Президент барча тадбиркорларга мурожаат қилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ҳамда етакчи тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтди.
Президентимиз сўзининг якунида барча тадбиркорларга мурожаат қилди.
– Бир фикрни доимо эсда тутишларингизни истар эдим. Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Биз давлат миқёсида қандай катта мақсад ва вазифаларни ўз олдимизга қўймайлик, уларни амалга оширишда бутун халқимиз билан бирга аввало сизларга таянамиз. Сизларни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ҳал қилувчи куч, деб биламиз. Тадбиркорларимиз қанча бой бўлса, халқимиз шунча фаровон яшайди, давлатимиз шунча қудратли бўлади. Тадбиркорнинг ютуғи – бу бутун халқимизнинг ютуғи, – деди президент.
Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг эзгу мақсад билан илгари сурадиган ҳар қандай ғоя ва ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида улар ҳам жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлиб, ислоҳотларимизни янада илгари суришда таянч ва суянч бўлишига ишонч билдирди.
Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.