Россияда фарзанд кўрмаслик ҳақидаги чақириқлар тақиқланди
Россия парламенти “фарзанд кўришдан онгли равишда воз кечишни тарғиб қилиш” ёки “болаларсиз мафкура тарғиботини” тақиқловчи қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади.
Давлат Думасининг барча депутатлари бир овоздан қўллаб-қувватлаган ушбу ҳужжат болалар туғилишига қарши ташвиқот сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган материалларни, шу жумладан кино ва оммавий ахборот воситаларида оммавий тарқатишни чеклайди.
«Боласиз мамлакат бўлмайди», – деди Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин овоз беришдан олдин. У қонун Россия Федерациясининг иқтисодий келажаги учун муҳим бўлган демографик ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилганлигини таъкидлади.
Янги қонун лойиҳасида «болаларсиз тарғибот» учун катта миқдордаги жарималар кўзда тутилган: жисмоний шахслар учун 400 минг рублгача (тахминан 4100 АҚШ доллари) ва оммавий ахборот воситалари, фильмлар, реклама ва онлайн платформалар орқали бундай ғояларни тарқатувчи ташкилотлар учун 5 миллион рублгача (тахминан 51 минг доллар).
Рус православ черковининг илтимосига кўра, қонун лойиҳасига «монастирлик ва монастирь турмуш тарзи тўғрисида маълумот тарқатиш, турмуш қурмаслик ва фарзанд кўришдан воз кечиш ваъдасига риоя қилиш» Россия қонунчилигини бузмайди, деган изоҳ киритилган.
Қонун лойиҳаси ҳали ҳам парламентнинг юқори палатаси – Федерация Кенгаши томонидан 20 ноябрь куни маъқулланиши, кейин эса президент Владимир Путин томонидан имзоланиши керак. Бундан ташқари, депутатлар жинсини ўзгартириш тақиқланмаган мамлакатлар фуқаролари томонидан рус болаларини асраб олишни тақиқловчи тегишли қонун лойиҳасини маъқуллади.
