Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (16-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (16-қисм)

Ходим Зубайдага билдирмай ютиниб қўйди. Илло, у ҳамон ўзига келолмаётганди. Ахир бошлиғи ёмон сўкди. Бошлиқлар нима гап-сўзлигини суриштириб ўтиришмайди. Бирдан сўкишга тушиб кетишади. Ҳақиқатни билганларидан кейин эса… Барибир, кечирим сўрашмайди. Ходим ўрганиб қолган. Бироқ бу сафаргиси бошқача бўлди…

— Сиз яхши ҳайдаркансиз, — деди унга Зубайда.

— Ҳа, малака оширганман. Бир неча марта имтиҳон топширганман. Чунки бизнинг хато қилишга ҳаққимиз йўқ.

— Уйланганмисиз?

— Йўқ, — деб ходим Зубайдага ўғринча қараб қўйди.

Зубайдага унинг уйланмагани ёқди. Меҳри товланди…

— Мен сизни ишдан олдиртираман, — деди у хотиржамлик билан.

— Нега?! — дея сўради бирдан қўрқиб кетган ходим. Ахир у яқиндагина ишга ўтганди. Ҳа, эндигина олти ой бўлди. Ҳали берганларининг ўндан бирини ҳам қайтариб олгани йўқ. Агар ҳозир лавозимидан учиб кетса, кейин тамом… Қишлоғида шарманда бўлади. Аксига олиб, ишга ўтган куни уйида катта байрам уюштирган. Синфдош дўстларини, таниш-билишларини чақирган. Отаси мард кетиб, битта қўйни бўғизлаган… Ўшанда унга ҳамманинг ҳаваси келган. «Бундан бу ёғига пичоғинг мой устида бўларкан», деган. Энди эса бирдан манавиндай ишкал. Ишкал бўлиб ишкал ҳам эмас. Шунчаки, адашиб қолиш. Икки оғиз… Ўзи, аслида, нотўғри гап ҳам эмас…

— Нима, мен билан ишлашни истамайсизми? — деб жилмайди Зубайда.

— Сиз билан? Қандай қилиб? Ким бўлиб? — деб сўради ҳайдовчи ҳовлиққанча.

— Менга ёрдамчи ва яна ҳайдовчи бўлиб. Айтяпман-ку, сизнинг машина бошқаришингиз менга ёқди, деб. Ҳар қалай, оладиганингиз ҳозиргидан кўп бўлса кўп бўладики, асло кам бўлмайди.

— Лекин, — деди бироз ўзини босиб олган ходим, — мен ҳали бундай таклифга тайёр эмасдим-да. Кутилмаганда бўлди.

— Кутилмаганда бўлган нарсалар зўр бўлади. Рози бўлаверинг. Рози бўлмасангиз ҳам қўймайман. Кўнмасангиз, эримга бошқа нарсани айтаман. Ҳозир у қутурган. Менга ҳечам бақирмаган. Аммо боя қўнғироқ қилганимда бақирди. Шундаям менга эмас, сизга бақирди. Яна сўкиндиям. Кўрдингизми, ҳатто сиз билан гаплашишни истамади. Улар сизнинг амалингиздагилар билан гаплашмайди… Яна айтаверсам, гап кўп. Исмингиз нима?

— Талъат, — деди хаёли бузилган, ичига яна қўрқув кирган ходим. Салгина аввал у бироз енгил тортганди. Энди эса бирдан оғирлашиб қолди.

— Талъатжон, мен сизга ҳозирги оладиган маошингиздан икки баробар кўп тўлайман. «Леви» пулларингизнинг ҳам ўрнини қоплаб бераман. Аммо мендан оладиганингизда ҳеч нимадан қўрқмайсиз, ола мушукка ўхшаб алангламайсиз. Шундай оласиз-у, чўнтагингизга соласиз. Тилингиз ва кўзингизни эҳтиёт қиласиз. Қулоғингиз баъзи нарсаларни эшитмайди, тамом-вассалом.

Талъатнинг кўнишдан ўзга йўли йўқ эди. Чунки булар жуда ёмон. Агар шу ёмонликларини ишга солишса, нафақат ишдан бўшатишади, балки қамаб юборишлари ҳам мумкин.

— Майли, — деди у паст овозда.

— Кўнишингизни билардим. Ақлли йигитлар ҳамиша шундай қилишади. Қолган гапларнинг ҳаммасини кейин айтаман.

Шундай деб Зубайда яна салқин ичимликдан ичди. Бу сафар унинг дили яйради…

Достон унинг офисига келибди. Бармоқлари орасида чеккулик у ёқдан бу ёққа бориб келяпти. Гўё осмон узилиб, тўғри унинг бошига тушган-у, у чиқиб кетиш йўлини тополмай қийналяпти. Яна ҳов нарироқда олтита қўриқчиси, улар хўжайинни кузатиб туришибди. Улар ҳам ташвишда. Ахир хўжайин бекордан-бекорга бундай оғир аҳволга тушмайди. Нимадир жиддий масала бўлган. Улардан баъзилари: «Хўжайиннинг оёғи сирпанганга ўхшайди, агар шундай бўлса, секингина суриб қолиш керак», дея ўйлашаётганди ҳам.

Машина тўхтади. Талъатнинг кўзи Достонга тушиши билан юраги шув этди. «Ўлдим», дея хаёлидан ўтказди ва тушишга шошилмади. Жувон эса чаққонлик билан эшикни очди.

— Сенинг машинангни тўхтатишга қайси итнинг боласининг ҳадди сиғди! — деб бақирди Достон.

Очиғи, шу лаҳзада Талъат ҳатто қочиб кетишга ҳам тайёр эди.

— Тисс, жим! Катта кўчадасиз! — деди Зубайда унга яқинлашиб бораркан.

Достон машинадан тушмай ўтирган ходимни кўрди. Тепа сочи баттар тикка бўлди. Ўзига яқин келган хотинини четга суриб югурди. Талъатнинг баттар юраги ўйнади. У шоша-пиша машинадан тушишга чоғланди. Шунда унинг ёнига етиб келган Достон бирдан ёқасидан олди.

— Ҳали сен ит эмган менинг хотинимни ёзмоқчи бўлдингми?! — дея бақирганча қулочкашлаб юзига мушт туширди.

Достоннинг деярли кучи йўқ эди. Шу боис зарба қаттиқ бўлмади. Аммо бу ерда цирк кўрсатиш керак. Агар кўрсатмаса, каттароқ балоларнинг тагида қолиб кетиш мумкин. Шу боис ходим ўзини ерга ташлади. Бу пайтда Достоннинг ёнига Зубайда етиб келиб, унинг қўлига ёпишди.

— Бас қилинг!!! — дея бақирди у.

Достон ҳайратланиб хотинига қаради. Қизариб-бўзарди. Кўзлари олайди. Биринчи марта, ҳа, биринчи марта Зубайда унга овозини баландлатди. Майда жеркишлар бўлган. У пайтларда ёнларида ҳеч ким бўлмаган, аммо ҳозир қанча одам қараб турибди. Шуларнинг кўз ўнгида хотини унга бақирса!

— Тушунмадим? Нима дединг?! — деди Достон хотинига.

— Бас қилинг, деяпман. Обрўйингизни сақланг деяпман. Билиб-билмасдан битта одамни урманг деяпман. Ҳаммасини ўзим тушунтириб бераман, деяпман…

Достон аввал, унинг ортидан Зубайда юрди. Офисга, Зубайданинг хонасига киришди. Шу ерда Достон хотинини тарбиялаб қўймоқчи эди, аммо тескариси бўлди. Олдин Зубайда ҳужумга ўтди ва ютди.

— Нега бунақа қилдингиз? — деди у эрига.

— Нима қилишим керак эди?! — дея пешонасини тириштирди Достон.

— Саъдулла ака эшитса, бошқа дўстларингиз билишса, Достоннинг ҳам даражаси ўта паст экан дейишмайдими? Сиз сиёсатни ўйламадингизми?

— Яна қанақа сиёсат?

— Сизнинг юриш-туришингиз, бошқалар билан муомалангиз — ҳамма-ҳаммаси сиёсат. Одамлар шунга қараб фикр қилишади…

— Лекин сени…

— Нима бўлган тақдирда ҳам масалани босиқлик билан ҳал қилишингиз керак. Мен сизни жуда баландга олиб чиқишни режалаштирганман. Агар сизнинг ўзингиз менга ёрдам бермасангиз, дуч келган жойда дуч келган одамга ташлансангиз, масаланинг моҳиятини билмай туриб ҳаракат қилсангиз, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди!..

— Сен анавини ҳимоя қиляпсанми?!

— Ҳа. Чунки уни ҳимоя қилиб, сизнинг обрўйингизни оширяпман. Сиз бошқача бўлишингиз керак.

— Ҳа, бўпти, бироз қизишиб кетибман.

— Кечирим сўрамайсизми?

— Кимдан?

— Мендан.

— Узр.

Зубайда кулди. «Қаёққа ҳам борардинг? Бўйнингга аллақачон ип ўтказиб олганман», дея кўнглидан ўтказди. Сўнг бир-бир қадам босиб, Достоннинг ёнига келди-да, уни қучди. Чўзилиб эрининг юзидан ўпди. Кейин:

— Яна бир иш қилдим, — деди оҳиста.

— Нима экан? — дея сўради Достон хотинининг сочларини силаркан.

— Бундан кейин машина ҳайдамайман. Анави болани ўзимга ҳайдовчи қилиб оламан. Келаётганда шантаж қилдим. Ишдан ҳайдаттириб юбораман деб. Менда ишлайсан, дедим.

Зубайда шундай дейиши билан яна ўқчиди. У эрининг қучоғидан чиқди-ю, икки букилди. Ўқчиш давомли эди. Йўлда ичида борини тўкиб ташлаганди. Энди сариқ сувдан бўлак ҳеч нима чиқмади.

— Сенга нима бўлди?! — деб бошидан ушлади Достон, сўнг котибани чақирди. Унга сув келтиришни буюрди.

Котиба унинг ранг-рўйига қараб, бундан аввал шундай бўлган-бўлмаганлигини сўраб билганидан сўнг:

— Билмадим-у, аммо мен сизни табрикласамми, деяпман, — деди табассум қилиб.

— Нега? — дея сўради Зубайда.

— Ҳомиладорга ўхшайсиз.

— А-а-а-а!!! — деб бақириб юборди Зубайда.

— Йўғ-э! — деди Достон.

Кўзлари ёшга тўлган Зубайда эрига жовдираб қаради. Буниси ҳақиқий эди. Бунисида алдов, ғирромлик йўқ эди. Ахир шуни кутаётганди. Буни қарангки, Аллоҳ яна уни қўллади. Яна унга омад берди. Бунақанги пайтда хурсанд бўлмасинми?..

У бирдан эрининг бўйнидан қучоқлаб олди.

— Бахтлиман! — дея пичирлади Достоннинг қулоғига.

— Мен ҳам, — деди шу заҳоти хотинининг юрак уришини эшита бошлаган Достон.

Котиба эса уларга жилмайиб қараб турарди. Ҳаваси келарди. «Бунчалар ҳам бахтли бўлмаса булар», дея кўнглидан ўтказарди.

Зубайда эрининг қучоғидан дарров чиқди ва энди котибани бағрига босди. Ҳатто юзидан ўпиб қўйди. Кейин:

— Ҳозир-ҳозир… Ҳар қандай хушхабарнинг мукофоти бўлиши керак. Катта хушхабарники катта бўлади!.. — дея сумкасини кавлади.

У сумкачасида доим камида эллик минг доллар олиб юрарди. Бугун эса бир юз эллик минг солганди. Шундан эллик мингини чиқарди ва котибага узатди. Котибанинг кўзи чиқиб кетай деди. У ортига тисарилди. Бошини чайқаб:

— Йў-ў-ў-қ, ололмайман, жудаям кўп! — деди йиғламоқдан бери бўлиб.

— Мен учун арзимас, аммо янгилик бундан-да катта. Олинг, тез бўлинг! Айтганимни қилинг!..

Котиба қўллари қалтираб, кўзлари ёшга тўлиб, ишониб-ишонмай пулни олди. Югуриб хонадан чиқиб кетмоқчи бўлганида, Зубайда уни тўхтатди.

— Шошманг. Бу онасиники, — деди у ва эрига юзланди, — қани, адажониси, суюнчини чўзинг-чи!

Достон бирдан қўлини шимининг чўнтакларига урди. Сўнг телефонини олиб, тезликда рақам тера бошлади.

— Йўқ, йўқ, йўқ! Бунақаси кетмайди. Бу нарса бировнинг қўли билан бажарилмаслиги керак! Чунки ўзимизники! Фақатгина иккимизники! — дея ўзининг кўз ёшларини артди.

— Унда, мен ҳозир, — деб Достон ташқарига югуриб чиқиб кетди.

Котиба эса кутилмаганда бирдан тиз чўкди. Ахир у умрида бунча пулни ушлаб кўриш у ёқда турсин, ҳатто орзу ҳам қилмаган. Оилавий ётоқхонада яшайди. Ўзига қараган, қадди-қомати келишган чиройли қиз. Бироқ тақдири бошқача. Ёшлигида отаси ўлиб қолган. Онаси бошқа турмушга чиқмаган. Шу битта қизни вояга етказиш билан шуғулланган. Оилавий ётоқхонани ҳам отаси бир пайтлар олган… Улар, аслида, вилоятдан келишган. Ота ўлгач, улар бу ердан кетишмаган. Онаси истамаган.

Сўзни чиройли талаффуз қилиши, фаросати сабабли Зубайданинг ўзи уни котиба қилиб олган эди. Сочи қора эди. Бироқ Зубайда сариққа бўяшни буюрди. Маош катта. Онаси билан маслаҳатлашди. Она бироз ўйланиб, кейин рухсат берди…

— Опа, опажон, илтимос, мен кўтаролмайман. Керакмас! — деди шўринг қурғур кўзидан дув-дув ёш оқизиб.

Зубайда кулди. Унинг ёнига келиб елкаларидан тутиб, секин ўрнидан турғизди, сўнг бағрига босиб:

— Бугундан бошлаб «опа» деган гап йўқ. Иккаламиз тенгдошмиз, ўртоқ-дугонамиз. Олаверинг, бераётганимда олаверинг. Мен сизнинг қанчалик ҳалол қизлигингизни жуда яхши биламан. Шу берилган пуллар билан биз камбағал бўлиб қолмаймиз. Бу пул ўлгур, шунақа кўпайиб кетганки, энди нима қиларимизни билмай сарсонмиз. Ундан кейин бойга жин урмайди, — деди.

— Ойим ишонмайдилар! — деди котиба йиғлоқи овозда.

— Нодирахон, жуда ишонмасалар, ўзим бориб ишонтириб келаман!..

Шу пайт бир пакет пул билан Достон кириб келди.

— Мен аёл зотидан орқада қолиб кетишга ўрганмаганман. Менинг олиб юрадиганларим сумкачага сиғмайди! — деди у.

Нақд бир юз эллик минг доллар. Энди котиба ақлини йўқотиб қўйди. Стулга ўтириб қолди. Энди у йиғламасди, атрофга олазарак боқар, нималарнидир қидирарди…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: