёққа бошқарса, шу ёққа кетади.

— Ойижон, минг бор узр. Мен бошқача деб ўйлабман, мени кечиринг…

Келиннинг шу гапи қайнонани дарров эритиб юборди.

Кейин у ҳамма ишга кетганида, қайнонаси билан уйда ёлғиз қолганида секин унинг ёнига чой дамлаб кирди.

— Ойижон, мен қарасам, ёшлик қилаётганга ўхшайман, шунга сизнинг ёнингизга чой баҳонасида келдим маслаҳат сўрагани, — деди.

Қайнона (дарвоқе, унинг исми Санобар эди), ўзининг айтишига қараганда, Тошкентнинг эски бойларининг авлодларидан. Бу гапни, айниқса, сўнгги пайтларда кўп гапиряпти. Достон ҳали уйланмай туриб топармон-тутармон бўлиб кетганидан кейин ким билан сўзлашиб қолса, қистириб ўтади. «Ўзимга тортган, меникиларга тортган, куни кўп бўлгур», дейди.

— Ўзи ростини айтсам, мен ҳам зерикиб ўтиргандим. Сиз эшикдан кирдингиз-у, чиройим очилди, — дея жилмайди қайнона.

Зубайда дарров чойнакни стол устига қўйди, кейин қайнонасининг ёнига ўтирди-да, уялмай-тортинмай унинг қўлини қучоқлади. Сўнг:

— Ойижон, сиз ҳам зерикасизми? — деб сўради.

— Вой, зерикканда қандоқ! Болаларим ҳали кичкиналигида зерикмасдим. Чунки зерикишга вақт тополмасдим. Кунинг кўп бўлгурларнинг ҳаммаси орқама-кетин туғилган. Учтасининг ораси бир йил. Сизга битта гапни айтайми? — дея атрофга олазарак қараб қўйди. — Адажонингиз ёмон шўх одам эдилар. Сира ҳоли-жонимга қўймасдилар. Шунинг учун болалар олдинма-кейин туғилаверишган. Мана, энди қизларнинг ҳаммаси турмушга чиқиб кетишди. Иккита ўғил уйланиб, алоҳида бўлиб кетишди. Кунинг кўп бўлгур, Достонжоннинг ўзи ёрдам берди. Энди битта катта хонадонда ёлғиз ўзимман. Яхшиямки, бахтимга сиз келдингиз, бўлмаса, ёрилиб ўлардим. Ҳа, айтганча, ўзингизнинг ишлаш режангиз йўқми?

— Ойижон, ҳали яна бир йил ўқийман-ку! — дея қиқирлаб кулди Зубайда.

— Эсим қурсин! Аслида-чи, мен сиз ҳам кетиб, яна уйда ёлғиз қоламанми, демоқчийдим.

— Менинг режаларим бор.

— Қанақа режа?

— Он ҳазратларининг оилалари билан яқинлашиш.

— Зўр-ку! Аммо Достон аллақачон яқинлашиб бўлган, қизим.

— Биламан, ойижон. Мен янада яқин бўлишимизни истайман. Мен ўғлингизнинг ҳаммадан юқорида бўлишларини истайман. Бунинг учун ҳозир ҳамма имкониятлари бор.

— Нима, сиз, Достон вақти келиб он ҳазратларининг ўринларини олишини истайсизми?

— Йўқ, асло. Биринчи бўлиш жуда оғир, ойижон. Қаранг, чақмоқ энг баланд дарахтга урилади.

— Ҳа-а, ақлингизга қойил! Мен ўзимга келин олдимми, десам, ақлли, фаросатли қиз олибман. Келажакни ўйлайдиган, эри тўғрисида қайғурадиган виждонли қиз, — дея Санобар Зубайдани қучиб пешонасидан ўпиб қўйди.

— Раҳмат, ойижон, аммо барибир тажрибам йўқ. Шу масалада ўзингиз ёрдам берасиз.

— Аввало, мен қудагинамнинг пешонасидан ўпишим керак. Эрини ҳоким қилган, қизини донишманддай ўстирган аёлни ҳар қанча кўкларга кўтарсанг арзийди.

— Ойижон, мен кўпроқ дадамнинг тарбияларини олганман. Ҳар доим дадамнинг сўзларига, қилаётган ишларига диққат билан эътибор берардим. Кейин-чи, дадамнинг лақаблари бор.

— Нима лақаб экан? — дея жилмайди Санобар.

— Помир.

— Помир? — деди ҳайратдан кўзларини катта-катта очган Санобар.

— Ҳа. Биз асли помирликлармиз-ку. Шунга одамлар орқаворатдан дадамни «Помир» деб чақиришарди. Лақаб дадамга ёқарди. Ғўдайиб қўярдилар. Чунки Помир баланд тоғ. Катта тоғ!

— Ҳимм. Яхши.

— Ойижон, ёнингизда кўп қолиб кетдим, узр. Қиладиган ишларим бўлса, ҳали анча.

— Менга қаранг, қизим, умрингизни мана шунақанги қора ишларга сарфлайверсангиз, қачон эрингизни кўкларга кўтарасиз?

— Буниям йўли бор, ойижон.

— Қанақа?

— Бир-икки миллионнинг баҳридан ўтишимиз керак.

— Ундан кейин-чи?

— Уйимизга хизматкор оламиз. Ҳамма ёқни чинни-чироқ қилиб тозалайди. Лекин овқатни ўзим қиламан. Унга, у ким бўлишидан қатъи назар, ишонмайман. Мен бўлсам, бўшаган вақтимни янада кўпроқ пул топишга, бошқа ишларга сарфлайман. Агар ўғлингизнинг ёнларида бўлсам, фойдам кўпроқ тегармиди, деб ўйлагандим.

— Барака топинг. Ростини айтсам, мен ундан ҳар доим хавотир оламан. Пули жудаям кўп. Бунинг устига, амалиям бор. Бунақа пайтда душманлариям оз бўлмайди. Кўролмайдиганлар қанча? Тўғри ўйлабсиз, қизим.

Мана шундай қилиб, Зубайда осонлик билан қайнонасини ҳам қўлга олди. Кейин ўзидан ўзи хурсанд бўлди. «Бопладим. Қойиллатдим. Энди бундан бу ёғига бу кампир мушугимни пишт деёлмайди. Дейман, деганида мен янада баландроққа чиқиб олган бўламан», дея кўнглидан ўтказди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: