“Келгуси Олимпиадагача яна 4 йил вақтимиз бор, ҳозир озгина таътилдамиз” — Диёра Келдиёрова

“Келгуси Олимпиадагача яна 4 йил вақтимиз бор, ҳозир озгина таътилдамиз” — Диёра Келдиёрова

Дзюдо бўйича Париж—2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Диёра Келдиёрова айни вақтда жароҳатларини даволамоқда. Бу ҳақда унинг ўзи МОҚ матбуот хизматига берган интервьюсида айтиб ўтди.

 

Келдиёрова уни қачон татамида кўришлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ҳозир жароҳатларини даволаётганини айтди.

 

“Шунинг учун аниқ билмайман. Келгуси Олимпиадагача яна 4 йил вақтимиз бор. Шунинг учун ҳам ҳозир озгина таътилдамиз. Ўтган Олимпиадада COVID-19 пандемияси бўлгани учун Париж—2024 цикли қисқароқ бўлди. Сўнгги 7 йил умуман дам олмадик, десам ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам ҳозир ҳордиқ чиқаряпман ва шу пайтгача безовта қилган барча жароҳатларимни тузатяпмиз”, деган Олимпиада чемпиони.

 

Диёра Келдиёрованинг айтишича, Янги Олимпиада циклида вазн тоифасини ўзгартирмаслигини айтди.

 

Дзюдочи ушбу соҳага кириб келаётган ёш қизлар сезиларли даражада кўпайиб бораётгани ҳақида шундай деди:

 

“Албатта, бундан жуда хурсандман. Тўғриси, дзюдога келаётган қизлар бунчалик кўпайишини кутмаган эдим. Ўзбекистонда аёллар спортини ривожланиши учун озгина бўлса ҳам ҳисса қўшган бўлсам, жуда ҳам хурсандман. Бунинг ортидан опа-сингилларимиз соғлом турмуш тарзини танлашяпти. Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Бу, албатта, профессионал спортда ҳам мевасини кўрсатади. Бизда (аёллар дзюдосида) рақобат унчалик ҳам кучаймаганди. Чунки аввал дзюдочи қизлар сони кам эди. Ўйлайманки, яқин даврда рақобатни бугунгидан ҳам кучайтирамиз. Ҳар бир вазнда етакчиликка даъвогарларни 10 тага етказиб олсак, бу аёллар дзюдосида жуда катта кўтарилиш бўлади”, деган Диёра Келдиёрова.

 

Маълумот учун Диёра Келдиёрова Парижда бўлиб ўтган Олимпиадада япониялик Абени мағлубиятга учратиб дзюдо оламида шов-шув кўтарган эди.

 

Олтин медални қўлга киритган Диёра Tahoe автомобили, 200 минг АҚШ доллари ва коттеж билан тақдирланди.

 

Аввалроқ спортчи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: