Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (21-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (21-қисм)

Нодира ҳали ҳеч нарсадан, айтмоқчимизки, ўзининг юлдузи мана шу ҳайдовчи йигитга тўғриланаётганидан бехабар эди.

Қиз қабулхонада Талъатни кўрди. Жилмайиб қаради унга.

— Агар сиз ҳайдовчи бўлсангиз, юринг, кетдик, — деди.

Ҳа, айтганча, унга салом беришни унутмаган эди. Салом профессионал эди. Юмшоқ, ёқимтой. Гарчи иш бошлаганига унча кўп бўлмаган эса-да, махсус курсда ўқиганди. У пайтда ҳали котиба бўлишини, қабулхонада ўтиришини билмасди. Шунчаки кадрлар бўлимида ишлайман, деб ният қилганди. Буни қарангки, ўқув курсида ўрганганлари роса асқотиб турибди.

Улар зинадан тушаётганларида, Талъат Нодирадан ўтиб кетди. Ўтиш асносида:

— Машинани тайёрлаб тураман, — деди.

Нодира Талъатнинг ёнига эмас, орқа ўриндиққа ўтирди. Кейин манзилни айтди.

— Хўжайин сизни роса яхши кўраркан, — деди Талъат орадан бироз муддат ўтиб.

— Нега бунақа деяпсиз? — дея ундан сўради ҳали-ҳамон қувончи ичига сиғмай, машина деразасидан ташқарини кузатиб кетаётган Нодира.

Бу ерларни у юзлаб-минглаб марта кўрган. Аммо шу пайтгача бу йўллар, бу бинолар, дарахтлар кўзига ҳеч қачон ҳозиргидай чиройли кўринмаган.

— Хўжайинлар ишчиларига, айниқса, котибаларга яхши гапирмайди…

Нодира қиқирлаб кулди:

— Адашдингиз, котибалар ҳамиша азиз бўлган…

— Ҳа, тўғри. Агар у эркак киши бўлса…

— Балки… Аммо сиз ўзингизни таништирмадингиз. Аслида, биринчи бўлиб мен сизни танишим керак эди. Лекин бугун ишхонада ўтирмадим ҳисоб. Ўзимнинг ишларим билан юрдим. Зубайдахон менга шундай имконият қилиб берди. Биласизми, у ҳомиладор.

— Йўғ-э! Ўхшамайди-ку.

— Ҳали билинмайди-да. Шунинг учун бундан бу ёғига йўлларда эҳтиёт бўлиб юринг. У киши сиқилишлари, уриниб қолишлари мумкин эмас.

— Албатта. Ҳаракат қиламан.

— Исмингиз нима?

— Талъат.

— Меникини билсангиз керак. Биз бугун янги уйга кўчиб ўтдик. Тўғрироғи, кўчиб ўтамиз. Зубайдахон совға қилдилар. Уларнинг турмуш ўртоғи ҳам ажойиб инсон. Танисангиз керак.

— Ҳа, дуч келдим. Битта шапалоқ ҳам едим.

— Нега? — деб қиқирлаб кулди Нодира.

— Билмасдан, «ёзаман» деб қўйибман…

— Ўша сизмидингиз?

— Ҳа, мен эдим.

— Билмай, «ёзаман» деб, энди ўзингиз ҳайдовчи бўлиб қолдингизми?

— Нима қилай, бошқа иложи бўлмади. Жазоси қаттиқ чиқди.

— Жазомас, мукофот. Зубайдахон ҳамманиям яхши кўриб қолавермайди. Яхши кўриб қолганларига эса юракларини беради.

— Нега унда сиз ҳурмат қилмаяпсиз?

— Қаёқдан олдингиз бу гапни?

— Зубайдахон деяпсиз-ку.

— Бошида унақа демасдим. Ўзлари: «Ўртоқ бўламиз. Бошқалардек муомала қилманг. Ўртоқлар бир-бирларига қандай гапиришса, шундай гапиринг», дедилар. Аслида, ўзимга ҳам ноқулай бўлаяпти. Аммо айтганларини бажаришим шарт. Шундай ажойиб аёлнинг дилини оғритиб қўйиш, сўзини икки қилиш мен учун жуда катта хато.

Талъат кўзгу орқали орқа ўриндиқда ўтирган қизга кўз ташлади. Қиз чиройли эди. Кийиниши ўта замонавий ҳам эмас, ўта классикага ҳам ўтиб кетмаган. Сочи сариқ…

У биринчи кўз ташлаганида шуларнигина кўра олди ва юзининг истаралилигини ҳам илғай олди.

— Қабулхонада ўтирган…

— Мавжуда опа, — деб дарров унинг исмини айтди Нодира.

— Ҳа, ўша қиз сизни мақтади.

— Аёл, — дея яна унинг гапини тўғрилади Нодира.

— Аёлга ўхшамайди.

— Ҳа, ўхшамайди. Ажойиб аёл. Нима деб мақтади?

— Аниқ эсимда йўқ. Тўғриси, мақтади. Мен анави эски ишим сабаб, гапларни унча келиштириб гапиролмайман. Мақтагани… Ҳозир айтаман: «Зукко», деди у.

Нодира қиқирлаб кулди.

— Бор-йўғи шуми?

— Айтдим-ку, бошқа гапларни ҳам айтди, деб. Фақат эсимда қолгани шу бўлибди.

— Ҳа-а, майли-да. Лекин жуда унчалик эмас.

— Турмушга чиққанмисиз?

— Йўқ.

— Ўзингиз-чи, уйланганмисиз?

— Мен ҳам ҳали уйланмадим.

Нодира яна қиқирлаб кулди.

— Ажойиб йигит экансиз, — деди сўнгра.

— Ажойибмас, довдир боламан.

— Ана шу довдирлигингиз ажойиб экан. Бекордан-бекорга Зубайдахонга ёқиб қолмагансиз.

— Эри бор-ку унинг.

— Йўқ, мен у маънода айтмаяпман. Ишини, гапларини, дунёқарашларини ёқтириб қолиш ҳам бор-ку.

— Ҳа-а, билмадим. Лекин бошида роса қўрқитди.

— У пайтда раҳбарлардай гапирганлар-да. Аммо қалби гўзал аёл… Битта нарса, боргандан кейин кулмайсиз.

— Нега куламан?

— Менинг ҳозиргача яшаб келган олдинги уйимни кўриб.

— Эй-й, кулолмайман ҳам. Ўзим қишлоқда катта бўлганман. Қишлоқдаги уйимизнинг энг зўр бўёғи оҳак. Шуниям ҳозир ранги ўчиб, сувоғи кўриниб қолган. Шунинг учун шаҳардаги ҳар қандай уй кўзимга қасрдай кўринади.

— Менинг дадамлар ҳам қишлоқдан келишган.

— Дадангиз қаерда ишлайди?

Бирдан Нодиранинг юзидаги табассум йўқолди.

— Дадамни бой бериб қўйганмиз. Ўтиб қолганлар. Ойим иккаламизгина яшаймиз.

— Эй-й, унда узр. Мен билмабман. Лекин ўзингиз омадли экансиз…

— Ҳа-а, балки…

Нодира шундай деб деразадан яна ташқарига қаради. Кўз ўнгидан дадасининг сурати ўтди. Чунки у дадасини яхши эслаёлмайди. Қандайдир эркалаганлари, кўтарганларини билади. Аммо юзи, ташқи кўриниши хотирасида қолмаган. Шунинг учун ҳам у ойисига: «Дадам қанақа эди?» деб қайта-қайта савол бераверади…

* * *

Зубайда қилган ишидан мамнун эди. Бошида ўйин учун, ўзимнинг манфаатим учун қилаяпман, деб ўйлаганди. Энди қараса, бировга яхшилик қилиш ҳақиқатан ҳам ажойиб экан. Ҳатто манфаатсиз ҳам зўр бўларкан. Одам енгил тортар экан. «Демак, — деди у ўзига ўзи, — мана шундай амалларни тез-тез қилиб туриш керак экан. Айниқса, юрак сиқилганида… Атрофимдагилар, эрим, қайнона-қайнотам, Саъдулла ва бошқа-бошқалар ҳаммаси ўта зерикарли, сунъий одамлар. Уларнинг юзларидан илиқликни, табиийликни топиш жуда қийин. Аммо манави ишлар, ҳақиқатан, жуда зўр! Бопладим, шекилли. Кейин ўзим ҳам ота-онамни унутиб қўйдим. Уларни кўрмаганимга, эҳҳе, қанча бўлиб кетди! Демак, боришим керак. Дадам билан гаплашишим керак. Маслаҳат олишим керак. Балки, бир жойларда хатога йўл қўяётгандирман… Бўлди, эртага кетаман. Камида икки кун уйда бўламан. Сингилларим, укаларим, акам билан гаплашаман… Тўхта, уйга бориб кичкинагина байрам уюштираман…»

Зубайда шундай ўйлар оғушида ўтирганида, эшик қарс этиб очилди. У чўчиб тушди ва қўрқа-писа эшик томонга қаради. Эри Достон кирди. Шу заҳоти Зубайданинг асаби ўйнади.

— Нима қилиқ бу?! Юрагимни ёрдингиз-ку! — деб бақириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Достон эса жавоб бермади. Бунинг ўрнига иржайди.

— Узр, хўжайин, — деди ва уни кўриб ҳатто ўрнидан туриб ҳам қўймаган хотинининг ёнига келиб, унинг елкасидан қучди-да, бошидан ўпди.

— Алкоголь ҳиди ёқмай қолибди, — деди шу заҳоти Зубайда.

— Ичмоқчимасдим. Айниқса, бугун…

— Нима бўлди?

— Аҳвол бироз чатоққа ўхшайди.

— Тушунтириброқ гапиринг.

— Он ҳазратлари қўлларига қамчиларини олди.

— Гапларингизни математика қилиб ташладингиз. Нега қамчиларини қўлларига олади? — деди асабийлашган Зубайда.

— Билмадим ҳозирча. Саъдулла билан кўришдим. Унинг ёнига боргандим, офисига. Рангида ранг йўқ. Худди ўн-ўн беш километр югурган одамдай ҳансираб ўтирибди. Мени кўрганидан кейин йиғлаб юборай деди…

— Хўш, кейин-чи? — деди Зубайда тоқатсизланиб. — Сўрадингизми, нима бўлибди?

— У жавоб беришдан олдин битта финжонни тўлдириб ичди. Кейин: «Он ҳазратлари Ғайбулла акамни ер билан битта қилиб ташлади. Аҳмоқ акам тилла олиб кетаётган экан. Қўлга тушиб қолибди», дейди… Мен ҳайрон бўлдим. Нима дейишимни билмай қолдим. Яна менга у айтаётган нарсаларнинг ҳаммаси тушунарсиз эди. Сўрайман, десам, ўзи бир аҳволда. Сўрамай десам, ичим ёниб кетяпти. Охири чидаёлмадим. «Қанақа тиллалар?» деб сўрадим…

— Хўжайин, — деди Зубайда графинда стаканга сув қуяркан, — майда-чуйда қилманг. Борини айтинг. Нима экан, қанақа тиллалар экан?

— Хуллас, Ғайбулла ака сен билан менинг тасаввуримга сиғмайдиган даражада кўп тиллани олиб, чет эл банкларига қўйгани олиб кетаётган экан. Йўлда бошқа давлат чегарачилари ушлаб олишибди. Бу ҳақда шу заҳоти он ҳазратларига хабар беришибди. Ундан кейин он ҳазратлари қутурибди. Олдида ўтирган бегуноҳ одамларни тепиб ташлабди. Ҳамма нарсани улоқтирибди. Ундан кейин Ғайбулла акани чақириб, обдан тузлабди. Тузлаш қанақа бўлганини Саъдулла менга айтмади… Кейин он ҳазратлари Саъдулла ҳақидаям суриштиришни бошлабди: қаерга боряпти? Нима иш қиляпти? Ўртоқлари ким?.. Саъдулланинг қўрққани — униям бир-иккита ишкали борлиги. Менинг қўрққаним эса — унинг ўртоғи эканлигим… Он ҳазратлари ғазаб отига минганида, у кишини ҳеч ким тўхтата олмайди… Шошма, биргина… Ҳа, у… Эҳтимол, Мария Николаевна ҳовуридан тушириши мумкин. Лекин Мария Николаевна билан менинг алоқам йўқ!..

— Мен сиздан неча марта сўрадим шу аёл билан мени учраштириб қўйишни. Агар бир марта кўришсам, биттада уни ўзимизники қилиб олардим… Энди четга чиқиб туринг. Ҳеч нарсага аралашманг. Ҳатто Саъдулла ака билан ҳам камроқ кўришинг. Кўришсангиз ҳам, унинг ёнидан тезроқ кетиш чорасини кўринг. Анави «эшон» бор-ку. Ана шу билан бўлиб турган ишингизни ҳам сўраманг… Яна битта нарса… — деб Зубайда ўйланиб қолди.

Достон эса чўнтагидан чеккилигини олиб, биттасини лаблари орасига қистирди, аммо гугурт чақишга улгурмади.

— Эсингиз жойидами?! Нима қиляпсиз?! — деди бирдан Зубайда эрига бақириб.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Жиноятнинг йирик вакиллари” китоби онлайн сотилмоқда!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/11/26/nuriddin-ismoilov-asari-jinoyatning-yirik-vakillari-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 35 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: