Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (13-қисм)
Алим чол боласига панд-насиҳат қилмоқчи эди. Бироқ ўғлини кўрганидан кейин унутди. Тўғрироғи, унинг ёнида келини ҳам бор эди. Келинининг олдида боласига тош босадиган гаплардан гапиргиси келмади. Гаплар умумий бўлди. Асосан, боласини мақтади. Фақат бунақа ичиб қўймасликни тайинлади.
Роппа-роса бир ҳафтадан кейин улар Мальдив оролларига учиб кетишди. Бошқаларга ўхшаб югур-югур қилишмади. Ярим соатга қолмай ҳужжатлар тайёр бўлди. Шу вақт ичида самолётга чипта ҳам олинди. Аммо ўзларининг бошқа ишлари сабаб бир ҳафта кейин кетишларига тўғри келди.
— Сенга ҳавасим келади, — деди унга Саъдулла, — хоҳлаган пайтинг хоҳлаган жойингга бора оласан. Мен бечорада эса бундай имконият йўқ. Он ҳазратларидан тортиб, яна мингта киши ҳаммаёқни кўриб чиқишлари керак… Эй-й, гапирса гап кўп. Хуллас, мен учун ҳам дам олиб кел. Хайрлашгани бекор Зубайдахонни олиб келмабсан.
— Уни отасиникига жўнатдим. Бундай олиб қарасам, умуман бормаган… Деярли бормаган экан. «Бор, хайрлашиб кел», дедим.
— Аммо хотининг зўр. Мен унга тан бердим. Сенинг қулоғингга битта гапни айтаман. Гарчи Гулчечак жуда катта давраларда катта бўлган бўлса ҳам, у қилган ишнинг ўндан бирини қилолмайди, — дея шивирлади.
Албатта, ҳеч балодан хабари йўқ Достон хурсанд бўлди. «Ў-ў-ў, ўзим жуда омадли одамман-да», дея кўнглидан ўтказди.
— Раҳмат, дўстим, — дея иржайди Достон.
Шу билан улар хайрлашишди.
Улар энг зўр меҳмонхонага жойлашишди. Овқат хоҳлаган пайтингда бор. Истасанг ресторанга борасан, истасанг хонага чақирасан. Ҳаммаси «брон»нинг ичида. Яна у денгизнинг бўйида, бундан ташқари, ўзининг чўмилиш ҳавзаси бор. Меҳмонхонадан чиқишингиз билан бошланади.
Улар умуман ҳеч қаерга чиқмасликка келишиб олишди. Узоғи билан денгизга боришади. Бошқа пайт чўмилиш ҳавзасида ётиб, дам олишади. Ҳар хил егулик, ичимликларни буюртма қилишади. Эр-хотин бир-бирини мана шундай дам олиш билан қутлаб, финжонларини чўқиштиришади…
«Зубайда ҳаммадан чиройли экан», дея ўйлади Достон меҳмонхонада яшовчи аёлларни кузатаркан.
У шундай даражага тушиб қолганди. Умр бўйи чўчқа гўшти ейиш, европача маданиятли одамлар орасида юравериш ва айш-ишратга берилиш, охир-оқибат, уни хотинини қизғанмайдиган, қайтага, кўз-кўз қиладиган нусхага айлантириб қўйганди.
Беш кундан кейин зерикишди. Шу шоҳона ҳаёт зериктириб қўйди.
— Шаҳар айланамизми? — дея сўради Достон.
— Йўқ, — деди унга Зубайда. — Келишиб олганмиз бошида. Менинг ҳам тургим келмай қолди бу ерда. Лекин бошида қилган режамизни бузмаймиз. Ўзимизни бир синайлик. Қани, гапимизда тура оламизми ёки йўқ. Ундан кейин мақсадимиз амалга ошгани ҳам номаълум.
— Сен асабийлашмаслигинг керак. Менинг хаёлимдан анави Япониядаги гўшт сира кетмаяпти…
Зубайда эрининг оғзидан шу гап чиқиши билан хандон отиб кулиб юборди. Бу сафар у ўзини босмади. Бор овозда бақириб кулди. Шунда Достон унда ҳам дағаллик, қўполлик борлигини кўрди.
— Мен… мен… мен… — деди Зубайда кулишдан тўхтаб, — чорва моли эмасман!
— Билдим. Лекин сен… сен менга бошқача тушунтиргандинг. Шунга айтяпман…
— Бўлди, бўлди. Ҳа, тўғри. Лекин ўзимнинг қулгим қистади-да. Бошқа томондан қараса, кулгили бўларкан-да.
— Аммо шу гапингни айтганингдан бери ўша қиммат япон гўштини егим келади.
— Бу ердан тўғри шу ёққа кетамизми? — дея жилмайди Зубайда.
— Кетамиз.
— Аммо виза олиш керак-да.
— Мана шу ердаги элчихонага борамиз.
— Ўзимизми?
— Нимага ўзимиз борарканмиз? Ҳозир мен юристларга қўнғироқ қиламан. Битта зўри, тил биладигани учиб келади. Битта бундайроқ меҳмонхонага жойлаштириб қўямиз. Ҳал қилади.
— Зўр бўларди. Ростдан ҳам Японияга бориш керак. У ерда ўрганишимиз мумкин бўлган нарсалар тиқилиб ётибди.
— Зубай, лекин сенга раҳмат. Вақтида менга айтгансан, — деди Достон ва дарров телефонини қўлига олди-да, ҳуқуқшуноснинг исми ёзилган рақамга қўнғироқ қилиб, топшириқ берди. Зубайда эса қайнонасига қўнғироқ қилди. Режаларини айтди. Режанинг бош ташкилотчиси унинг ўғли эканлигига алоҳида урғу берди. Кўндирди. Ўзи шундоқ ҳам Санобар кўнишга мойил бўлиб турганди. «Эҳ, бунчалар ҳам зўр сизларга! Эсизгина, ёш бўлмаган эканман. Аммо бизниям қуруқ қўйманглар», деди.
Ҳуқуқшунос дарров етиб келди. Достон билан учрашди. Сўнг югур-югурни бошлаб юборди. Бу масалада шап-шап деган билан оғиз чучимаскан, японлар эса «манави бой, буниси амалдор» демаскан. Шундай ўзларининг қонунлари бўйича иш қилавераркан. Виза нақ ўн кунга чўзилди. Охири, Достоннинг ўзи элчининг қабулига борди. Элчи қабул қилди. «Японияга боришдан мақсадинг нима?» деб сўради. «Гўшт ейиш», дея тап тортмай жавоб берди Достон.
Калта бўйли, кўзлари қисиққина, тикка сочли элчи бақа бўлиб қолди. Кейин кулиб юборди.
— Қанақа гўшт? — деб сўради.
— Хотиним айтди, сизларда ниҳоятда қиммат турадиган, мазаси бир умрга эсда қоладиган гўшт бор экан. Мол гўшти. Шуни егим келди, — деб жавоб берди Достон.
Унинг гаплари самимий эди. Жавоб элчига ёқди ва у дарров виза муҳрини босиб берди.
Улар Токиога учишди. Албатта, мўлжалларидан анча кеч. Шундай бўлса-да, хурсанд эдилар. Офисдаги ишни иккиси ҳам ўтирган жойларида онлайн бажаришаётганди. Ҳар куни интернет орқали пул айланмалари, даромадлар ҳақида маълумотлар келиб турарди. Достон уларга юзаки қараса-да, Зубайда зўр диққат билан ҳисоб-рақамида у ёқдан бу ёққа бориб келаётган пулларни текширарди. Кунига бир-бир ярим соат ходимлари билан гаплашарди. Ишдан жуда кўнгли тўлмасди. Бироқ ҳозирча шу билан қаноатланса бўлади, деб ҳисобларди у.
Боришди. Яна ўшандай қиммат меҳмонхонага жойлашишди. Чарчашган экан, бир кун ухлашди. Эртасига эса шаҳар айланишди. Одамларни кузатишди. Одатдагидай, Достон биноларга ҳам, чумолидай югуриб юрган одамларга ҳам ҳиссиз кўз билан қаради. Зубайдага эса ҳамма нарса қизиқ эди.
— Булар тиниб-тинчимас эканлар. Дўконларидаги нархлар бизникидан анча қиммат. Сабаби уларнинг оладиган маошлари юқори. Яна бир нарса маълум бўлди. Агар улар оёқларини осмонга кўтариб вақт ўтказишса, очларидан ўлишаркан. Мен таржимон орқали билдим, жуда кўп японлар гарчи шу ерда туғилган бўлишса-да, ижарада туришаркан. Ғалати. Тўғрими? Лекин бундай олиб қараганда, уйларнинг нархлари ҳам қиммат экан-да. Аммо мен маза қилдим. Назаримда, оз ишлаётганга ўхшайман.
Достон юмшоққина икки кишилик каравотда шифтга қараб ётаркан, кулди.
— Сен меҳнатни боплайсан. Нолимасанг ҳам бўлади.
Зубайда унинг ёнига келди. Эрининг сочини силади.
— Биз бошқача яшашимиз керак. Лекин мен унинг қанақалигини айтолмайман. Хуллас, бошқача бўлиши керак ҳаммаси. Мана, масалан, сиз мени севмайсиз, тўғрими?
— Ие, бу нима деганинг? — деди Достон ажабланиб.
— Сиз мени ҳурмат қилишингиз мумкин. Ошиқлигингиз — чиройимга. Ошиқлигингиз — мен сизнинг кўнглингизни олиш учун қилаётган минг битта ноз-карашмага… Лекин кўчага чиққанингизда, бошқа қизларни, жувонларни кўрганингизда, албатта, уларга кўнглингиз кетади, тўғрими? Тан олинг, тўғрими? Хавотир олманг, сиз билан келишганмиз. Мен, сиз гарчи мингтаси билан юрсангиз ҳам, рашк қилмайман, деб ваъда берганман. Аммо саволимга жавоб беринг.
Достон ётган жойидан турди. Каравотдан тушди. Шиппагини кийиб, уни шапиллатиб дераза ёнига борди. У ердаги стол устида турган антиқа кўринишдаги шиша ичидаги суюқликдан стаканга қуйди, кейин уни эринмасдан озгина ҳўплади. Ташқарига тикилди.
— Муз солишингиз керак. Қуруқ ўзи иссиқлик қилади, — деди уни кузатиб ётган Зубайда.
— Шунақаси менга маъқул. Аммо бир нарса… Мен сенга уйланганимдан кейин бошқаларга боришни тўхтатдим. Сабаби нима, биласанми?
— Йўқ.
— Кучимни тўла-тўкис, охиригача олиб қўясан.
— Агар олмасам, борасиз, тўғрими?
— Билмадим. Лекин ҳозир сен рашк қилишни бошлаганга ўхшаяпсан.
— Йўқ. Мутлақо. Мен шунчаки японлар ҳаёти билан ўзимизникини таққослаяпман. Мана, масалан, биз бойлармиз, тўғрими? Буни хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам тан олиш керак. Аммо зерикарли бойлармиз. Керак бўлса, умуман ишламасдан миллион-миллион доллар пул топишимиз мумкин. Бироқ бундан лаззатлана олмаймиз. Чунки жуда осон топамиз-да. Буларда эса унақамас. Буларнинг ҳам бойлари бор. Буларнинг бойлари… Эй, хуллас, чарчадим, тушунтира олмаяпман.
Достон идишидаги суюқликни охиригача ичиб юборди.
— Лекин мен тушундим. Тушундим, — деб хотинининг ёнига ётди.
Зубайда унинг ҳеч вақони англаб етмаганлигини биларди. «Ўзи шунча гапни бекорга айтдим. Буям, бунинг анави Саъдулла дўстиям икки пулга қиммат одамлар. Он ҳазратлари… У ҳақиқий. У йўқдан бор қила олиши мумкин. Булар эса шунчаки унинг соясида ётишдан бўлакка ярамайди. Аммо шулар менга ҳозир керак».
— Айланишга чиқамизми? — деди у эрига.
— Кеч бўлди. Чарчадим.
— Менинг эса чиққим келяпти. Оқшомги Токиони томоша қилишни истаяпман.
— Кечаям чиққандик.
— Ками бор. Менимча, инжиқлашиб қоляпман. Мақсадга етганга ўхшаймиз.
— Қанақа мақсад?
— Дам олишга чиқишдан олдин нимани режалаштиргандик?
— Йўғ-э! Наҳотки!
— Аниқ билмайман. Ҳали кўнглим ҳам айнигани йўқ. Лекин инжиқлашяпман.
— Кетдик унда.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)