Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (20-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (20-қисм)

Зубайда эса қўлини иягига тираб, хаёлга чўмди: «Эсизгина, ёмон зўр йигит экан. Эринг бўлса, мана шунақанги бақувват, чиройли бўлса… Аммо менинг даражам бошқа-да… Мабодо мен Достонга эмас, мана шу йигитга турмушга чиққанимда, уни Достондан ҳам ўтказиб юбора олармидим? Балки. Унинг пули йўқ. Лекин пул менда бор. Катталар орасида унинг таниш-билишлари йўқ. Лекин менинг дадам ҳоким. Кичкинагина ҳоким. Шу имкониятда туриб… Меҳнати, машаққати кўпроқ бўларди. Аммо уддалар эдим… Энди эса… У Нодирага мос. Лекин Нодира-чи? Ҳа, пишиққина, пухтагина қиз, яна гўзал… Йўқ, Зубайда, ўтлаб кетма, қиладиган ишларинг тиқилиб ётибди. Агар майда-чуйдаларга эътибор бераверсанг, қачон катта нарсалар билан шуғулланасан?..» У хаёлан ўзини ўзи шундай деб койиганидан сўнг, компьютер экранига нигоҳини тикди. Анчадан бери ҳисоб-китобларга қарамай қўйганди. У назорат қилмасаям, ҳамма ишларни дўндириб қўядиган бухгалтерлари бор. Улар унча-мунчага хато қилишмайди. Чунки қўрқишади. Текширувчилардан эмас, Зубайдадан қўрқишади. Чунки Зубайда бошидан уларнинг ҳамма ишларини текшириб келаяпти. Ўтказган пулларини, тушумни — ҳамма-ҳаммасини… Майда деталларигача. «Яхшиямки, мактабда аълога ўқиган эканман. Яхшиямки, ҳисоб-китобни зўр биларканман. Йўқса, булар мени биттада алдаб кетишарди», деб мағрурланади у…

Зубайда ишга берилди. Ўзиям мароқ билан ишлади. Чунки қайси ҳисоботга қарамасин, фалон миллион, фалон миллиард соф фойда турибди. Бунақа пайтда одам жўшиб кетади-да. Жўшиш баробарида фойдани янаям ошириш йўлларини излайди… Зубайдадаям шунақа бўлди… У кетма-кет қаҳва буюра бошлади. Чунки ўн-йигирма дақиқа ишлагач, боши оғрийди. Битта қаҳва ичса, бирдан оғриқ қолади. Кейин яна ишга тушади… Агар Нодира бўлганида: «Бўлди, ошиб кетди. Ўзингизни ўйламасангиз ҳам, қорнингиздаги болани ўйланг», дерди. Аммо унинг ўрнида ўтирган аёлнинг бунга фаросати етмайди. У хўжайин буюрдими, бажариш шарт, дейди…

Зубайда бир жойда солиқ тўланмаётганини кўриб қолди ва бирдан шу ерда тўхтади. «Ҳозир отнинг устидамиз, биров мушугимизни пишт дея олмайди… Аммо худди шундай аҳвол юз йиллаб, минг йиллаб давом этади, деб ҳеч ким айтолмайди. Агар он ҳазратларининг оёғи сирпанса, Саъдулла қийшайиб кетса, шу заҳоти бизга ҳужум бўлади. Шу заҳоти биринчи навбатда мени олиб бориб тиқишади. Шундай экан, ўзимга пухта бўлганим яхши. Ўзи шундоқ ҳам пуллар кўп. Шкаф тўла, сейф тўла. Баъзан буларни энди нима қилсам деб бош қотираман…» — дея ўйлади у. Сўнг қабулхона қўнғироғини босди. Шу заҳоти Мавжуда кўриниш берди.

— Бош бухгалтерни чақир! — дея бақирди Зубайда.

Мавжуда чўчиб тушди ва бирдан эшикни ёпди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, корейс хотин пайдо бўлди.

— Нега? Нега солиқ тўламадинг?! — деб дағдаға қилди унга Зубайда. — Мақсадинг нима?! Мақсадинг мени турмага тиқишми?!

Бирдан бош бухгалтернинг ранги оқарди.

— Мен, ҳалиги… Йўқ, тўлаганман ҳаммасини. Солиқларни биринчи навбатда тўлайман… Фақат…

— Нима фақат?! — дея унга бақирди Зубайда.

— Кеча мазам бўлмай, тўлаб қўясан, деб Сожидага айтгандим…

— Қани у?! — деди жаҳл билан Зубайда.

Бош бухгалтер хонадан югуриб чиқиб, котибанинг телефонига ёпишди. Ўша заҳоти қўнғироқ қилиб, ёрдамчисини чақирди.

У дағ-дағ қалтирар эди. Гўё ҳозир бошлиқнинг хонасига кирса, ниҳоятда чиройли илон уни еб қўядигандай эди.

Ёрдамчиси келди. Унинг ҳам рангида ранг қолмаганди. Сариққина қиз эди. Ҳали бухгалтерия курсини битирганига бир ой ҳам бўлмаганди. Ёш эди. Энди ўн саккизга кирган эди. Йигити бор эди. Гоҳ-гоҳида хаёли унга кетиб қоларди. Гоҳ-гоҳида қиладиган ишини унутиб қўярди…

— Кир! — деди унга бош бухгалтер қалтираб. — Кириб жавоб бер!..

Ёрдамчи Сожиданинг лаблари титради. Ҳали нима гап-сўзлигини билмасдан кўзидан ёш оқа бошлади.

— Ўн соат кутаманми?!

Зубайданинг бу бақиришидан ҳар иккиси ҳам чўчиб тушди ва бошлиқнинг хонасига бараварига югурди. Сал қолса, эшик ёнида бир-бирига урилиб кетаёзди.

— Нима қилдинг?! — деди Зубайда Сожидага. — Менда қасдинг бормиди?!

— Опа, мен билмадим…

— Нима, менда қасдинг бор-йўқлигини билмадингми?!

— Қасдим йў-ў-ў-ў-қ!!! Нима қилганимни билмад-и-и-и-м!!!

— Ҳой қиз, агар мен кўриб қолмаганимда, сенинг кўз ёшларингни солиқчиларга кўрсатармидим? Мана, тўламаган солиқларим, пулларим деб! Нега солиқни тўламадинг? Бошлиғинг кеча сенга айтиб кетганмиди?

— Ҳа-а, — деди Сожида кўз ёшларини артиб.

— Нега тўламадинг унда?

— Эсимдан чиқиб, кетиб қолибман.

— Бошлиғингга уч оклад, сенга икки оклад жарима! Жўна иккаланг ҳам! Агар шу аҳволни яна бир марта кўрсам, иккалангни ўзим турмага тиқаман! Йўқол!..

Улар отилиб чиқиб кетишди. Ичларида қутулганига шукур қилишди.

Зубайда эса: «Бопладим. Яна унча-мунча эмас, нақ гирибонидан олдим. Энди улар мени ниҳоятда ҳалол деб ўйлашади. Бошқаларга ҳам айтишади. Қолаверса, қабулхонадаги хотин бу ердан кетиши билан қанча одамнинг қулоғига пичирлаб чиқади: «Қаттиққўл ва ҳалол», деб. Зўр! Энди бунинг ёнига гўзал ва меҳрибон ҳам қўшилса, ҳаммаси идеал бўлади».

— Эсиз, — дея пичирлади унинг лаблари, — ҳомиладор бўлмаганимда, озгина олардим.

Шундан сўнг у ишламади. Телефон титкилади. Инстаграмдаги видеоларни томоша қилди. Шу зайлда вақт ўтганини сезмай ҳам қолди…

Эшик тақиллади. Зубайда у томонга қараб ҳам қўймасдан:

— Киринг! — деди.

— Ассалому алайкум!

Нодиранинг нозик, меҳрли овози уни бошини кўтаришга мажбур этди.

— Нодира! Жоним! — дея ўрнидан турди Зубайда.

Нодира қучоғини очиб югуриб келди. Зубайда зўрға ўрнидан турди. Иккаласи қучоқлашди. Нодира йиғлади.

— Раҳмат, раҳмат, раҳмат! — дея оларди зўрға у.

— Нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? — деб сўради Зубайда кулиб.

— Очиғи, мен сира кутмагандим. Бошим айланиб кетди!..

— Тисс! — дея пичирлади Зубайда. — Деворнинг ҳам қулоғи бор. Гапиринг, нима бўлди? Ёқдими уй?

— Ёққанда қандоқ! Уй эмас, сарой!.. Аммо сиз…

— Мен ҳеч нима қилмадим!

Зубайда бу гапни овозини баландлатиб айтди. «Эшитсин, қабулхонадагилар эшитишсин, — деди ичида. — Улар менинг нақадар меҳрибон эканлигимни билиб қўйишсин. Гўзаллигимни билишади. Қаттиққўллигимни, ҳалоллигимни эшитишди. Энди меҳрибонлигимни ҳам билиб қўйишсин. Боя айтганимдай, кейинчалик бир-бирларига гапириб юришади. Кейинчалик ҳатто мен танимайдиганлар ва мени танимайдиганларнинг ҳам ҳурматлари ошади. Эҳтимол, бу гаплар аста-секин Достонга, ундан Саъдуллага, ундан ўтиб Мария Николаевнага ва охири бориб он ҳазратларига етар!..»

— Ҳаммаси ўзингизнинг меҳнатингиз. Ўзингизнинг виждонли қиз эканлигингизнинг меваси. Ундан кейин биз ўртоқ бўлдик. Ўртоқлар ҳар доим бир-бирларига тиргак бўлишлари керак!..

Бу сўзга Зубайда алоҳида урғу берди.

У гапираётганда қабулхонада Мавжудадан ташқари, Талъат билан Неъмат бор эди. Учаласининг ҳам қулоғи динг. Учаласи ҳам ичкарида бўлаётган гап-сўзларни эшитишаяпти. Неъмат Талъатга қарайди. Ичкарига имо қилади. «Қара, бир одамга яхшилик қилиш бўлса, шунчалик бўлар-да. Бизнинг хонимимиз қанчалик саховатли аёл эканлигини кўриб қўй», деяётгандай бўлади. Талъат эса пастки лабини тишлаб, бошини ирғайди. «Ҳа-а, билаяпман», дегандай бўлади у ҳам. Мавжуда эса ҳайратда. Боягина у бухгалтерларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолганлигини кўрганди. Боягина унинг оёқлари зир титраган эди. Энди эса Зубайданинг қанчалик мурувватли эканлигига гувоҳ бўлиб турибди. «Мен ҳам яқин бўлиб олишим керак. Менинг ҳам кам-кўстим тиқилиб ётибди-да. Агар қадрдон бўлиб олсам, мен ҳам бир дунё пул оламан», дея кўнглидан ўтказарди у.

— Энди, ўртоқ, гап бундай. Мен сизга ўзимнинг ҳайдовчимни бераман. У билан бирга уйингизга борасиз-да, энг керакли нарсаларни олиб, янги уйга кўчасиз. Энг керакли деганларим қандайдир қоғозлардир, кийим-кечаклар… Лекин анави мебелингизга тегинманг. Жойида қолсин… Эртага янги уйингиздан ишга келасиз. Ва эртага ош ҳам дамлайсиз. Бораман. Уйингизни мен ҳам кўраман! — деди Зубайда.

Нодира атир берди. Қиммат атир. Ҳидиям антиқа. Одамни бирдан ўзига тортадиган атир.

— Во-о-ой! Буни қаранг, сира бунақасига дуч келмаган эканман. Аммо нима қилардингиз бунча сарф-харажат қилиб?! — деди Зубайда бу сафар росманасига ҳаяжонланиб. Айни пайтда у Нодиранинг дидига ҳам қойил қолаётган эди. Ахир ўзининг энг катта бошоғриқларидан бири — атир танлаш. У аёллар дўконига кирганида соатлаб қолиб кетар, аниқ битта атир танлаёлмай роса қийналарди. Бўлмаса, дўкончилар, уларнинг экспертлари роса ёрдамлашишга уринишарди. Бироқ, барибир…

— Сиз арзийдиган нарсаларни айтолмайман. Сиз чексиз муҳаббатга лойиқ аёлсиз, — дея Нодира яна Зубайданинг юзидан ўпиб қўйди.

— Унда ўзингиздан кўринг. Бундан бу ёғига мен учун ҳар доим атир танлаб, топиб берасиз! — дея қиқирлаб кулди Зубайда.

Мавжуда чидаб туролмади. Ахир Нодирадан рашки келаётганди унинг. Кўролмай қолаётганди Нодирани.

— Мен ҳам Нодиранинг ўрнида бўлиб қолишни истайман, — дея пичирлаб гапирди у эркакларга.

Эркаклар бараварига кулишди.

— Қийин, — деди Неъмат, — қийин. Чунки Нодира ҳамманинг кўнглини овлашни билади.

Талъатнинг эса боши қотди: «Бу Нодира деганлари ким экан, қанақа қиз экан? Нега анави ойимтилла уни бунчалик кўкларга кўтариб мақтаяпти?» дея кўнглидан ўтказди.

— Энди, хоним, айниб қолмасимдан дарров жўнанг. Сабаби, ҳайдовчи ўзимга ҳам керак. Уни сизга ҳозирча вақтинча бериб турибман, — деб Зубайда эшик томонга қараб қўйди-да, — кўркам йигит, ҳарбийдан келган, — дея қўшиб қўйди.

Нодира унинг шаъмасини чала-ярим тушунди. У ҳам кулди ва шундан сўнг Зубайдадан рухсат олиб, эшик томонга юрди.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Жиноятнинг йирик вакиллари” китоби онлайн сотилмоқда!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/11/26/nuriddin-ismoilov-asari-jinoyatning-yirik-vakillari-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 35 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: