Ўзбекистон Туркманистонда бром ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин
«Шовот-Дашогуз» чегараолди савдо зонасини яқин муддатда ишга тушириш ҳам режалаштирилмоқда.
Туркманобод шаҳрида Ўзбекистон – Туркманистон иккинчи ҳудудлараро форуми ва Made in Uzbekistan миллий маҳсулотлар кўргазмаси ўтказилди. (https://dunyo.info/uzk/sotrudnichestvo/ukreplyaetsya-mezhregionalnoe-sotrudnichestvo-s-turkmenistanom)
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳар икки давлатда миллий маҳсулотлар кўргазмасини ўзаро ўтказиш мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ҳажмларини оширишга катта ҳисса қўшишини таъкидлади.
Made in Uzbekistan кўргазмасида мамлакатнинг автосаноат, кимё, фармацевтика, нефт-газ, тўқимачилик, ипакчилик ва чарм-пойабзал саноати, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш ва туризм соҳалари маҳсулотлари намойиш этилди.
Туркманистон расмий ва бизнес вакиллари стендларда намойиш этилган замонавий ва юқори қийматли миллий маҳсулотларга катта қизиқиш билдирган ҳолда Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг илғор тажрибаси ва ютуқларига юқори баҳо беришди.
Туркманобод шаҳар ҳокимлигида икки давлат делегациялари иштирокида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда тўқимачилик соҳасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш, кимё саноати йўналишида «Мариазот» заводини реконструкция қилиш, Туркманистонда бром ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳани амалга ошириш, «Шовот-Дашогуз» чегараолди савдо зонасини яқин муддатда ишга тушириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.