Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (6-қисм)

— Куттириб қўймадимми? — дея гўё камтарлик қилди Саъдулла.

— Асло. Аммо кутиш завқ беради.

— Гап йўқ, оғайни!

Саъдулла Достонни бағридан бўшатиб, Зубайданинг ёнига борди ва ҳеч иккиланиб ўтирмай қучоқлаб, юзидан ўпди ҳамда унинг елкасига қўлини қўйган кўйи деди:

— Достон, дидингга гап йўқ. Тўйингда бунчалик яқиндан кўрмагандим. Кўргандим, аммо ўша пайти кўзимни шира босган экан.

У шундай деб Зубайдани яна бир маротаба ўпди.

Аммо Достон лом-мим деёлмади. Гапиролмайдиям. Қаршилик қилишга истаги ҳам йўқ. Бу унинг, уларнинг одати… Энди шу нарсани Достон Саъдулланинг хотинига қилиши керак. Гулчечакни қучиши, олдинига юзидан ўпиши, кейин унинг гўзаллигини, истаралилигини ва Саъдулланинг дидини мақташи керак. Ундан сўнг у ҳам худди Саъдулла каби Гулчечакни ўпиши лозим. Аммо у бундай қилолмайди. Ҳадди сиғмайди. Мумкин ҳам эмас. Ёзилмаган қонун худди шундай. Саъдулланинг кўнгли нима тусаса, барини бажараверади. Аммо бошқалар унинг қилганларини такрорлай олишмайди.

Достон Гулчечакнинг қўлидан тутди. Саломлашди. Қўлидан ўпди.

— Миннатдорман, — деди бунга жавобан Гулчечак.

У жуда кўп йиллар чет элларда… Йўғ-э, бир умр бошқа эл, бошқа юртда юргани ва оила даврасидагина ўзбек тилида гаплашгани боис акцент билан чиройли талаффуз қилди.

Аёллар ёнма-ён, икки ўртоқ ёнма-ён ўтирди. Ташаббус Саъдуллада эди. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак-да. Айни пайтда ким ундан ўтиб гапира олади, ким ундан ўтиб, бирор нимани таклиф қила олади?..

— Биз дадиллик учун, куннинг оғирликларини енгиш учун ва энг асосийси, мана шундай хонимлар билан бир стол атрофида ўтирганимиз учун озгина-озгинадан оламиз! — деб у ўрнидан турди ва ҳамманинг олдида турган кичкинагина стаканчаларга ичкиликдан қуйди ва ҳаммани қўлига олишни ундади. Гаплари буйруқ оҳангида эди. Чунки шунга ўрганиб қолган у. Отаси ва онасидан бошқага, гарчи ўзидан эллик ёш катта бўлса-да, буйруқ оҳангида сўзлаш унга одат тусига кирган эди. Чунки ҳамма қўлини кўксига қўйиб, бошини хиёл эгиб, «буюринг» деб туради. Шундоқ экан, унинг сўзлари ҳам шу оҳангда чиқаверади-да.

Хонимлар ҳам, жаноб Достон ҳам унинг сўзлари тугар-тугамас ўринларидан туришди. Идишларини бир-бирига чўқиштиришга чоғланишди… Қадаҳлар жаранглади. Эркаклар охиригача олишди. Аёллар номига тотиниб қўйишди.

— Аммо, — деди шўр бодрингдан газак қилган Саъдулла, — дўстим, сенга ҳавасим келади. Қара, қанақа аёлни топгансан.

Унинг сўзлари Гулчечакка ёқмади. Қошини чимирди у. Бироқ унинг лабларидан бошқа сўзлар чиқди.

— Ҳа, Зубайда ўта мафтункор. Достон ака, эҳтиёт бўлинг. Гўзаллик овчилари бор. Гўзал хилқатда гўзал шира борлигини ўзингиз ҳам яхши биласиз, — деди у майин овозда. Ўша-ўша, талаффузида бузилган жойлари бор эди. Ҳали айтганимиздай, товушидаги майинлик ўша акцентли сўзларни янада ёқимли чиқаради.

— Ҳаракатдаман. Биринчи қилган ишим Зубайдани ёнимга олишим бўлди…

— Эй-й, бу шаштингдан қайт. Аёлинг билан битта… Яхшиси, заводларнинг бирортасини унга бер. Ўзи бошқарсин. Мен Зубайданинг эплашига юз фоиз кафолат бераман.

— Албатта, дўстим. Менинг ўзим ҳам худди шу хаёлда эдим. Ишонсангиз, бир кун синадим. Тўғриси, агар яна бир-икки кун борса, ҳаммага қўшиб мениям бошқара бошлайди! — деди Достон ҳаяжон билан.

— Йўғ-э, ошириб юборяптилар! — дея хижолат бўлди Зубайда.

— Ана шунинг учун оламиз. Мен ҳам Гулчечак билан баъзи масалаларда маслаҳатлашгандим, очиғини айтаман, фикрлари ўта нозик ва аниқ. Тағин битта мақсадга йўналган! Энди биз шу иккита гўзал учун кўтармасак бўлмайди! Қани, Достон, ўртоқ, нимага қараб турибсан, қуй анавилардан! — деб ҳайқирди Саъдулла.

Достон дарров ишга киришди. Дарров қадаҳларни тўлдирди. Шундан кейин жаранг-журунг бўлди. Ундан кейин Саъдулла мусиқа талаб қилди. Оғирроғидан сўради. Чунки унинг истаги бошқача эди. У Зубайданинг овози қулоқлари остида жаранглашини истарди. Бунинг учун ҳам рақсга тушишлари керак. Вальсга. У Зубайда билан рақсга тушади. Қолганлар эса жойларидан қимирламай уларни томоша қилишади. Гулчечакнинг яхшигина рашки бор. Бироқ Достон миқ этмайди. Этолмайди. Хотини эса… У ҳам секин-аста кўникиши керак. Ахир элита. Элитада бундай воқеалар тез-тез бўлиб туради. Чунки сиёсат шуни талаб қилади.

Мусиқачилар шу заҳоти унинг амрини бажо келтиришди. Саъдулла ўрнидан туриб, Зубайданинг қўлини сўради.

— Сиз билан бир рақсга тушсам, хўжайинингиз рухсат берар, — деди.

Зубайда секин эрига қаради. Эри майли, деди. Ана шундан сўнг ўрнидан турди.

У Зубайданинг нозик белидан қучди. Ўз ўрнида Зубайда Саъдулланинг елкасига қўлларини қўйди. Хиёл бошини эгди.

— Агар мен сизни Достондан олдин кўриб қолганимда, унга бермаган бўлардим, ўзимники қилиб олардим, — дея шивирлади Саъдулла Зубайданинг қулоғига.

— Алдадингиз, — деди шу заҳоти Зубайда, — сабаби сиз аллақачон уйланиб олгансиз.

— Ҳечқиси йўқ эди. Лекин сиз бошқача экансиз. Мен тўйдаёқ бу ҳақда Достонга айтганман.

— Шунақами? — дея кулди Зубайда.

— Ҳа, шундай. Яна айтаман. Билмабман. Айтганча, сиз бошда рози бўлмаган экансиз.

— Ҳа, кўнмагандим. Аммо кўндиришди.

— Нега?

— Билмадим. Менга ҳаракатчан, тиниб-тинчимайдиган эркаклар ёқади. Ўртоғингиз қандайдир эринчоқ кўринди бошида. Шунга.

— Аммо у кўп ишлайди.

— Йўқ. Кўп эмас. Унинг учун ишлашади. Омадли одам.

— Энди сиз нима қилмоқчисиз?

— Биргалашиб ишлаймиз. Энди ваъдада туриб, қандайдир заводларингизни берарсизлар.

— Гап бўлиши мумкин эмас.

— Аммо бошқа бир нарса илтимос қилсам бўладими?

— Ҳа. Сизга ҳамма нарса мумкин.

— Мен фармсаноат билан шуғулланишни истайман. Ўзимга ёқади.

— Қойил! Мен айнан шу ҳақда ўйлаб юргандим. Ахир дори-дармон биздан четда қоляпти… Яна бир нарса: шу ақлингиз учун сизни ўпишни истаяпман.

— Бу ерда эмас. Ноқулай. Хотинингиз бор. Мен сабаб ораларингизга қандайдир совуқчилик тушиб қолишини истамайман. Ундан кўра, юринг, яна озгинадан оламиз.

— Лекин менинг олдимда қарздор бўлиб қоласиз.

— Анави масаладами?

— Ҳа.

Зубайда жилмайди ва бошини қимирлатди.

Бу пайтда уларни кузатиб ўтирганлар ҳам суҳбатлашишаётганди.

— Қойил, — деди Гулчечак, — аёлингизни қизғанмас экансиз.

— Биз ёшлигимиздан европача тарбия кўрганмиз. Анави майда-чуйда нарсалардан анча баландда турамиз.

— Хотинингиз ҳақиқатан ҳам гўзал экан.

— Сиз ундан-да гўзалсиз. Мен буни айтолмаётгандим, холос.

— Раҳмат. Очиғини айтай, ўзбекчада зўрға тилим айланяпти. Баъзан кулгига қолиб кетмайин, деб гапирмайман. Чунки ўртоғингиз бир-икки марта кулди.

— Русча гаплашмайсизларми?

— О-о-о, ўзбекчани зўрға амаллайман-у, рус тилига йўл бўлсин!

— Лекин жуда тиниқ гапиряпсиз. Сизга ярашяпти. Овозингиз ўта ширали.

— Қизиқ, улар нима тўғрисида гаплашишяпти?

— Билмадим. Менимча, худди биз каби бўлса керак.

— Эй-й, — деб кулди Гулчечак, — нега бунча тез қайтишди?

Рақс тушаётганлар жойларига ўтиришди. Ўтиришларидан олдин Саъдулла Зубайданинг қўлидан ўпиб қўйди. Ҳамма замонавий, илғор одамлар каби шундай қилди. Бу улар учун жуда оддий ҳол эди.

— Зўр эканми? — дея Саъдулланинг қулоғига пичирлади Гулчечак. — Яхшигина ёпишиб рақсга тушдинглар.

— Оддий. Боши айланиб қолган. Аммо тадбиркорга ўхшайди. Фойдаланиш керак, — дея унга жавоб қилди Саъдулла. Сўнг Достонга айтмасдан қадаҳларни ўзи тўлдирди.

— Дўстим, қадрдоним, менга Зубайда ажойиб таклиф айтди ва мен уни қўлладим. Ўйлаб қарасам, у ҳақ экан. Хуллас, фармсаноатнинг эгаси чиқиб қолди.

Гулчечак қарсак чалди.

— Мен сизни табриклайман! — деди у ва ўрнидан туриб столни айланиб келди-да, Зубайданинг юзидан ўпди.

— Аммо уни баъзи бировлар қилишарди. Тағин…

Саъдулла шишани стол устига қўйди.

— Наҳотки?! Мен сени ўта сергак инсонлардан бири сифатида яхши биламан. Бизда саволлар бўлмайди. Бунисини эсингдан чиқарганингга ҳайронман. Бўлади, дедикми, бўлади! Шундайми, хоним? — деб Саъдулла Гулчечакка юзланди.

— Албатта, мен ҳатто дугонамга… Ўйлайманки, бундан кейин биз Зубайда билан қалин дўст бўламиз: худди сизлар каби… Хўш, айтмоқчи бўлганим, мен дугонамга хориждан шериклар, ҳамкорлар топиб бераман. Улар жон деб маҳсулотларини беришади.

— Буниси янада зўр! — деди Достон.

Қадаҳлар яна бир бора бир-бири билан тўқнашди. Давра қизигандан-қизиди. Гулчечак Зубайдани суҳбатга тортган бўлса, Саъдулла Достон билан гаплашар эди. Гаплари бетайин эди. Ўтган йилги айшу ишратлари эсланаётганди. Аслида, гапириладиган бошқа гапнинг ўзи йўқ эди-да. Кейин яна чет элга борганликлари, қорамағизлар билан гап талашиб қолишгани ҳам ёдга олинди. Бу орада қадаҳлар қайта-қайта тўлдирилар эди.

— Кўп бўлиб кетди. Эртага отангиз билан кўришишингиз керак, — дея орада Гулчечак унинг қулоғига пичирлади.

— Пешиндан кейин. Жаноби олийлари соат ўнгача ухлайди. Сабаби ишдан жуда кеч қайтади. Қироличани эса ўзингиз алдаб турасиз, хоним. Бугун очилдим. Анчадан бери қандайдир бир туман ичида юргандай эдим. Бугун ўша туман тарқагандай бўлди. Дўстлар давраси, барибир, бошқача-да.

Гулчечак унга бошқа гапирмади. «Майли, яйраса яйрасин. Аслида, яйрамайдиган кунининг ўзи йўқ. Бу бечорагаям қийин. Ҳамиша отасининг соясида юради. Агар бирор кун отасига бир нарса бўлиб қолса борми, аниқ офтоб уришидан ўлади», дея кўнглидан ўтказди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: