Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (14-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (14-қисм)

Ҳаво тоза эди. Чуқур-чуқур нафас олгинг келади. Яна бу Токио деганларининг ҳаммаёғи чироқ экан. Турли хил рекламалар, афишалар ёниб-ўчиб, кўзни қамаштиради. Яна кўча тўла одам. Кундузгидан фарқи — бироз хотиржамлашгандай. Ҳар қалай, одамлари ҳовлиқиб, у ёқдан бу ёққа югуришмаяпти. Сокинликсиз сокинлик…

«Достон ярамайди. Достоннинг боласи ўзига ўхшаган бола бўлади…» Зубайданинг хаёлига шу фикр келиши билан у ўзини бошқача сеза бошлади. У гўё хаёлидагини Достон уқиб оладигандай унга ўғринча қараб қўйди.

Улар алламаҳалгача кўча кезишди. Шу пайтгача одам камаймади. Аммо жуда кўпайиб ҳам кетмади. Кўпайгани маст-аластлар бўлди. Очиқ-сочиқ, бошқача айтганда, ярим-яланғоч қизлар маст эди. Бирови деворга, бирови чироқ устунларига суянар, шу ерда туришарди. Яна ўриндиқларга ўтириб олганлари ҳам кўп эди. Энг қизиғи, улар бировга халақит беришмасди. Жанжал-тўполон кўтаришмасди. Шунингдек, бошқаларнинг ҳам улар билан ишлари йўқ эди. Мабодо полиция кўриб қолса, меҳрибонлик билан уйига олиб бориб қўярди. Тамом-вассалом! Эртасига эса яна ҳаёт қайнашда давом этади.

Меҳмонхонага қайтиб келишганида, Зубайданинг оёғида оёқ қолмаганди. У зўрға ечинди. Кейин ўзини каравотга ташлади-ю, қотиб ухлаб қолди… Достон ҳам бир ёқли бўлганди. Шу боис хотинини безовта қилишга кучи етмай, у ҳам тарашадай қотди…

Дам олиш кунлари киприк қоққунча ўтиб кетди. Достон ўша қиммат гўштдан тўйиб-тўйиб еди. Пулни аямади. Яна ўн килосини ўзи билан олди. «Саъдуллага мақтанаман», деди… Зубайда унинг сўзларини эшитиб кулди. «Аҳмоқ, гўл, хушомадгўй», дея кўнглидан ўтказди. Кейин ўзининг Саъдулла билан ўтган дамларини эслади. Қандайдир соғинч пайдо бўлди. «Оз қолди-ку», деди ўзига ўзи…

Достон самолёт парвоз қилганидан кейин орадан ярим соат ҳам ўтмасдан ухлаб қолди. Чунки у дарров «дори» ичди. «Уйғоқ кетсам, сиқиламан», деди… Зубайда бўлса телефон ўйнади. Зериккунча, кўзлари толгунча ўйнади. Сўнг у ҳам ўриндиғини ётқизиб, устига ёпинчиқни тортди…

Аэропортда уларни Достоннинг йигитлари кутиб олишди. Уларга унинг ўзи хабар берганди. Ҳаттоки самолётнинг соат нечада қўнажагини айтганди. Қайтага, айтмаса яхшироқ эди. Ахир ходимлар ҳам бироз изланишсин, сўрашсин, суриштиришсин… Ўзи шундоқ ҳам шундай қилишади. Достоннинг айтгани бир, бироқ, барибир, аэропортга қўнғироқ қилиб билиб қўйишса ёмон бўлмайди. Ахир Достон кичкина одам эмас, нақ Саъдулланинг дўсти. Демак, мақоми юксак. Бундай одамларни кафтда кўтариб юриш керак. Бундай одамларни авайлаб-асраш керак. Агар бундай одамлар бир ғазаб отига минса борми, ҳатто туяни учириб юборишади. Шу боис Достоннинг бир нечта «юқори мартабали» йигитлари қўлларини қовуштириб кутиб олишди. Улар ҳатто Зубайдахонга гул ҳам беришди.

Достон «Мерс»нинг орқа ўриндиғига ўтирганидан кейин ҳайдовчига:

— Шошма, — деди ва телефонини олиб, Саъдулланинг рақамини терди.

Саъдулла ҳам худди унинг қўнғироқ қилишини кутаётгандай дарров уланди.

— Дўстим! — деди Достон бор овозда. — Келдим!..

— Эй-й, яна мушук бўлволдингми? Зўр! Қаердасан?! — деган шўх овоз келди телефондан.

— Аэропортда. Энди машинага ўтирдим…

— Нега келишингни айтмадинг, ўзим кутиб олар эдим.

— Безовта қилгим келмади.

— Безовтаси бормиди, айтавериш керак эди. Тўғри менинг ёнимга кел! Ҳозир офисдаман.

— Бўлди, бораман!

Зубайданинг энсаси қотди. «Номард, Саъдулла ким бўлибди? Аввал ота-онангни бориб кўрмайсанми? Нима, Саъдулла улардан ҳам устунми?» дея кўнглидан ўтказди. Бироқ ҳар доимгидай дилидагини тилига чиқармади. Кулиб қўйди.

— Борамизми? — деди Достон унга қараб.

— Айтиб бўлдингиз-ку. Аммо мен роса чарчагандим. Сиз ухладингиз, мен эса қийналдим. Самолётда ухлаёлмас эканман. Кетдик.

Достон дарров ҳайдовчига манзилни айтди.

Саъдулла диванда ўтирганча телевизор томоша қилаётган экан. Французларнинг бемаза киноси. У французчани тушунмайди. Аммо бу кинони кўриш учун француз тилини билиш шарт эмас. Қизиғи, эр-хотин келганининг хабарини беришганида ҳам Саъдулла телевизорни ўчирмади. Ҳатто овозини пасайтирмади. Натижада номига бўлса ҳам Зубайда кўзини олиб қочди.

Саъдулла уни бағрига босиб ўпиб қўяётганида:

— Ўчиринг, — дея шивирлади Зубайда.

Шивирлаганини Достон ҳам эшитди. Хотинининг шундай деганидан завқланди ҳатто.

Саъдулла кулди. Телевизорни ўчирди. Уларни ўтиришга таклиф қилди. Сўнг котибасини чақириб, қип-қизилидан юз эллик-юз эллик қилиб олиб келишни буюрди.

— Менга керакмас, мен қаҳва ичаман, — дея эътироз билдирди Зубайда.

— Хоним, хафа қиляпсиз. Чарчоқ ёзди қиламиз, — деди унга Саъдулла.

— Мумкинмас-да, — деб жилмайди Зубайда.

— Нега? Ким айтди? — дея ажабланиб сўради Саъдулла.

Достон ҳам Зубайданинг гапларига тушунолмади. Ахир уларнинг ораларида «мумкин, мумкинмас» деган гап-сўз бўлмаганди.

— Одамча бўлаётган одамча…

— Йўғ-э! Ростданми?! Наҳотки?! Мен ўзимнинг қулоқларим билан эшитяпманми? — деб Саъдулла ўтирган жойидан турди. Зубайданинг рўпарасига келди. Унинг елкаларидан тутиб ўрнидан турғизди, бағрига босди. Табриклади. Достонни ҳам худди шу тарзда қутлади. Кейин:

— Демак, бекордан-бекорга кетмаган экансизлар. Мен аниқ биламан, бу ҳам Зубайданинг режаси бўлган, — деди.

— Бунақа антиқа нарсалар фақатгина Зубайдадан чиқади, — деб кулди Достон.

— Бўлди, Зубайдага енгиллик бор. Келажакни яратадиган аёлимизни авайлаб-асрашимиз керак. Бу вазифа, Достонбек, сизнинг елкангизда! — дея бу сафар Саъдулла Достоннинг елкасига қоқиб қўйди.

Достон эса хотинини қучди.

Кейин суҳбат сафар таассуротлари ҳақида кечди. Достон олиб келган совғасини берди. «Оғзингда эрийди. Унақа пишириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ экан. Шундай чўққа озроққина яқинлаштириб, кейин еяверса ҳам бўларкан. Мазаси зўр… Аммо японлар бу гўштни ёмон кўришар экан. Тўлиқ хат-ҳужжат қилиб олганимга қарамасдан, чегарада анча калламни қотиришди. Бу японлар катта-кичикнинг ҳам фарқига боришмаскан. Энг ёмони шу экан. Ўзимизга келдим, керак бўлса, ўзлари аэропортнинг ташқарисига олиб чиқиб беришди», дея оғзи кўпириб гапирди Достон.

Икки соат, ҳа, худди шунча вақт улар Саъдулланинг ёнида бўлишди. Охири Зубайда тоқатсизланди. Бўлмаса, эри гўштнинг бир қисмини ҳозирнинг ўзида пиширтириб, ўз қўли билан Саъдулланинг оғзига солишни режалаштириб турганди.

— Роса кутишяпти. Билмасдан борадиган вақтимизни маълум қилиб қўйган эканмиз. Шунинг учун ойижон билан адажонни кўп диққат қилмасдан, борсак, — деди у Саъдуллага.

Агар ораларидаги яқинлик бўлмаганида бундай деёлмасди. Яқинликки, Достоннинг мутлақо хабари йўқ.

— Сизларни мутлақо қўйиб юборгим йўқ. Аммо Зубайда тўғри айтяпти. Рости, соғинганман. Достон, сендан ҳам кўра Зубайдани кўпроқ.

«Ўл-а!» дейдиган одам йўқ. Достондан бошқа тутуриқли эркак бўлганида… Ундай эркак бу ерга келмасди ҳам. Тўғри уйига борарди…

Саъдуллада бироз фаросат бор экан. У келтирилган гўштнинг ярмини Достоннинг қўлига тутқазди. Олдин: «Уйга олдингми, йўқми?» деб сўради, кейин берди.

Зубайда унга кўзини қисиб қўйди. Демоқчи бўлдики, «менда ҳам соғинч бор» ва шу сўзларини кўзлари билан изҳор қилди.

Уйга борганларидан кейин ҳам Зубайда устун бўлди. У ўзини тетик кўрсатди. Ҳатто уялмасдан, соғинганини айтиб, қайнотасининг юзидан ўпди. Совға-саломлар берди ва биринчи марта ўзини катта олди. Илгари сира бунақа қилмаганди. Ҳозир беихтиёр катта кетиб қўйди.

— Ойижон, ақл ишлаганидан, меҳнаткаш бўлгандан кейин ҳамма нарсага эришавераркансиз. Агар олма пиш, оғзимга туш деганимда, бу нарсаларнинг ярмига ҳам эришолмаган бўлардим.

Санобар музлади. «Бу нима демоқчи бўляпти?» дея кўнглидан ўтказди. Қошларини чимирганча эрига қараб қўйди.

Кейин Зубайда уйига кириб кетгачгина Алим чолга ёрилди.

— Ўзидан кетяптими? — дея келинининг эшигига қаради.

— Билмадим. Менгаям ўзгариб қолгандай туйилди, — деди Алим чол бошини қашлаб.

— Ҳаммасига Достон сабабчи, ўлгудай латта. Оғзидаги ошини бировларга едириб қўяди. Бу, янгилик тўғрисида гапирмадиям. Ўладими, ҳеч қурса кўнглим айнияпти, деб қўйса.

— Энди ҳамма гапни бирдан айтаверсаям бўлмайди-да. Ўзи сен ҳам ғийбатчи хотинларга ўхшаб қолаётгандайсан.

— Бекор айтибсиз. Аёл бошқача кўз билан кўради. Қаранг, Достон лом-мим демади. Ёки деярли гапирмади. Сўрашди, холос. Болам бечорани бу шўртумшуқ бутунлай қўлга олволганга ўхшайди.

— Худди сен мени олганингдай.

— Мен сизни қўлга олибманми? Қачондан бери менинг айтганим билан юрадиган, менинг айтганимни қиладиган бўлиб қолдингиз?! — деди Санобар овозини бир парда кўтариб.

— Агар сенинг йўлингга юрмаётган бўлсам, сен сира хавотир олма, боланг ҳам юрмайди…

— Ишқилиб, шундай бўлсин. Тўғри, биз ниҳоятда демократ, замонавий оиламиз. Аммо, барибир, болангнинг бурнидан биров ип ўтказиб олганини кўрсанг, алам қиларкан.

— Гапни кўпайтирма, гўштни хизматкорга бер. Битта мазасини билайлик. Жуда қовуриб юбормайди, сал қиздиради, дедими Зубайдахон? — деб бурнини тортиб қўйди Алим чол.

— Ҳа, шундай…

Зубайда уларни деразадан кузатди. Илло, у ўзининг хато қилганини мақтанган пайтининг ўзидаёқ сезганди. Бироқ гапириб бўлди. Шундай экан, энди афсусланишдан фойда йўқ. Аммо кейин унда қизиқиш пайдо бўлди. Қайнона-қайнотасининг хатти-ҳаракатларини билгиси келди. Шу боис хонасига кирганиданоқ (бу пайтда эри ҳаммомда чўмилаётганди), дераза ёнига борди. Парданинг бир чеккасини озгина очди. Қаради. Оғиз қимирлашларидан, қўлларнинг имо-ишораларидан уларнинг бир-бирларига қаттиқ гапираётганини тушунди. Сўнг: «Баттар бўлишсин, нима, ҳар доим ялтоқланишим керакми?! Бўлди, етарли. Бундан бу ёғига улар менга ялтоқланишади. Саъдулланинг онаси билан танишиб олайин, кейин керак бўлса, ётоғимга емак-ичмагимни келтириб беришади… Балки, кўчиб кетарман. Чунки уйимда ўзим эмин-эркин ётишим керак», дея кўнглидан ўтказди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: