Тўқаев ТДТ телеканалларини ўзаро эфирга узатишни таклиф қилди
Туркий дунё учун ягона ахборот маконини яратиш мақсадида кабель телеканалларини ўзаро эфирга узатиш таклиф қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 6 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида сўз очди.
Тўқаевнинг қайд этишича, ташкилот доирасида савдо-иқтисодий, энергетика, молия ва инвестиция соҳаларида алоқалар йўлга қўйилган.
“Туркий инвестиция фондининг самарали фаолияти туркий давлатлар ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштиришга ёрдам берувчи самарали қадам бўлди, деб ҳисоблайман. Қирғизистонлик биродарларимиз томонидан илгари сурилган “Туркий дунёни мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” мавзуси барча аъзо давлатлар манфаатларига жавоб беради”, деди у.
Билдирилишича, сўнгги 10 йил ичида ТДТ аъзолари ўртасидаги иқтисодий алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланган. Хусусан, 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми 45 миллиард доллардан ошган ва бу кўрсаткични ошириш учун барча имкониятлар мавжуд.
Бундан ташқари, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида транспорт-логистика алоқаларини мустаҳкамлаш устувор вазифа ҳисобланади.
“Туркий дунёнинг келажакдаги иқтисодий ривожланиши учун стратегик аҳамиятга эга бўлган “Ўрта йўлак” потенциалидан тўлиқ фойдаланиш керак. Шу боис, бу йўналишдаги юк ташишнинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган битим тузиш зарурати мавжуд. Умид қиламанки, иштирокчи давлатлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди”, деди Тўқаев.
Нутқи давомида у молия ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги ҳам таъкидлаган. Қозоғистон раҳбарининг фикрича, бу борада Туркий инвестиция фонди муҳим роль ўйнаши мумкин. У марказий банклар кенгашини тузиш ташаббуси барча томонлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланганини ҳам маълум қилди.
Қозоғистон Президенти инсон капиталини ривожлантиришнинг аҳамиятига ҳам эътибор қаратди. Тўқаевга кўра, Туркий цивилизацияни модернизация қилиш учун инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш ва иқтидорли ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш имкониятларини яратиш зарур. Шунингдек, илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ҳам кенгайтириш керак.
“Ўтган йилги саммитда мамлакатларимизда нуфузли олий ўқув юртлари филиалларини очиш таклифлари билдирилган эди. Натижада Туркиянинг Гази университети филиали Қозоғистонда ташкил этилди”, деди у.
Бундан ташқари, Қозоғистон етакчиси “Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида”ги битимнинг имзоланиши ТДТ давлатлари учун муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, у туркий дунё учун ягона ахборот маконини яратиш мақсадида кабель телеканалларини ўзаро эфирга узатишни ташкил қилишни таклиф қилди.
Ўз нутқи якунида Тўқаев бугунги саммит доирасида эришилган келишувлар ташкилотга аъзо давлатларнинг потенциалини мустаҳкамлашига ишонч билдирди ва 2025 йилда ТДТга раислик қилувчи Қирғизистонга муваффақият тилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу саммитда туркий давлатларнинг умумий алифбоси нақадар муҳимлиги ҳақида сўз юритган эди. Унинг таъкидлашича, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ва ишларни кучайтириш керак.