Турк қаҳвасининг ўзига хослиги нимада?

Турк қаҳвасининг ўзига хослиги нимада?

Турк қаҳваси ўзининг ноёб таъми ва махсус тайёрлаш жараёни билан Туркияда албатта татиб кўриш керак бўлган энг ҳақиқий лаззатлардан биридир. Бироқ, турк турмуш тарзига чуқур сингиб кетгани туфайли қаҳва бу мамлакатларда нафақат кофеинли ичимлик, балки меҳмондўстлик ва дўстлик рамзи ҳисобланади. Турк маданиятида чуқур ўрин эгаллаган бу хушбўй ичимликни бирга ичиш одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган, суҳбатни чуқурлаштирадиган қадрли лаҳза демакдир. 2013 йилда ЮНEСКО турк қаҳвасини номоддий маданий мерос рўйхатига киритди. Ўшандан бери 5 декабрь “Бутунжаҳон турк қаҳваси куни” сифатида нишонланади.

Қаҳва биринчи марта Усмонийлар империяси даврида Яман орқали Истанбулдаги Султон Сулаймон саройига келган. Сарой ошхонасида уста ошпазлар қаҳва тайёрлашнинг янги усулини ишлаб чиқдилар. Турк қаҳваси асрлар давомида турк маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Уни ноёб жиҳати шундаки, тайёрлаш усулининг ўзига хослигидадир. Мазали турк қаҳваси учун жуда майин майдаланган қаҳва талаб қилинади. Қаҳва махсус узун тутқичли кичкина кофе идишида тайёрланади ва у “cezve” деб аталади, тайёр қаҳва кичик финжонларда дастурхонга тортилади. Қаҳва таркибидаги шакар миқдорига келсак, “sade” яъни оддий қаҳвани бир оз шакарли ёки ширин ёхуд енгил ширин таъм берилган тарзда ичиш мумкин. Турк қаҳваси анъанавий равишда бир стакан сув ва турк локуму билан бирга келади. Сув қаҳва ичувчиларга танглайини тозалашга ва қаҳванинг тўлиқ таъмини сезишга ёрдам беради. Ҳаттоки турк тилидаги “kahvaltı” (нонушта) сўзи ҳам “қаҳвадан олдинги таом” маъносини беради, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Туркияда қаҳва ичиш учун ҳар доим сабаб бор. Қаҳва ҳар овқатдан кейин овқат ҳазм қилиш учун истеъмол қилинганлиги сабабли, у дўстлар билан суҳбатлар ёки меҳмондорчиликларда ҳамроҳ бўлади. Диний байрамлардан тортиб то тўй маросимларигача махсус кунлар турк қаҳвасисиз ўтмайди.

Гурмелер учун турк қаҳваси навлари

Классик турк қаҳваси ҳар куни мамлакат бўйлаб истеъмол қилинса-да, ҳар бир минтақада кўплаб навлари мавжуд. Мисол учун, мастик дарахтлари кўп бўлган Эгей минтақасида турк қаҳваси мастик елими билан тайёрланади. Кофеинсиз ва мевалироқ таъмга эга бўлган мененгич қаҳваси Газиантепга хос лаззатдир. У Туркиянинг жануби-шарқий қисмида жойлашган турпентин дарахтининг уруғларидан тайёрланади. Худди шундай, мирра қаҳваси жануби-шарқий Мардин ва Шанлиурфа шаҳарларида афзал кўрилади. Мирра дунёдаги энг кучли қаҳвалардан бири бўлиб, тутқичсиз кичик стаканларда берилади. Енгилроқ қаҳвани афзал кўрганлар учун майдаланган дибек қаҳваси идеал бўлиши мумкин. Турк қаҳваси навлари, шунингдек, қиздирилган қум, кўмир ёки кул устида пишириш усули билан ҳам фарқланади.

Кўпикли турк қаҳваси қандай тайёрланади?

Бутунжаҳон турк қаҳваси кунини кўпикли турк қаҳвасини тайёрлаш билан нишонлаш мумкин. Бошлашдан олдин, қаҳва доначаларининг иложи борича янги эканлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Фильтрли қаҳвага қараганда майин майдаланган қаҳва керак бўлади. Жезве идишида қаҳвани сув билан аралаштириб, хоҳлаганча шакар қўшиб, паст оловда қайнатилади. Қаҳва қайнаб чиққанида, унинг устида кўпикли қатлам ҳосил бўлади. Эҳтиёткорлик билан қуйилса, кўпик тепада қолади. Бир стакан сув билан қаҳвани ичиш мумкин. Қолаверса, бу ажралмас ичимликни ўз ватанида татиб кўриш ўзгача завқ улашади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: