Туркий давлатлар биринчи хонимлари иқлим ўзгаришлари муаммосига диққат қаратди
Озарбайжон пойтахти Бокуда БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (COP29) иштирокчиларининг 29-конференцияси доирасида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Қирғизистон раҳбарларининг рафиқалари учрашди.
Саммит доирасида «Ёшларнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлардаги етакчилиги» мавзусида форумида Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Озарбойжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўған, Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Венгрия, БМТ тузилмалари ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, мазкур мамлакатларнинг ёш экофаоллари қатнашди.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича асосли конвенцияси иштирокчиларининг 29-конференцияси, дўст ва қардош Озарбайжон томонидан ташкил этилган Жаҳон етакчиларининг иқлим саммити умумий уйимиз – дунёга наф келтиришига умид қиламан. Ушбу саммит чегарадан ошиб кетадиган бирдамлик ва табиат ва инсоният учун умумий масъулиятнинг кучли ифодасидир. Умид қиламанки, бу муштарак ирода ҳамма учун адолатли дунё эшикларини очади”, — деб ёзди Эмине Эрдоған саммит очилиш маросимидан сўнг Х ижтимоий тармоғида.
Ўзбекистон биринчи хоними, «Замин» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ёш авлод – гўдаклар, болалар ва ўсмирлар ҳаётига катта таъсир кўрсатаётгани, уларнинг миллионлаб тенгдошлари табиий офатлардан, қурғоқчиликдан, сув ва озиқ-овқат танқислигидан ҳар куни азият чекаётганини қайд этди.
«Бу ҳодисаларга қарши курашни ёш авлодсиз, унинг онгли ва фаол иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу нуфузли минбардан туриб, бугун Марказий Осиё ва Туркий халқлар ёшлари ҳам мана шу глобал ҳаракатнинг ажралмас қисми сифатида шаклланаётганини қайд этиш менга катта фахр бағишлайди», — деди Зироат Мирзиёева форумдаги нутқида.
«Форумнинг асосий воқеаси – Ўзбекистон, Озарбойжон, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия томонидан 2024-2030 йилларда Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда болалар ва ёшларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича халқаро стратегиянинг имзоланиши бўлди.