Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (10-қисм)
Тафсилот шарт эмас. Бир сўз билан айтганда, ёввойилик. Бири келажаги ташвишида шундай қилган бўлса, иккинчиси нафснинг қули эди. Бири дўстига, иккинчиси эрига хиёнат қилган эди. Фарқи, Зубайда анча пишиқлик қилди. Баъзи бир сирларни бошлади-ю, охирига етказмади. Токи Саъдулла билан иккисининг орасидаги ип узилмасин. Ўшанда у яна битта ишини битирди. Саъдулладан Мария Николаевна билан учраштириб қўйишни сўради. Шундай сўрадики, тугун кўринмай кетди. «Алпқомат, бақувват, ақлли, ишбилармон одамнинг онасини кўришни, у билан суҳбат қилишни истайман», деди. Аслида эса мақсад бошқа эди…
Ишхонасига кириб ўтирмади. Тўғри уйига кетди. Аниқроғи, ишхонаси ёнида тушириб қолдирилганидан кейин (ҳали кун адоғига етмаганди) ўзининг машинасига ўтирди-ю, ҳайдаб кетди.
Ҳа, айтиш эсдан чиқибди. У болалигидан машина ҳайдашни биларди. Отаси ўргатиб қўйганди. Яқинда эса, бундан роппа-роса икки кун аввал «Шкода» олди. Пушти рангидан. Эри буюртма қилдириб, олиб келтирди. Ҳали Зубайда уни миниб тўйганича йўқ. Мингани сайин мингиси келади. Аммо қаерга боришни билмайди. Бунинг устига, вақт ҳам тиғиз…
Уйда, одатдагидай, қайнонаси кутиб олди.
— Рангингиз бугун сал оқарибди. Тинчликми? — деб сўради. Шу заҳоти Зубайданинг кўз ўнгида Саъдулла билан ўтказган «машмаша»лари гавдаланди. Дарров уни ҳайдаб солди.
— Билмадим, — деди ўзини гўлликка солиб.
— Сизга неча марта айтаман, камроқ ишланг деб. Энди киринг-у, ётиб бироз дамингизни олинг.
— Хўп бўлади, — дея жилмайди Зубайда ичида хурсанд бўлиб ва дарров хонасига кириб кетди. Кирибоқ кийимларини ечмасдан ўзини каравотга ташлади. Бир муддат юзини ёстиққа босиб ётди. Сўнг чалқанча ётиб олди. Унинг юзида табассум бор эди. Чунки кундан-кунга юқорилаб кетяпти. Худди ўзи ўйлаганидай. Агар макр-ҳийлаларини шу тарзда ишлатишда давом этса, ҳализамон мутлақо юқорилаб кетиши мумкин.
«Ишқилиб, хатога йўл қўймайин. Битта хато ҳаммасини барбод қилиб юбориши мумкин. Хокисорликни давом эттириш керак. Токи узоқ муддат… Ҳаттоки умримнинг охиригача роҳатда яшашим учун», дея ўйлади ва кўзларини юмди. Бироқ ухлай олмади. Сабаби эри қўнғироқ қилиб қолди. Олдинига юзи бужмайди. «Ҳозир сен билан умуман гаплашишни истамайман», деб ўйлади. Бироқ сал ўтар-ўтмас тусини ўзгартирди. Телефонини ёқди.
— Арслоним! — деди эркаланиб.
— Оҳ, шу бир оғиз сўзинг учун жонимни бераман. Лекин ҳозир сен тезда етиб келишинг керак. Анави мен сенга айтган «эшон» бор-ку, шу билан учрашувим бор. Сенинг келишингни айтиб қўйдим. Буни қара, хотиним дейишим билан у ҳам хотинини олиб келадиган бўлди. Олтинчи хотинини!..
— Нима?! Олтинчи хотин?! — дея ўрнидан туриб кетди Зубайда. — Бирига, иккисига, ана боринг, уч-тўртига ҳам чидаш мумкиндир. Аммо олтинчи хотин…
— Эй-й, нима фарқи бор. У қайси шаҳарга борса, битта хотин олади. Пули ачиб ётибди-да. Хуллас, ярим соатда ресторанга етиб кел. Анави Саъдулла билан ўтирган ресторанимизга.
— Хўп, лекин ёмон чарчаганман. Ҳеч нимага ҳолим йўқ. Ҳозир ётгандим.
— Кўп ўтирмаймиз. Кўрасан. Тамом. Озгина еб-ичамиз. Кейин уйга қайтамиз. Машинангда келавер. Мени ҳайдовчи ташлаб қўяди. Бўпти.
Достон телефонини ўчирди. Зубайда эса пешонасига урди. Сира ўрнидан тургиси келмади. Аммо роса ҳаракат қилиб, охири турди. Чунки шунга мажбур эди-да…
Ортиқча бўянмади. Бироқ мана шунақанги учрашувлар учун олинган кўйлагини кийди. Пуштисини. Машинасига мос бўлсин, деди-да. Оёқ кийимниям шунақасини кийди. Умуман олганда, унинг пушти рангдаги кийимлари кўп эди…
Эшик ортида қайнонага дуч келди. Яна қайнона ҳайратланди:
— Ўзи яқингинада келдингиз. Яна қаерга кетяпсиз? — деб сўради.
— Ўғлингиз учрашув бор, дедилар. Бормасам бўлмаскан. Роса чарчагандим. Айтдим. Аммо кўнмадилар, келмасанг бўлмайди, дедилар, — дея жавоб қилди Зубайда.
— Бу Достоннинг сира иши битмаскан-да. Иш бўлса, ўзи битираверсин эди. Сизни нима қилади овора қилиб? — деди қайнона норози бўлиб.
— Билмадим, ойижон. Аммо гапларини икки қилолмайман.
— Бир ҳисобдан шуниси ҳам яхши. Сиз бирга бўлсангиз, менинг кўнглим хотиржам бўлади. Йўқса, у ким-кимлар билан гаплашиб юради. Майли, бора қолинг. Аммо тезроқ қайтинг.
— Хўп, — деди маккора ва қайнонасининг юзидан ўпиб қўйди, — зерикмасдан ўтиринг. Бўлмаса, адажонга айтаман…
Унинг сўзларидан Санобар яна кайф қилди. Қиқирлаб кулди.
Достон «эшон»дан заррача бўлсин қўрқмас эди. Чунки у он ҳазратларининг эркатойининг энг яқин дўсти. Агар «эшон» сал ўзини у ёқдан бу ёққа ташласа, битта қўнғироқ билан ковушини тўғрилаб қўяди. У бошқа нарсадан — «эшон» унинг ўзини айбдор қилиб, Саъдуллага айтолмайдиган қилиб қўйишидан қўрқади. Чунки эшитишига қараганда, «эшон» деганлари ўта маккор, тулки одам. Унча-мунча манаман деганларининг тагига похол тўшаб кета олади. Бунинг устига, нақ тўртта тилни билади, ўзининг ва хитой тилини билишидан ташқари, албатта. Достон обдан унинг орқасини суриштирди. Туркияда, Иорданияда, Чехияда беш-олтиталаб одамларни чув туширган экан. Қизиғи, ўзи ҳамиша оппоқ бўлиб чиққан. Бундай одам билан ишлаш жуда нозик. Аммо ишламасдан ҳам бўлмас экан. «Эшон» уни ўзига ипсиз боғлаб олган. Роса ўзига, ишига қизиқтириб қўйган. Достон турса ҳам, ўтирса ҳам кўз ўнгидан қоплаб долларлар, тахланиб турган тиллолар ўтаверади. У ёғи Дубай, Лондон, Истанбул шаҳарларида виллалар. Дунёнинг манаман деган бойларининг давраларидаги ўтиришлар… Шунинг учун ҳам у «эшон» билан ишлашга рози бўлди. Аниқроғи, аввалига рози бўлди, кейин истади. Ўзи қўнғироқ қилди. Кел, деди. Кўришайлик, чақчақлашайлик, деди… «Эшон» бажонидил рози бўлди.
Достон Саъдулладан бошқа одам билан бирор жойда кўришишни келишиб олса, албатта, кеч борарди. Камида беш дақиқага. «Кутсин. Кимлигимни билсин», дерди. Аммо бугун ундай қилолмади. Эртароқ борди. Ресторан одам билан гавжум экан.
— Бизга, — деди уни кутиб олган ресторан эгасига, — чеккадан алоҳида хона қил. Тинч бўлсин. Шовқин эшитилмасин.
— Бор шундай хона. Юринг, олиб бораман, — дея ресторан хўжайини икки букилиб йўл бошлади.
Иккинчи қават. Тўрдаги хона. Ҳаммаси зўр. Стуллар ўрнига диванлар қўйилган. Кейин қандайдир одамнинг руҳини кўтарувчи атир ҳам сепилган.
Достон кирди-ю, ўзини диванга ташлади. Чўнтагидан чеккилигини олиб столнинг устига қўйди. Кейин тавозе билан қараб турган ресторан эгасига:
— Мен ҳеч нарсани буюртма қилмайман. Ҳаммасини ўзинг олиб келасан. Столнинг устини тўлдирасан. Шундай тўлдиргинки, зўр бўлсин. Меҳмонлар келгунича эса менга анавиндан икки юз грамм олиб кел. Фақат тезроқ бўл, — деди.
Аллақачон ҳамма нарса тайёр экан. Достон битта чеккиликни ярмига етказмасидан у айтган икки юз грамм ва шўр бодринг келтириб, унинг олдига қўйиб кетишди. Достон хурсанд бўлди. «Қойилман, — дея кўнглидан ўтказди, — гапинг оғзингдан чиқмасдан муҳайё қилишади…»
У ширакайф бўлди. Ястаниб ўтирди. Қулочини кенг ёзди. Бошини деворга қўйди. Кўзларини юмди. Чарчаганини ҳис этди. Ахир бугун озмунча жойга бордими? Не-не одамлар билан гаплашди. Анави янги машиналар олиб келиш таклифи билан келган одамни эса қувиб солди.
— Хитойдан арзон машиналарни олиб келиб, бу ердагиларни синдирайлик. Ҳар битта машинадан ўлдим деганда беш минг кўкидан қолади. Сиз растаможкани олдириб ташласангиз бўлди, — дейди у.
Достон уни бирдан сўкди. Чангитиб сўкди. Ахир машина кимга тегишли, ким унинг орқасидан «соққа» қиляпти? «Бу ялангоёқлар менинг изимдан тушишганга ўхшайди. Атайлабдан мени жарлик томонга бошлашяпти. Мабодо мен аҳмоқлик қилиб шу ишга аралашсам борми?.. Думалаб кетганимдан кейин роса устимдан кулишса керак. Беш мингдан қолармиш. Мен бир кунда ўша беш мингдан қанчасини топаман!» дея ўйлади у. Кейин: «Наҳотки ортимдан тушишган бўлишса», дея ҳадиксираб ҳам қўйди. Кейин дўстини кўнглидан ўтказди. У бор экан, биров унинг мушугини пишт дея олмайди. Шундай-ку-я, лекин қилиб юрган ишлари шахсан он ҳазратларининг қулоқларига эшитилиб қолса ва у ғазаб отига минса, Саъдулла ҳам ҳеч вақо қила олмайди…
Омборга, заводга, минг гектарлик боққа боргани уни унчалик ҳам чарчатмади. Айнан шу — унинг ёнига келиб, бемаза таклиф беришгани тинкасини қуритди. Тўғрироғи, унинг ўйи…
Мана, ҳозир майда-майда ютиш баробарида кўзини юмиб ўтираркан, ўша воқеа хаёлидан ўтяпти…
— Арслоннинг ўзлари ёлғиз-ку!..
Достон Зубайданинг овозини эшитиши билан кўзини очди. Иржайди.
— Ҳозирча, — деди ўтирган жойида ва хотинини қўллари билан бағрига чорлади.
Зубайда ўтириши билан уни ўпиб қўйди. Шу ўпиш асносида у яна бир марта Саъдуллани хаёлидан ўтказди.
«Нима бало, севиб қолдимми? Нега у ҳақда кўп ўйлаяпман? Эримдан кучли эмас экан. Ичавериб, чекавериб, турли-туманига боравериб, ўзини адо қилибди. Бироқ негадир, барибир, ўзига тортяпти», дея ўйлади. Сўнг эрига:
— Қани меҳмонлар? — деди.
Достон эринибгина билагидаги соатига қаради. Кейин:
— Ҳали йигирма дақиқача бор келишларига, — дея жавоб қилди.
— Муҳим учрашув экан, нега унда ичяпсиз? — деб сўради Зубайда.
— Бошим ғовлаб кетди. Бугун иш оғир бўлди.
— Камроқ ишланг, тил билан ишларни битиринг, деб айтаман-ку сизга.
— Шундай. Жуда бориб кетмон чопаётганим йўқ. Аммо бир хил ишларни ўзим қилмасам бўлмайди. Айниқса, пулларни чўнтакка солишни бировга ишониб бўларканми? — дея ҳиринглаб кулди Достон.
— Унда, хўжайин, кўп-кўп чарчанг. Чарчоғингизни ўзим ёзиб қўяман. Лекин, барибир, айтишингизга қараганда, «эшон» деганлари ўта пухта экан. Ундай одам билан гаплашаётганингизда тетик бўлишингиз керак.
— Мен ҳам шу тетиклик учун олдим-да. Сен ҳам элликдан ташлаб ол.
— Майли. Сиз чарчаган бўлсангиз, мен сиздан кўпроқ чарчадим, — дея мийиғида кулди ва яна қандай чарчаганини хаёлидан ўтказиб қўйди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)