Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (11-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (11-қисм)

Қисиқ кўзли, ўрта бўйли, бўйнига бантик тақиб олган, кора костюм-шимдаги эркак ўзидан бироз паст бўйли, анча очиқ кийинган қиз-жувон билан кириб келди. Эр-хотин уларни ўринларидан туриб кутиб олишди. Достон «эшон» билан қучоқлашиб кўришди. Сўнг келганларга ўтиришга жой кўрсатди.

Бу пайтда столнинг устига иссиқ овқатлардан бошқа ҳамма нарса қўйиб бўлинган эди. Бирозгина сўрашишлардан кейин Достон дарров шишалардан бирини очиб, тўрт кишига қултуллатиб қуйди.

— Хонимнинг исмлари нима? — деди Зубайда «эшон»нинг ёнида ўтирган қиз-жувонга жилмайиб боқаркан.

— Мафтуна, — дея жавоб берди қиз-жувон.

— Вой, ўзбекмисиз? Аммо сира ўхшамас экансиз.

— Йўқ. Уйғурман, — деди қиз-жувон «эшон»га қараб қўйиб.

— Ока, — деди бу сафар Зубайда «эшон»га юзланиб, — дидингизга гап бўлиши мумкин эмас.

— Эшон окамлар, — деб хотинига қаради Достон, — қизларни чертиб-чертиб энг-энг зўрларини танлашни билади. Ўзи ҳамма ишда дидлари нозик!

Эшон қаҳ-қаҳ отиб кулди. Сўнг:

— Йўқ, жа унчаликмас. Четдан қараганда шундай туйилади. Мафтунани ҳам биттада танладим. Ёқди. Тамом-вассалом. Узоқ танлашни, узоқ сўраб-суриштиришни ёмон кўраман. Ҳатто Мафтунага кундошлари кўп эканлигини ҳам айтганман.

Эшон шундай деганидан кейин Мафтуна уни енгилгина туртиб қўйди.

— Вой, ҳали кундошлари ҳам борми? Билмаган эканман, — деди Зубайда ўзини гўлликка солиб.

— Бир ҳисобдан шундай бўлгани ҳам яхши. Эридан аразлашлари қийин бўлади, — деб яна гапга аралашди Достон.

— Шунақами? Менимча, сизга ҳам ёқадиганга ўхшайди кўп хотинлик.

— Ҳамма эркакка ёқади, — деб ҳиринглаб кулди «эшон».

— Ҳой, бирор нимани ютиб оламизми ёки гапимиз фақат шу ҳақида бўладими? Очиғи, ёқади, аммо олдинига баданни бироз қиздириб олайлик, ана ундан кейин ёқадиган гапларни авжига чиқарамиз.

Шундай ҳам бўлди. Улар оз-оздан ютишди. Сўнг иш ҳақида сўз очилди.

— Жаҳон бозорига чиқиш ниҳоятда оғир. Чунки жаҳон бозори аллақачон эгаллаб бўлинган. Оддий қишлоқ хўжалиги… Масалан, сабзини олайлик. Бу ерда жуда арзон. Аммо четга олиб бориб сотишнинг сира иложи йўқ. Ваҳоланки, Дубайда Австралиянинг сабзиси сотиляпти. Энди қаранг, Дубай қаерда-ю, Австралия қаерда? Ёки тухум Франциядан келтирилади… Ана шу нарсаларни сиз қиламан десангиз, сиздан олишмайди. Бунинг учун, албатта, таниш-билиш зарур бўлади. Европанинг бозорлари ҳам худди шунақа. Шунчаки киритишмайди. Ўзлари бир неча ўн минг километр наридаги давлатдан харид қилишади. Бироқ сиз икки баробар арзонини кўтариб борсангиз, ҳатто бурилиб қараб ҳам қўйишмайди. Техникалар, қурилиш моллари ва бошқа нарсаларнинг бари мана шундай…

— Хўп, биз учун қандай йўл бор? — деб Достон помидор бўлагини оғзига солиб иштаҳа билан чайнай бошлади.

— Мен нима қилиб юрибман? Менинг асли мақсадим ҳам шу-да. Европа, АҚШ, бой Осиё давлатлари дейсизми, исталган нарсангизни олиб бориб сотиб беришим мумкин…

— Уран қандай кетади?

— Нозик масала. Аммо амалласа бўлади.

— Қаерга?

— Немисларга.

— Уларнинг сотиб олишларига шубҳа йўқ. Бироқ етказиб бориш муаммо туғдиради. Уран шалай-балай нарса эмас. Ҳатто ундан кўра қурол ўтказиш осонроқ.

— Қиламизми? — деб Достон «эшон»га тикилди.

— Бўлмасам-чи. Мол тайёрми?

— Сувни кўрмай оёқдагини ечмаймиз, — деб Достон бурнини тортиб қўйди ва яна шишага мурожаат қилди.

— Мен тайёр. Сиз айтган пайтингизда ҳаракатни бошлаймиз.

— Пули?

— Бир қисми олдиндан.

— Келишдик, қани олдик, бўлмаса. Ана энди хонимлар бемалол ўзларининг ички туйғулари ҳақида гапираверишса ҳам бўлади. Нима дединглар? — деб Зубайдага қаради Достон.

Зубайда жилмайди. У шу пайтгача эри билан «эшон»нинг суҳбатини диққат билан эшитаётганди. Нафақат эшитарди, балки «эшон»нинг хатти-ҳаракати, юзи, оғзининг ўзгаришларига ҳам эътибор бераётганди. Унинг ичидан зил кетди. Илло, эри ўта нозик маҳсулот билан савдо қилмоқчи бўлиб турибди. Уни бу ерда у ердан бу ерга олиб бориб сотиш мумкин. Аммо хорижга, яна Германияга олиб бориш… Бу ўтакетган қалтис иш ва бошқа даражадаги одамлар бажариши мумкин бўлган амал.

— Менинг Мафтунахон билан роса гаплашгим келяпти. Агар мумкин бўлса, хонимни ёнимга ўтқазиб олсам. Чунки аёлларнинг ўзларининг суҳбати бўлади, — деди Зубайда.

— Бажонидил. Мафтуна гарчи ҳозир жимгина ўтирган бўлса ҳам, аслида, яхшигина тили ва жағи бор, — деб кулди «эшон».

— Ҳа-а. Шундай, — деб унинг гапини маъқуллади Мафтуна, — фақат кундошларимдан қолиб кетсам керак.

— Оббо! — деди «эшон» қўлларини икки ёнига ёзиб. — Одамдай оғиз ҳам очолмадим. Марҳамат, хоним.

У ўрнидан туриб, хотинини Зубайданинг ёнига ўтқазди.

Шундан кейин эркаклар яна биттадан қадаҳ бўшатишди. Аёллар бу сафаргисига қўшилмади. Кейин Достон билан «эшон» ташқарига чиқиб, шу ёқда тутатиб келишга келишиб олишди.

— Қандай топишгансизлар? — деб сўради Зубайда эркаклар кетишлари билан.

— Машинада кўриб қолибди. Мен супермаркетда ишлардим. Ишга кетаётгандим. Шу куни кечга қолиб таксига чиққандим. Ўша таксига чиқаётганимни кўрибди. Сўнг ортимдан тушибди. Кейин тўғри хўжайиннинг хонасига кирибди. У ердан у билан апоқ-чапоқ бўлиб чиқибди. Сўнг қандай қилган, билмайман, аммо мени ўзига ёрдамчи қилиб олди. Базаси бор экан. Шу ердан чет элга қуруқ мева жўнатаркан. Мен бориб, машиналарни санашим, уларга ортилаётган юкларни ҳисобга олишим керак экан.

Шундай қилдим. Куннинг охирида бирга кечки овқат қилишни таклиф қилди. Негадир рози бўлдим. Шу. Қарабсизки, бир ҳафта ўтар-ўтмас никоҳ ўқитиб турибди… Хоҳлаган нарсамни кияман, хоҳлаган машинамни минаман. Номимга учта уй олди.

Зубайда унинг сўзларини эшитаркан, кулди. Кейин шундай деди:

— Аслида, биз аёллар ниҳоятда соддамиз. Чиройли, бой-бадавлат яшаш эса энг катта орзуимиз. Ана шуларнинг орқасидан қандай қилиб овчининг қармоғига илинганимизни билмай қоламиз.

— Мен сира афсусланмайман.

— Албатта, шоҳона ҳаёт бўлганидан кейин ким ҳам афсуслансин? Чет элга ҳам кўп борсангиз керак.

— Ана шу масалада оғриқли жойим бор. Бор-йўғи икки марта, бирида Норвегияга, иккинчисида Хитойга бориб келдим. Бошқа пайт хўжайиннинг ўзи кетади. Аммо бир кетганда ойлаб кетади. Роса ўламан соғиниб.

— Кундошларингиз борлигини қачон эшитдингиз?

— Роппа-роса бир йилдан кейин.

— Нега бунча кеч?!

— Билмадим. Бир ўзимман, деб юраверибман. Кейин маълум бўлишича, олтинчиси эканман. Биринчиси Уйғуристонда, иккинчиси Туркияда, учинчиси афғон аёли, тўртинчиси Дубайда. Бешинчиси ўрис ва кейин мен.

Зубайда қиқирлаб кулиб юборди. Кейин:

— Бунчалик хотиржам айтаяпсизки, мен ҳайрон қоляпман. Кундошларингизнинг борлигини билганингиздан кейин ҳам ҳеч нарса демадингизми?

— Йўқ. Бор-йўғи бир кун аразладим. Кейинги кун ҳамма бойликларим бир лаҳзада йўқ бўлиб қолишини яхшилаб тушунтириб қўйди. Кейин тақдирга тан бердим. Ҳозир энг катта қиладиган ишим эримни ёнимда кўпроқ олиб қолишга эришиш.

— Фарзандлар йўқми?

— Уники бор. Уйғуристонда. Олтита. Лекин бошқа аёлларидан боласи йўқ.

— Мафтунахон, битта-битта олайлик. Кейин гапимизни давом эттирамиз. Эркакларнинг олдида ҳадеб кўтаравериш одамга ноқулай бўляпти, нима дедингиз?

— Майли.

Бу сафар Зубайда эрининг вазифасини бажарди. Мафтуна боя эркакларнинг олдида унақа ичмаётган эди. Лабини теккизиб қўяётганди қадаҳга. Ҳозир эса бир кўтаришда ҳаммасини ичиб юборди ва сўнг ўзига термилиб турган Зубайдага «яна битта», дея ишора берди. Зубайда дарров унинг идишини тўлдирди.

Шу иккинчидан кейин Мафтуна шўр бодрингни қўлига олиб бир тишлади-да:

— Фақат устимдан кулманг, — деди.

— Нега куларканман? Фақат менга ғалати бўлган томони, унинг болалари ҳам олтита, хотинлари ҳам олтита. Наҳотки сиздан бола кўришни истамаса? — деб сўради Зубайда.

— Мен бу ҳақда ундан кўп сўраганман. У бўлса: «Қара, мен ҳеч қанақанги илму амал қилаётганим йўқ. Ҳаммаси эр билан хотин орасида қандай бўлса, шундай бўляпти. Энди болали бўлиш-бўлмаслигимиз сен билан менга боғлиқ эмас экан-да», дейди. Кейин: «Бошқа хотинларингиздан ҳам нега болаларингиз йўқ?» десам, яна ўша гапни такрорлайди. Шунга юрибман. Ажабмас, бир кунмас-бир кун мен ҳам битта меросхўрни дунёга келтириб олсам.

— Ниятингизга етинг. Биз сиз билан бундан кейин қадрдон дугоналар бўлиб кетамиз. Қани, олинг, бирор нималар еб туринг. Ҳеч нарса емаяпсиз, — деди Зубайда ва ўзи дастурхонга қўл чўзди.

Яна орадан бир муддат ўтиб, эркаклар қайтиб келишди…

Зубайда афсусланди. Чунки у Мафтунадан бир нарсаларни сўрамоқчи эди. Унинг шумлиги тутиб жилмайди.

— Мафтунахон, эркак зотига маза, хоҳлашса, гўзал хонимларини қолдириб, улардан-да муҳим ишларини ҳал қилиш учун ташқарига чиқиб кетишади. Баҳоналари — чекиш. Ваҳоланки, шу ерда ҳам чекишса бўлаверарди. Бунинг учун биров уларнинг мушукларини пишт демайди. Эътибор қилинг, гўзал хонимлардан ҳам муҳим ишлар… Бундан чиқди, биз иккинчи даражали эканмиз, — деди у.

— Ў-ў! — дея кўзларини, ҳа, қисиқ кўзларини катталаштиришга уринди «эшон». — Даҳшатли ўқ узилди. Тўппа-тўғри юракка тегди.

— Ҳа-а, Зубайда ўқ узишда сира хато қилмайди, — деб унинг гапини маъқуллади Достон ва хотинига кўзини қисиб қўйди.

Зиёфат давом этди. Суҳбат қизиди. Бироқ иш тўғрисида бошқа гап очилмади. Орадан уч соат вақт ўтганидан кейин эса эркаклар маст бўлиб қолишди. Айниқса, Достон. Унинг оғзидан боди кириб, шоди чиқар эди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: