Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (12-қисм)
— Кечирасизлар, бугун роса чарчаган эдилар. Шунга шунақа. Бошқа пайт бундай бўлиб қолмаслигига ваъда бераман, — деди Зубайда.
— Ў-ў-ў, мен бундан баттар аҳволга жуда кўп тушганман. Хавотир олманг. Биз тушунадиганларданмиз. Шунақами, жонидан? — деб «эшон» Мафтунани қучди.
— Унда биз борайлик, — дея жилмайиб, кетишга изн сўради Зубайда.
— Ҳа, вақт алламаҳал бўлиб қолибди. Бизни ҳам қадрдон ётоғимиз кутяпти. Қисиқ кўзларим баттар қисилиб, шу ернинг ўзидаёқ ухлаб қолишни тусаяпти. Мен бунга йўл қўймайман, — деб ҳиринглаб кулди «эшон».
Зубайда официантлар ёрдамида эрини машинага ўтқазди. Кейин жўнаб кетди.
Қайнона-қайнотаси ухлаб қолишган экан.
Зубайда қийналди. Эрининг қўлтиғига кириб, деярли судраб ётоққа олиб киришнинг ўзи бўлмайди ахир… Ичида қарғади: «Молдан фарқинг йўқ экан. Садқайи эркак деган ном кетсин сенга! Яна бу ўта муҳим ишни битирармиш. Яна ўта айёр одам билан ишлармиш. Бу туришингда «эшон» сени эшакдай миниб олади. Расво! Ўлигини ташлаб олганини-чи!..»
Ёнма-ён ётмади. Диванга чўзилди. Ўзиям роса тинкаси қуриган экан. Ахир кун давомида озмунча амалларни бажардими? Шу боис дарров ухлаб қолди.
Қайнона-қайнота уларнинг бугун кеч туришларини яхши билишарди. Шу боис безовта қилишмади. Аммо ҳар иккисининг ҳам жаҳли чиқди. Чунки улар четда қолиб кетишаётган эди. Нима бу кўргилик? Йўқ, бунинг олдини олишлари зарур. Ҳар иккови ҳам кунларининг бир қисмини уларга ажратсин. Пул ўз йўлига, бироқ улар ҳам одамдай яшашлари керак-ку. Қачонгача бўрига боғланган улоқлардай ўтиришади?
Вақт пешиндан ўтди. Олдин Зубайда, кейин Достон уйғонди. У ювиниб бўлганидан кейин секин деразадан ташқарига мўралади. «Чол-кампир»ни кўрди. Уни биров пешингача ётгани учун койимайди. Бироқ ноқулай. Айтганча, Зубайда ота уйида ҳеч қачон бунча кўп ухламаган. Доим саҳарлаб туришга ўрганиб қолган. Чунки отаси ётишига йўл қўймасди. Онасини турткиларди. «Қизларинг пешингача ётаверишмасин, турғиз эртароқ», дерди. Онанинг қизларига ичи ачирди. Лекин уйда отанинг гапи икки қилинмайди ва ҳали қуёш чиқмаган бўлса ҳам, болаларини уйғотиши керак. Каттами-кичикми, фарқи йўқ. Фақат бешикда ётган бола озод эди бундай тартибдан.
— Жуда аҳволим чатоқ. Мутлақо мадорим йўқ. Илтимос, менга қаҳва дамлаб бер. Кейин қандайдир тетиклаштирувчи дори бўлса, униям бер, — деди Достон ётган жойида кўзини очмай.
Зубайданинг ўзи ҳам ланж эди. Бироқ унда эриники каби «енгиллик» йўқ эди. У биров бир нарса демаслигини биларди. Аммо, барибир, нимадир елкасидан босардики, у ўзини масъулиятли ҳисобларди.
Хуш табассум билан ташқарига чиқди. Қайнона-қайнотасига салом берди. Узр сўради. Кейин кечаги учрашув ўта нозик одамлар билан бўлганлигини, яхшиям, унинг борганлиги, акс ҳолда, эри ёлғиз қолишини айтди.
— Ҳа, тушунаман. Лекин ҳаёт бунақа бўлмаслиги керак, — деди чоли қолиб Санобар, — пулни нима мақсадда топяпсизлар? Ҳаётларингни фаровонлаштириш учун. Аммо кундан-кунга бошларингни қашишга ҳам вақтларинг қолмаяпти. Нима аҳвол бу?
Зубайда кулди ва одати бўйича қайнонасини қучди.
— Ойижон, рост айтасиз. Ўлай агар, тинка-мадорим қуриди. Кеча қандай ишдан келганимни биласиз. Ундан кейин… Шу одам биз билан шартнома қилсин, деб ўғлингиз иккаламиз минг мақомга йўрғаладик. Достон акамлар маст бўлиб қолдилар. Мен уларни опичлаб киргиздим…
— Нима?! — деди Алим чол. — Опичлаб?!
— Ҳа, шундай.
— Нега бизга айтмадингиз?
— Безовта қилгим келмади. Отам: «Сира оғирликларингни бошқаларга ташламанглар, ўзларинг кўтаринглар», деганлар…
— Шунчалик бўлишига қараб турдингизми? — деди Санобар қошларини чимириб келинига тикиларкан.
— Агар бошқа одамлар бўлганида, шишани ҳатто ушлатмаган бўлардим. Аммо ҳали айтдим-ку… Энди бундан бу ёғига бунақаси бошқа такрорланмайди.
— Шунга яраша иш битдими? — сўради Алим чол.
— Албатта, адажон. Ҳал қилдик. Энди томорқамизга яна битта ариқ очдик, энди ундан ҳам «сув» келиб туради.
— Лекин бунақада эрта бир кун ҳар иккингиз ҳам касал бўлиб қоласиз, — деди Санобар, — дам олиш керак.
— Фақат бу ерда деманг, — дея кулди Зубайда.
— Қаерда бўлсаям-да.
— Ойижон, адажон, агар рухсат берсангиз, биз Мальдив оролларига борсак.
— Нега Дубаймас? — дея сўради Санобар.
— Йўқ, ойижон. Дубайга ҳамма бориб келяпти. У ерда қуруқ баланд-баланд уйлар… Табиати яхши эмас. Кейин денгизи бор, холос. Денгизга икки кун борсангиз, зерикасиз.
— Кейин яна битта масала, қизим…
— Бемалол айтаверинг, ойижон, — деб Зубайда қайнонасини қайта қучди.
Санобар гапиришдан олдин чолига қараб қўйди. Алим чол уларни холи қолдириш кераклигини тушунди ва ўрнидан туриб, чўнтагига қўлини тиқиб, чеккилик қутисини олди.
— Бизга набира керак.
Зубайда бирдан қиқирлаб кулиб юборди. Сўнг оғзини ёпди. Азбаройи овози баланд чиқиб кетмаслиги учун. У бу ишни қўрққани учун қилмади. Ахир бу ердагиларнинг бирортасидан ҳам қўрқмайди. Шунчаки у одати бўйича шундай қилди. Бошқа пайтлари, бошқа давраларда ҳам у овозини баланд кўтармайди. Нафақат кулгиси, балки сўзларини ҳам баланд овозда айтмайди… Панд емаган. Балки, бошқаларнинг панд еганларини кўрган ва дарров хулоса чиқариб олган.
— Ойижон, юрагимни ёриб юбордингиз. Тўғриси, қалтираб қолдим. Нима хато қилдим, деб қўрқдим, — деб ўзлари томонга қараб турган қайнотасига кўз ташлаб қўйди-да, Санобарнинг қулоғига шивирлади. — Ойижон, шу масалани Мальдивда ҳал қилиб келсак, деб режалаштирганман. Нима дедингиз?
Санобарнинг юзида табассум пайдо бўлди.
— Мана, адажонингизга: «Бу Зубайдахон бир сюрприз тайёрлаётган бўлсалар керак», дегандим. Адашмабман. Лекин бола қилиш учун қаергадир бориш шартми? — деб оғзини ёпганча кула бошлади қайнона.
— Ойижон, ният бошқа-да…
— Эй-й, ниятгинангиздан ўргилай! Ҳозирги ёшларга ҳайронман. Қаёқдаги нарсаларни ўйлаб топишади. Фақат тезроқ, келишдикми? — дея Санобар келинининг белидан қучиб ўзига тортди.
— Ойи-и-и, — деди Зубайда эркаланиб, — битта менга боғлиқмас-ку.
— У ёғини ўзингиз ҳал қиласиз-да, хоним. Ёки шунисига ҳам аралашайликми?
Зубайда яна қиқирлаб кулди.
Бўлди, шу билан орадаги совуқлик кўтарилди. Ҳаммаёқ баҳор бўлиб кетди. Кейин Алим чол келди. У Зубайданинг ишлари ҳақида сўради. Зубайда эса қилган кароматлари тўғрисида тўлиб-тошиб сўзлашга тушди…
Шу куни Зубайда ишга бормади. Достон ҳам. Зубайда шунчаки истамади. Достоннинг эса ҳоли йўқ эди. Фақатгина кечга келибгина у тетиклашди.
— Кеча нима балолар бўлди? Ҳеч бундай аҳволга тушмагандим, — деди у яхшилаб чўмилиб чиққанидан кейин каравотда оёқларини чалиштириб ўтирган хотинига.
— Биринчиси, эркакликда бўлиб туради. Иккинчиси сизга ярашмайдиган иш, — дея жавоб берди Зубайда.
— Нега бунақа деяпсан?
— Шундай маккор, шундай айёр одам билан ўтирганда одам мутлақо ичмаслиги керак. Сиз бўлсангиз…
— У ҳам ичди-ку.
— Ҳа, шундай, лекин унинг ичиши билан сизнинг ичишингиз орасида фарқ бор. Мен бир шоирни эшитганман. Жуда кўп қотиб қоларкан. Аммо сира ақлини йўқотмас экан. «Эшон» ана шулар тоифасидан. Уларга ичишда бас келиб бўлмайди.
— Хотинидан сўрадингми?
— Нимани ҳам сўрардим? Бечора қиз аҳмоқ бўлиб юрибди, холос. Еган-ичгани ўзиники. Қолгани уники эмас. Номидаги уйлар, машиналар — ҳаммаси, унақа олиб қараганда ҳам, бунақа олиб қараганда ҳам, «эшон»га тегишли. У ўтакетган разил одам. Мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, бирга ишламаган бўлардим.
— Лекин биз дунёга чиқишни режалаштирганмиз. Умидларимиз кўп. У керак бўлади.
— Мен охири бориб ботқоққа тиқиб кетмасайди, деб қўрқаман.
— Алоқани узиб, майда бой бўлиб юрайинми?
— Сира майда эмассиз ҳозир ҳам.
— Барибир. Менга булар кам. Мен америкалик бойларга ҳавас қиламан. Мен улардай бўлишни истайман. Шундай экан, таваккал қилишим керак. Таваккал қилмасам, бўлмайди. Ёнимда сен бўларсан…
— Ҳа, лекин ойижон билан адажоннинг олдиларида роса ҳисобот бердим. Кейин биздан бола сўрашяпти.
— Ҳали режалаштирмадик, демадингми?
— Аксинча, режамда бор. Яна бир-икки ой ўтсин, кўрганлар мени туғмасга чиқариб қўйишади. Мен Мальдивда ишни ҳал қиламиз, дедим. Ёлғончи бўлиб қолмаслигимга ёрдам берарсиз.
— Тушунтириброқ гапир.
— Дам олишга Мальдив оролларига борамиз. Шу ёқда болани пайдо қиламиз. Ниятим — боламиз кенг фикрли, ақлли бўлсин. Бунинг учун ҳар иккимизга ҳам хотиржамлик зарур… Энг қиммат гўшт Японияда. Чунки у ердаги буқаларнинг мутлақо асаблари бузилмайди. Шунинг учун сўйилганда гўштлари ниҳоятда юмшоқ, мазали ва витаминларга бой бўлади. Улар ҳатто чорвасининг асабини бузмас экан… Биз-ку, бутун бошли болани дунёга келтиришни режалаштиряпмиз. Бунақа пайтда ҳамма томонни ҳисобга олишимиз зарур!..
— Эй-й, қойил! Менинг мутлақо калламга келмаган экан. Бўлди. Мальдивга дедингми? Эртага жўнаймиз.
— Ростданми?
— Рост!
Зубайда ўрнидан сапчиб турди-да, эрининг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)