Биткоин курси биринчи марта $100 мингдан ошди

Биткоин курси биринчи марта $100 мингдан ошди

5 декабрь, пайшанба куни биткоин курси $100 мингдан ошди. Бу ҳақда «CoinMarketCap» маълумотларида келтирилган.

Савдонинг юқори нуқтасида токен Тошкент вақти билан 7:40 атрофида психологик белгидан ўтган. Ярим соат ўтгач, токен учун $103 мингдан ортиқ таклиф қилинди, шундан сўнг нарх ушбу белги атрофида кичик тебранишлар билан барқарорлашди.

Хабар эълон қилинган вақтда биткоин $103 250га сотилмоқда. Сўнгги суткада курс тахминан 7,5%га кўтарилди, ҳафталик ўсиш эса бироз кўпроқ — 7,7%ни ташкил этди.

Бир қатор бошқа криптовалюталар ҳам юқорига интилди. Масалан, «Эфириум» бир кунда 4,8%га қимматлашди ва баҳордан бери биринчи марта $3850га етди. «Догекоин» ҳар бир токен учун 45 центга кўтарилди — бу бир кун олдингига нисбатан деярли 10%га юқоридир.

Бошқа томондан, «Солана» криптовалютаси 1,4%га арзонлашди ва ҳозирда $235дан сотилмоқда. «Тонкоин» $6,84дан сотилмоқда, бу 4%га пасайган, «ХРП» эса кун давомида деярли 11%га пасайган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: