Саудия улуғлари эътиборига!

Саудия улуғлари эътиборига!

Фейсбукда ўқиб қолдим. Мубашшир Аҳмад биродаримиз: «Агар Саудия подшоҳи, жуда бўлмаганда Макка ҳокими бўлганимда, мана шу соатли бинони буздириб ташлар эдим» деб ёзибдилар. У киши Ҳарамнинг ёнгинасида қад ростлаган осмонўпар соатли бинони назарда тутганлар.

Неча йилдан буён ўйлайман, лекин журъат қилолмайман шу гапни ёзишга. Наҳотки мамлакат раҳбарияти, жаҳоншумул уламолар ва тегишли муассаса вакиллари мазкур бинонинг ҳаж амалларини адо этувчи миллионлаб мусулмонлар ибодатига халал бераётганини ҳисобга олмасалар?! «Ё, Аллоҳ!» дея кўкка нигоҳ ташлаган диндошларимизнинг диққатини чалғитаётганини ҳисобга олмасалар?!

Бутун дунё мусулмонлари илоҳий Каъбатилло мўъжизасини кўрмоқ ниятида борадилар Маккага, соатли бинонинг маҳобатини эмас! Бу бинонинг маҳобати мазкур бино соҳиби киссасига тушаётган ҳисобсиз маблағ билан ўлчанса ўлчанар, аммо-лекин… мутлақо жойини топмаган!

Иккинчидан, Ҳарамни айланасига қисувга олиб қурилаётган бошқа биноларни, дейлик, 200-300 метр нарига қуриш мумкин эмасми? Бинолар айланасига Ҳарамни бўғиб қўймоқда. Соатли бино ҳақидаги сўзимиз ўша биноларга ҳам тааллуқли.

Учинчидан, Саудия Арабистонининг қарийб барча дўконларини Хитойда ишлаб чиқарилган совға-саломлар ишғол этган. Нега Марказий Осиё давлатларида, мусулмон давлатларида мусулмонлар томонидан ишлаб чиқарилмайди динимизга доир ўша совға-саломлар? Ким ўйлайди? Ким бош қотиради бу ҳақда? Ким ҳал қилади?..

Қани эди, бу мулоҳазалар Саудия Арабистони улуғлари эътиборига етиб борса!..

Хуршид Дўстмуҳаммад

Дўстларингизга ҳам юборинг: