Ер юзининг энг гўзал аёли аниқланди

Ер юзининг энг гўзал аёли аниқланди

Австралиялик модель Жессика Лейн “Miss Earth” (Ер гўзали) танловида ғолиб бўлди. Бу ҳақда танловнинг You Tube каналида хабар берилди.

Қайд этилишича, танловда 76 мамлакат вакилалари иштирок этган. Финал босқичида турли йўналиш учун бир нафардан ғолиба танланган. Бироқ энг нуфузли мақом – “Miss Earth” (Ер гўзали) ҳисобланади ва ушбу унвонга австралиялик 21 ёшли Жессика Лейн сазовор бўлган. АҚШ вакиласи “Miss Earth-Water” (Мисс Сув) унвонини олган, исландиялик иштирокчи “Miss Earth-Air” (Мисс Ҳаво) деб топилган ва Перу вакиласи “Miss Earth-Fire ” (Мисс Олов) унвонига лойиқ кўрилган.

Маълум бўлишича, Австралия учун бу биринчи ғалаба ҳисобланади. Уни қўлга киритган Жессика Лейн Саншайн-Коэст университетида журналистика ва адабий ижод йўналишларида таҳсил олади.

Маълумот учун, “Miss Earth” – бу дунёдаги энг нуфузли халқаро гўзаллик танловларидан бири бўлиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва экологик муаммолар ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган. Танловга 2001 йил Филиппинда асос солинган ва ҳозирда ҳар йили ўтказилади. “Miss Earth” танлови фақат гўзаллик ва иқтидорга эътибор қаратмай, балки иштирокчиларнинг атроф-муҳитни асраш бўйича ғоялари ва ташаббусларига ҳам катта аҳамият беради.

Танловда иштирокчилар одатда ўз мамлакатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар билан вакиллик қилади. Ғолиба ва финалчи иштирокчилар кўпинча табиатни асраш, экологияни ҳимоя қилиш, яшил энергия ва барқарор ривожланиш бўйича глобал кампанияларда иштирок этади.

 

Танловнинг асосий унвонлари:

 

“Miss Earth” – бош ғолиба, энг нуфузли унвон.

“Miss Earth-Air” – иккинчи ўрин ғолибаси.

“Miss Earth-Water” – учинчи ўрин ғолибаси.

“Miss Earth-Fire” – тўртинчи ўрин ғолибаси.

Бу тўрт унвон танловнинг асосий унсурларини (ер, ҳаво, сув, олов) акс эттиради ва табиатни ҳимоя қилишнинг аҳамиятини ифодалайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: