Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (15-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (15-қисм)

У эрини кутиб ўтирмади. Чўмилиб чиқишни ҳам истамади. Шундай каравотга чўзилди-ю, кўзларини юмди. Ширин энтикди. «Ҳамма нарса ўзим ўйлагандай бўляпти, яна озгина ҳаракат қилсам, ҳаммаси зўр бўлади», дея кўзларини юмди.

Энди уйқу элитган экан, эрининг қўлларини сезди.

— Чарчаганман. Жудаям. Безовта қилманг! — деди кескин ва ўгирилиб ётди.

Достон индамади. Индашга ўзида куч топмади. Жисмоний эмас, руҳий куч. Чунки ўтган кунлар, Саъдулланинг Зубайдага муносабати унинг «дами»ни анча кесиб қўйган эди.

У ҳам ётди. Бироқ самолётда мизғигани сабаб ухлаёлмади. Туриб, ташқарига чиқди. Отаси хонасига кириб кетибди. Биргина онаси ўтирган экан.

— Кел, болам, — деди Санобар атайлабдан юмшоқ овозда, — бу, янгилик тўғрисида иккаланг ҳам гапирмадинг.

— Бор. Янгилик бор. Зубайда шундай деди…

— Ана энди яхши бўлди. Индамай кириб кетганларингга ичимни ит тирнаётган эди. Зубайдани чақир, табриклаб қўяйин.

— Ойи, у ухлаяпти. Самолётда ухлаёлмади.

— Ҳа-а, у бундан бу ёғига эҳтиёт бўлиши керак. У бугундан ортиқча ҳаракат қилмасин. Бошдан ўтказган мен биламан.

— Ҳеч нарса қилмайди-ку.

— Ишини айтаман. Қўли билан бир нималар қилмасаям, тили билан қилади. Бунинг устига, асаби ҳам бузилиши мумкин.

— Ишламасинми?

— Ҳозирча ишламай турганиям яхшими, дейман-да. Аммо уйдаям сиқилиши мумкин. Мен қанча сиқиламан! Бир хил пайтлари қочиб кетгим келади. Лекин анави ҳар хил ўтиришларга бормасин. Ўзинг ҳал қилиб келавер.

— Ҳа, бўпти.

— Яна битта гап, болам. Сенинг кўнглинг жудаям очиқ. Лекин бу қилиғинг замонга мос келмайди. Яна таниш-билишларингнинг ҳаммаси нозик одамлар. Шундай экан, ичкиликни сал олди-орқангга қараб ич. Жуда маст бўлиб қолма.

— Хўп. Қорним очди, ойи.

— Эй-й, тўхта. Анави ўлгур қаёққа кетди? Аданг ҳам гўштни пишириб келишини кутмасдан хонасига кириб кетди.

Санобар шундай деб ўтирган жойида хизматкорни чақирди. Койиди. Гўштни келтиришни буюрди. Кейин чолини ҳам чақиртирди.

Алим чол қуруқ келмади. Ўша ўзининг эски «зорманда»сини қўлтиқлаб келди…

Улар ҳайратга тушишди. «Бунақа гўштни ҳеч қачон емаганмиз», дейишди. «Аммо сўйилганданоқ ейиш бошқача бўлса керак. Бир ташкил қиласан. Бориб, жойида еб келамиз», деди Алим чол.

Аммо бориб еб келиш унинг пешонасига ёзилмаганлигини билмасди.

Зубайда уйда ўтиришга кўнмади. «Ёрилиб кетаман. Ишда юрганим маъқул», деди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. У Талъатга дуч келди. Шунчаки ўзимас, унга ҳайдовчи зарур бўлиб қолди. Олдин машинасини «Жигули»га уриб олди. «Жигули»нинг эгаси бир чол экан. Оғриниб машинасидан тушди. Сўнг ундан олдин уловини тарк этган Зубайдага бир қаради-ю, шу заҳоти кўзини олиб қочди. Чунки Зубайданинг кийимлари керагидан ортиқ очиқ эди. Бунинг устига, у калта кўйлакда эди.

— Кет, — деди чол бирдан, — кет! Кўзимга кўринма! Садқайи сенга тарбия берганга…

Зубайда миқ этолмай қолди. Лаблари титради. Бир хаёли чолни ер билан битта қилиб ташласамми, деб ўйлади. Кейин одамлар йиғила бошлаганига кўзи тушиб, дарров машинасига ўтириб олди. Кўзи ёшга тўлди. Яқин вақтлар ичида у бунчалик хўрланмаган эди. Унинг кўзлари, қулоқлари уни кўкларга кўтаришларига ўрганиб қолган эди. Чолнинг икки оғиз гапи уни ер билан битта қилиб кетди. Ота-онасини тупроққа қориштириб кетди. «Гилдираб қолган аравасини ўн баробар қилиб пулини берардим. Керак бўлса, унинг ўрнига «Мерс» совға қилардим. Лекин у гаплашишни ҳам истамади. Менинг тарбия кўрган-кўрмаганлигимни қаёқдан ҳам билибдики, уйимдагиларни ҳақорат қилса…» дея кўнглидан ўтказди.

Машина рулига бошини қўйди. Кўз ёшини рулга оқизди. Сўнг моторни ўт олдирмоқчи бўлди. Лекин қилолмади. Қўллари қалтирай бошлади.

Ана шу пайтда ЙПХ ходими келиб, деразасини тақиллатди.

Зубайданинг кўз ёшлари киприкларига суртилган бўёқни чаплаб юборганди. Кўзининг атрофи қорага бежалганди. У ана шундай ҳолда ходимга қаради ва эшик деразасининг ойнасини туширди.

— Ёрдам керакмасми? — деб сўради ажабланган ходим.

— Йўқ, — деди Зубайда йиғлоқи овозда.

— Балки, машинангизни олиб бориб берармиз.

— Йўқ, шартмас.

— Машинани нимага урдингиз?

— Кўрмадингизми?

— Йўқ.

— «Жигули»га.

— У қани?

— Кетди.

— Нега?

— Билмадим.

— Сиз урдингизми?

— Ҳа.

— Унда расмийлаштирамиз, гувоҳномангизни беринг.

Зубайданинг кўзи ўзининг оёғига тушди. Илло, ходимнинг шу ёққа қараб қўйганини кўрганди у.

— Сизнинг ўзингизни расмийлаштириб қўйишади.

— Пўписа қиляпсизми?

— Йўқ. Айтяпман.

Зубайда шундай деб ёнидаги ўриндиқ устида турган пушти рангдаги телефонини қўлига олди-да, эрининг рақамини терди. Унга машинани уриб олганини, ЙПХ ходими ҳужжатлаштирмоқчи бўлаётганини айтди. Достон шу заҳоти қутурди: «Исмини, кўксидаги медальон рақамини сўра», деди.

Зубайда эрининг айтганини қилди. Шу билан эри телефонни ўчирди.

— Ҳозир сизга қўнғироқ қилишаркан, — деб Зубайда бурнини тортиб қўйди.

Дарҳақиқат, тезда ходимнинг телефони жиринглади. Ходим дарҳол уни олди. Экрандаги ёзувни кўриб, кўзи олайди ва сал нари кетди. Зубайда унга қарамади. Бошини эгиб, хўрлиги келганча, пешонасини силади. Илло, ҳамон унинг қулоқлари остида чолнинг овози жаранглаб турарди. «Сенга тарбия берган, тарбия берган», дея пичирлади Зубайда.

Ходим дарров қайтиб келди.

— Келинойи, минг бор узр, мен сизни мутлақо танимабман. Машинанинг номерини ҳам билмас эдим. Мени кечиринг. Ҳозироқ ўзим машинани устахонага олиб бориб, тузаттириб бераман. Ўзингизни айтган жойингизга олиб бориб қўяман, — деди шошиб.

— Керакмас. Сиз қилолмайсиз. Шукр қилинг, қаерга қараганингизни айтмадим…

Зубайда шундай дейиши билан бирдан яна чолнинг сўзларини эслади. «Ҳа-а, — деди ўзига ўзи, — бекордан-бекорга ҳақорат қилмаган экан. Сипороқ юришим керак эди…»

— Кеннойи, мен ҳеч қаерга қарамадим. Қараган бўлсам, кўзларим оқиб тушсин…

— Ундай деманг, — деб энди жилмайди Зубайда, — бўлмаса, ҳақиқатан ҳам оқиб тушади. Фақат менинг олдимда юринг, мен офисга бораман. Машиналар йўлимни тўсмасин. Юришимга халақит беришмасин.

— Хўп, ҳайданг ортимдан.

Ҳамма сенга йўл берса, светофорнинг қизил чироғидан ҳам тўхтамай ўтиб кетаверсанг, бошқача бўларкан. У доим қоидага амал қилиб юрарди. «Мен қонунга бўйсунувчи ҳайдовчи бўламан», дерди ўзига ўзи. Ҳозир эса қонунлар унга тўсқинлик қилмайди. Унинг йўли очиқ. Истаганча газни боссин, биров бир нарса демайди…

Ишхонасига етишига ҳали бирор километрча бор эди. Бирдан унинг кўнгли айний бошлади. Ўқчиди. «Наҳотки бошимдан лат еган бўлсам? — деб ўйлади. — Лекин ҳеч нимага урилмадим-ку. Қандай қилиб?.. Йўқ, ёмон асабийлашганга ўхшайман. Чунки кўнглим нозик. Кўнгли нозик одамнинг озгина асаби бузилса ҳам, мазаси қочади…»

У бошқа ҳайдаёлмади. Олдинда кетаётган машинага бир-икки марта чироғини ёқиб-ўчириб, хабар берди-да, ўзи машинани четга олиб тўхтатиб, шоша-пиша тушди. Зўрға машинасини айланиб ўтди-да, бирдан бетон ариққа энгашиб, яна ўқчиди. Қайт қила бошлади.

Ундан олдинроққа тўхтаган машинадан сакраб тушган ходим югуриб келди.

— Сизга нима бўлди?! — дея ҳовлиққанча сўради.

Зубайда жавоб бермади. Бошини чайқаб «билмайман» ишорасини қилди. Аммо ходим ишорани тушунмади.

— Тез ёрдам чақирайинми?! — деди ҳовлиқиб.

Зубайда бу сафар «керакмас» дегандай бошини қимирлатди.

Шунда ходим югуриб бориб, ўзининг машинасидан сув олиб келди. Бунгача Зубайда бошини ҳам кўтармаган эди.

У сув қуйиб турди. Зубайда юз-қўлини ювди. «Шарманда бўлдим, кўрганларнинг ҳаммаси устимдан кулди», дея кўнглидан ўтказди ҳамда ходимга қараб:

— Машинани ҳайдайсизми? — деди.

— Ҳа, ҳайдайман. Яхшиси, меникига ўтиринг, сизники…

— Йўқ.

Унинг шу бир оғиз сўзи кифоя қилди. Ходим югуриб бориб машинасини қулфлаб келди.

— Бошим отилиб кетай деяпти. Фақат тезроқ ҳайдайсиз, — деди Зубайда ҳайдовчининг ёнидаги ўриндиққа ўтирганидан кейин ходимга.

— Ҳа, хўп. Лекин, кеннойи, олдин бир дўхтирга кўриниб кетсак яхши бўларди, — деди Зубайдага қараб қўйган ходим машинани осонгина жойидан қўзғатар экан.

— Керак бўлса, уларнинг ўзлари келишади. Сиз ҳайдайверинг, — деб Зубайда кичик юххонани очди. У ерда ҳар доим салқин ичимлик бўлади. Европадан келтирилганидан. Чунки у бу ердан чиққанларини ичмайди.

Ичимлик унинг руҳини бироз кўтарди. Кўнгил айнишиям қолгандай эди. Шу боис:

— Машина қалай экан? — дея сўради ходимдан.

— Супер. Енгил. Юмшоқ. Бўйсунувчан.

— Ҳа, шундай. Инжиқ аёлман. Олаётганимда махсус мутахассислар кўриб беришган.

— Қандай қилиб уриб олганингизга тушунмадим, — деди жувоннинг ўзи билан гаплаша бошлаганидан руҳланган ходим.

— Ўзим ҳам билмайман. Хаёлим телефонга қочди, менимча. Шу билан овора бўлиб, «Жигули»ни кўрмай қолибман.

— Рақамини эслаб қолмадингизми?

— Йўқ-да.

— Чатоқ бўлибди.

— Лекин битта чол эди. Қайсар чол… Агар машинани уриб олсам, бошқа бу машинани минмайман, дегандим. Лекин кейинчалик яхши кўриб қолдим. Ёқиб қолди бу машина менга. Энди бундан қандай воз кечаман? Шунисига ҳайронман.

— Сизга худди мана шунга ўхшаганидан олиб беришади.

— Йўқ, бошқаси керакмас. Мен «одна любов»ман. Биттасига ишқим тушса, бошқасининг башарасига ҳам қарашни истамайман. Агар таъмирлатсам, аввалгидай қилиб беришармикан?

— Бўлмасам-чи. Олдингисидан ҳам зўр қиладиган усталар бор. Ундан кейин машинангизга қаттиқ шикаст етмаган. Олди сал пачоқ бўлибди. Бунинг йўли осон… Ҳалиги, мен сизни танимасдан, билмасдан ёзаман деганим учун кечиринг…

— Қўйсангиз-чи. Унутиб юбордим ўша жойнинг ўзидаёқ. Умуман, мен арзимас нарсаларгаям хафа бўлиб қоладиган аёл эмасман. Сиз вазифангизни бажардингиз, холос. Агар эримдан қўрқаётган бўлсангиз, унга ўзим айтиб қўяман.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: