Нега АҚШ халқи президентни сешанба куни сайлайди?
Бутун дунёда сайловлар ва референдумлар якшанба куни ўтказилади. Аммо анъаналарига содиқ ва консерватив америкаликлар бундан мустасно — бугун, 5 ноябр сешанба куни улар давлат раҳбарини сайлашмоқда.
«Қўшма Штатларда катта сайловлар доим сешанбага тўғри келади.»
АҚШ XIX аср ўрталарида аграр мамлакат бўлган, фермерлар сайлов участкасигача анча олис йўлни от-араваларда босиб ўтишган.
У пайтларда шанба иш куни эди, якшанбада черковга боришган, чоршанба — бозор. Биргина сешанба бўш кун эди.
Ноябрнинг илк сешанбасида президентни сайлаш ўша пайтлардан қолган анъана.
Аммо бугун ё эртага ҳам ким президент бўлганини билолмаймиз. Чунки бу Америка, сайлов тизими — ўхшаши йўқ, мураккаб ва узоқ жараён.
Декабрда сайлов эстафетасига ҳар бир штатдан овоз берувчи вакиллар — жами 538 киши қўшилади, бўлғуси президент уларнинг камида 270 та овозини тўплаши шарт. Аҳолиси сонига қараб овоз берувчи вакиллар сони штатларда ҳар хил: Калифорнияда — 54, Техасда — 40 нафар, аҳолиси кам Аляска, Вайоминг, Вермонт, Делавэр, Шимолий Дакота ва Жанубий Дакота атиги уч нафардан овоз берувчига эга.
Декабрнинг иккинчи чоршанбасидан кейинги сешанба куни — 17 декабрда ҳамма штатлар пойтахтларида ғалаба қозонган номзоднинг партияси вакиллари — юқоридаги овоз берувчи вакиллар ўзига маъқул номзодга овоз беради ва натижалар Конгресс Сенатига тақдим этилади.
Ғолиб номи 2025 йил январида эълон қилинади.