Грузияда Европадан узоқлашишга қарши намойишлар давом этмоқда
Ноябрь ойи охирида Грузиянинг россияпараст бош вазири Ираклий Кобахидзе Европа Иттифоқи билан мамлакатнинг Европа интеграцияси бўйича музокаралар 2028 йилгача қолдирилганини эълон қилганидан кейин норозилик намойишлар кучайди.
Тбилисида полиция Грузиянинг Европа интеграцияси тўхтатилишига қарши норозилик билдирган фуқароларга қарши сув пуркагич ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатмоқда. Хавфсизлик кучлари парламент биноси яқинидаги Руставели проспектида намойишчиларни ҳибсга олишни бошлади.
Paper Kartuli хабарига кўра, махсус кучлар 2 декабрь куни кечқурун митингни тарқатишга киришган; хавфсизлик кучлари одамларни оломондан тортиб олмоқда. Намойишчиларнинг асосий қисми Республика майдонига яқинлашган. Полиция ва махсус кучларнинг ҳаракатларига жавобан намойишчилар хавфсизлик кучлари томон пиротехника воситаларини отишган.
Newsgeorgia хабарига кўра, махсус кучлар билан тўқнашув чоғида бир неча киши яраланган. Хавфсизлик кучлари парламентга олиб борувчи параллель кўчаларни ҳам тўсиб қўйган.
Грузия Ички ишлар вазирлиги норозилик намойишларининг дастлабки уч кунида полиция жами 224 кишини ҳибсга олганини маълум қилди. Уларни майда безориликда ва полицияга қаршилик кўрсатишда айблашмоқда.
Шунингдек, ҳаракатлар давомида ИИВнинг 113 нафар ходими жароҳатланган, улардан 4 нафари тиббиёт муассасаларида даволанмоқда.
“Ички ишлар вазирлигининг чақириғига қарамай, Руставели проспектида давом этаётган акция тинч йиғилиш доирасидан чиқиб кетди, шунинг учун ИИВ парламент атрофини бўшатиш учун гуруҳдаги зўравонлик ҳаракати иштирокчиларига нисбатан қонунда назарда тутилган махсус чораларни қўлламоқда”, — дейилади департамент матбуот хизмати хабарида.
Аввалроқ Грузия парламентини ноқонуний деб эълон қилган ва президентлик мандатини истеъфога чиқаришдан бош тортган Саломе Зурабишвили мактабларни ҳукуматга қарши намойишларга қўшилишга чақирди. «Университетлардан сўнг Грузия бўйлаб норозилик намойишлари билан бирдамлик билдириш навбати мактабларга келди», деб ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Грузияда оммавий норозилик намойишлари аслида октябрь ойи охирида ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси парламент сайловларида ғалаба қозонганидан кейин бошланган. Овозларни санашда фирибгарликка йўл қўйилгани ҳақидаги гумонлар аҳолининг бир қисмида норозиликарга сабаб бўлди. Ноябрь охирида бош вазир Ираклий Кобахидзе Европа Иттифоқи билан мамлакатнинг Европа интеграцияси бўйича музокаралар 2028 йилгача қолдирилганини эълон қилганидан кейин эса норозилик кучайди. Митинглар тўлқини Тбилиси, Батуми, Кутаиси ва бошқа шаҳарларни қамраб олди. Намойишлар чоғида қаттиқ чоралар қўллаган полиция билан тўқнашувлар юз берди.
Намойишлар ортидан Грузиянинг хориждаги беш элчиси истеъфога чиқди. 135 дан ортиқ дипломат расмийларнинг Европа интеграцияси бўйича музокараларни кечиктириш қарорини қоралаган баёнотни имзолади. Танқидлар Миллий банк, Таълим вазирлиги, Тбилиси мэрияси ва Конституциявий суд ходимларидан ҳам келди. Мамлакатдаги баъзи университетлар Европа интеграциясини рад этишдан норозилик сифатида иш ташлаш эълон қилди ва дарсларни тўхтатди.
Литва, Латвия ва Эстония Грузия расмийларига, жумладан, миллиардер ва собиқ бош вазир Бидзина Иванишвилига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Эстония Ташқи ишлар вазирлиги чекловлар “ўзини ўзи эълон қилган Грузия ҳукумати раҳбариятига” қаратилганини ҳамда Европа Иттифоқи ва АҚШ учун намуна бўлиши кераклигини айтди.
Грузия 2023 йил декабрида Европа Иттифоқига номзод мақомини олганди. Грузиянинг Европа Иттифоқига тўлиқ интеграциялашуви зарурлиги мамлакат конституциясида ҳам қайд этилган.