Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (7-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (7-қисм)

Саъдулла кўнгли тусаган ишни ўша пайтнинг ўзидаёқ бажаришга ўрганиб қолганди. Ҳозир эса вазият бироз нозикроқ. Ҳар қалай, Достон билан ўрталарида дўстлик бор. Албатта, ундан қўрқмайди. Қолаверса, Достон унинг орқасидан кеккайиб, ғўдайиб, бой бўлиб юрганини ҳам яхши билади. Достон унча-мунча нарсаларга унинг учун кўз юмади. Бироқ бу масала анча нозик. Нозикки, Гулчечак ҳам шу ерда ўтирибди. Аслида, Саъдулланинг анча аввал кўнгли кетганди. Аввалки, Достоннинг тўйида. У Зубайдани кўрган заҳоти ҳушидан айрилаёзди. «Бунчалар гўзал!» деди. «Нега Достон? Нега мен эмас?» деди… Бироқ ўшанда тишини тишига босди. Бунга отаси сабабчи бўлди. Отаси унга зудлик билан Токиога учишни амр этганди. Тўй унинг учишидан бор-йўғи ярим соат олдин бошланганди. Бу ерда-ку, самолётни бемалол куттириб қўйиши мумкин. Бироқ Японияда нозик одамлар кутиб туришибди. Улар жудаям нозик одамлар. Ҳатто унинг отасини ҳам бир тийинга олишмайди. Агар кечга қолса, отаси нақ унинг калласини олиб ташлаши мумкин эди. Бошқача айтганда, унинг Токиога учиши ҳаёт-мамот масаласи эди. Шу боис тўйда узоқ ўтиролмади. Келди. Келин-куёвни табриклади. Келиннинг гўзаллигидан ҳуши бошидан учди. Кейин бир-икки қадаҳ анавиндан тез-тез ичди-да, аэропортга жўнади… Ҳозир эса вақти бемалол. Энди мана шундай бемалол вақтдан у фойдалана олмаяпти.

— Синаб кўрдингми? — дея шивирлади у Достоннинг қулоғига.

— Кимни? — деди Достон тушунмай.

— Кимни бўларди, хотинингни-да.

— Менимча, ёмон эмас.

— Мен сенга унинг кўринишини айтмаяпман. Кўриниши… Унинг тенги йўқ. Аммо ичи қандай экан? Унга ишонса бўлармикан? Унга баъзи сирларимизни айтсак, эрта бир кун бутун дунёга жар солмасмикан?

— Йўқ. Бемалол. Ҳеч кимга ҳеч қанақа сирни очмайди.

— Тушунарли унда. Ҳали айтганимдай, эртагаёқ ишга киришасизлар. Яна битта тармоқни очиб қўямиз. Бир ҳафтада ҳамма ишлар жойига тушиши керак. Пулларнинг ҳаммасини чет элга ўтказиб юборамиз. Тамом.

— Бўлди, дўстим. Киришади ишга… Энди озгинадан оламиз.

Иккисининг ҳам кайфи анча ошиб қолган эди. Эҳтимол. Ҳа, худди шундай. Агар Саъдулла ичмаган бўлганида, бундай қилмаган бўларди. Аммо ҳозир уни шайтон ёмон кўтараётганди…

— Мен ҳозир, — деди у ва қўлини чайиб келиш баҳонасида ҳожатхона томонга юрди. Албатта, бундай пайтда ҳар доим уларни қўриқчилар кузатиб боришади. Ҳар сафар Саъдулла уларга мутлақо қарамасди ҳам. Бироқ ҳозир қўриқчилар унга жудаям керак эди.

Саъдулла ишини битирганидан кейин эшик ёнида турган қўриқчилардан биттасига:

— Кеннайинг билан Достон ўтирган жойларида ухлаб қолишни жудаям исташяпти. Ёрдам бериш қўлларингдан келмайдими? — деди кўзларини олайтириб.

— Албатта, келади. Ҳозирми?

— Ярим соат ўтиб кетди. Яна битта шиша бор эди. Қирқ йиллик «видержка».

— Тушундим.

Саъдулла унинг елкасига қоқиб қўйди ва «дўстлар»ининг ёнига кетди.

Борганида Гулчечак уни ўпиб қўйди. Оддийликдан мураккаброқ қилиб. Илло, у эрининг хатти-ҳаракатларидан баъзи бир нарсаларни сезгандай эди. Зубайда эса кулиб қўйди.

Ўша шиша келтирилди. Саъдулла уни обдан мақтади… Официантлар… Аслида, улар қўриқчилар эди. Бу ерда ҳозир бирорта ҳам рестораннинг ишчиси йўқ эди. Саъдулла хотини билан келганидан кейин уларнинг ҳаммасига жавоб берилганди…

Гулчечак ичди. Достон ичди. Саъдулла билан Зубайда ҳам ичди. Бироқ гўё битта шишадан қуйилган суюқлик асли бошқа-бошқа эди. «Хизматчилар» чаққонлик билан уларнинг қадаҳларидагиларни алмаштириб қўйишганди.

Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, Гулчечак билан Достон ухлаб қолди. Саъдулла эса ўрнидан турди. Зубайданинг қўлидан тутди. «Бошқатдан рақсга тушамиз», деди. Зубайда эътироз билдирмади…

Чўчқа гўшти. Ҳа, шуни Достоннинг уйидагилари кўп ейишган. Мария Николаевна сабаб Саъдулла ҳам обдан мазасини тотган. Аммо ҳозир у емайди. Он ҳазратлари рухсат бермай қўйган. Ўзи илгари ҳам он ҳазратлари бундай гўштдан мумкин қадар сақланарди. Аммо Мария Николаевна унга ҳам ўтказишнинг уддасидан чиққан. Ўзи Мария Николаевнани баъзилар жуҳуд дейишади. Бироқ унинг паспортида «рус» деган ёзув турибди… Кейинчалик он ҳазратларининг ейдиган овқатлари қаттиқ назоратга олинди ва умуман чўчқа гўшти қўшилмайдиган бўлди. Агар Мария Николаевна истаганида қўшарди, едирарди. Шунчаки унинг ўзида хоҳиш бўлмади. Достоннинг уйида эса ҳали-ҳамон чўчқа гўшти ейиш давом этаётганди. Бу дегани шу хонадоннинг эркаклари аёлларини қизғанмай қўйишганди. Уларнинг кўз ўнгида аёлларини бегоналар қучиши, юзидан ўпиб қўйиши ва ҳаттоки ўпишни ҳаддан ошириши оддий ҳолга айланиб қолганди. Ҳатто ғурурланишарди. «Демак, менинг хотиним шунақанги зўр эканки, мендан бошқалар ҳам ўпяпти. Омадли одам эканман», дейишарди ичида. Ҳозир Достон ухлаб қолган. Агар уйғоқ бўлганида ҳам, Саъдулла Зубайдани қучиб, эҳтиросга берилиб шакаргуфторлик қилаётганига гувоҳ бўлганида ҳам бир туки қилт этмасди.

Зубайда яна пишиқ-пухталик қилди. Тўла-тўкис инон-ихтиёрини Саъдуллага топшириб қўймади. «Оч бўлса келади, тўқ бўлса тепади», деган мақолни кашф қилиб олганди у…

Орадан бир соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин ухлаб қолганлар уйғотилди. Саъдулла билан Зубайда ҳам худди энди уйғонганга ўхшашарди.

— Энди кетамиз, — деди Саъдулла, — эртага ҳисоботдан ўтишим керак. Омон-эсон.

Бу ерда унинг гапи — гап, сўзи — сўз.

Ҳар ким ўзининг машинасида кетди. Ҳайдовчи бошқариб кетаётган машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган Достон Зубайданинг елкасига қўлини қўйди.

— Дам олиш қалай бўлди? — дея сўради иржайиб.

— Зўр, — деди Зубайда ва эрининг кўксига бошини қўйди, хаёлидан Саъдуллани ўтказди, унинг хатти-ҳаракатларини кўз олдига келтирди. «Бироз қўполлиги бор», дея ўйлади. Сўнг: — Фақат чарчадим. Жудаям!.. — деди эрига.

— Унисини гапирма. Фақат эртага мени тонг саҳардан уйғотмайсан, — деб Достон унинг бошига бошини қўйди.

— Хў-ў-п…

Улар салкам пешингача ухлашди. Қайнона уйғотмади. Қайнотанинг иши бўлмади. Ўзаро суҳбатларида эса: «Улар кеча жуда кеч қайтишди. Майли, ухлашсин», дейишди.

Шу кундан Зубайданинг ошиғи олчи бўла бошлади. Фирма очилди. Бирдан ишни бошлаб юборди. Бир куннинг ўзида бир нечта шартномалар имзоланди. Буни қарангки, шу очилган куннинг ўзидаёқ унинг ҳисобига пул келиб тушди.

У уйига қайтар чоғида энг қиммат, энг катта тортни сотиб олди.

— Ойижон! — деди эшикдан кириб келиши билан. — Мени табрикланг. Мен қушдай учяпман. Менинг омадим келиб қолди. Бугуннинг ўзидаёқ битта «Мерс»нинг пулини ишлаб топдим.

Қайнонага бунақанги пуллар чўт эмасди. Бунақа пуллардан қанчаси сейфда ишлатилмай ётибди. Аммо у хурсанд бўлди. Чаққонгина, пишиққина, пухтагина келини яна омадлигина ҳам чиқиб қолди. Биринчи куннинг ўзидаёқ битта «Мерс» топган бўлса, бир ойда қанча пул топади у?

— Айланиб кетай! Зўр бўлибди! Достон қани?! — деди Санобар кўзлари ёниб.

— Биз чет эл компаниялари билан ҳам шартнома қилмоқчимиз. Шунга озроқ ҳужжатлар масаласи бор экан. «Шуларни ҳал қилиб бораман», дедилар. Аслида, ҳаммасини ҳуқуқшуносларнинг ўзлари тўғрилаб қўйишади. Аммо ҳамкорлар шахсан ўзлари билан гаплашишлари керак экан. Шунга бироз ушланиб қолдилар. Мен уйга келгунимча гаплашдим, — дея жавоб қилди Зубайда.

— Унда дарров уйга киринг, кийимларингизни алмаштириб чиқинг. Бу хизматкорингиз жуда алламбало экан. ўалати-ғалати овқатлар қиляпти. Шу пайтгача дунёнинг манаман деган овқатларини еганман, лекин мен кўрмаганларимни тайёрлаяпти бу. Ҳозир адажонингиз ҳам чиқади. Биргалашиб бир овқатланайлик. Бўлинг тез, хоним.

Зубайда, ҳали айтганимиздай, анча эркин бўлиб қолганди. Шу боисдан ҳам сира тортинмай, сира уялмай калта кўйлагини кийиб олди. «Қайнотам бўлади. Ундан бироз уялайин», демади. Дарров ташқарига чиқди. Қайнонаси унга суқланиб қаради.

— Биров эшитмасин-у, аммо илгари мен замонавий қизни келин қилишни орзу қилардим. Сиз худди кўнглимдагидай, ҳатто ортиқ бўлдингиз, — дея у Зубайдани мақтади.

Зубайда қиқирлаб кулди ва Санобарнинг юзидан ўпиб қўйди.

Сал туриб қайнота ҳам чиқди. У Зубайдага эътибор қаратди. Бироқ юқорида айтилганидай, чўчқа гўштини йиллар мобайнида еб келгани боис ғаши келмади. Қайтага, унинг ўзида бир нималар уйғондики, кўзининг ости билан киши билмас суқланиб қўйди. Ҳатто тамшанди ҳам. Санобар унга Зубайдадан эшитганларини оқизмай-томизмай сўзлаб берди.

— Байрам… Байрам қилиш керак. Мен жуда катта ютуқларнинг ҳидини сезяпман. Демак, бошланишига… Мен анави бўйнинг узилгурдан олиб келаман, — деб ўрнидан турди у.

— Адажон, қўяверинг, ўзим югуриб бориб…

— Шошманг, хоним. Мен қўйган жойдан фақат ўзим олишим керак. Унча-мунчамас у! 1983 йилда чиққан. Менимча, дунёда мендан бўлак ҳеч кимда бўлмаса керак, — деб Алим чол секин уйи томонга кета бошлади.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: