Самарқандда қабристондан ноёб даҳма ва қабртош топилди

Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Қайрағоч қишлоғида жойлашган «Кўктош» қабристони ҳудудидан қадимий 2 та даҳма ҳамда 1 та қабртош топилди.

 

Топилмалар Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.

 

Қайд этилишича, қабристон ҳудудидан топилган қадимий даҳма ҳамда қабртошлар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сонли қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Миллий рўйхатида қайд этилмаган.

 

«Ўрганишлар давомида топилган ноёб тошлар ўрта асрларга оид эканлиги аниқланди. Ушбу топилмаларни тарихий аҳамиятини аниқлаш мақсадида Самарқанд археология институти ходимлари томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.

 

Шунингдек, Пастдарғом тумани ҳокимлигининг 2024 йил 11 сентябрдаги 26-2712-сонли хатига асосан, 2 та қадимий дахма ҳамда 1 та қабртошни Миллий рўйхатга киритиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, давлат муҳофазасига олиш чоралари кўрилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: