Саудия Арабистонининг Афғонистондаги элчихонаси ўз фаолиятини тиклади

Саудия Арабистонининг Афғонистондаги элчихонаси ўз фаолиятини тиклади

Саудия Арабистони “Толибон” 2021 йилда Афғонистонда назорат ўрнатганидан уч йил ўтиб Кобулдаги элчихонасини қайта очди.

 

Бу ҳақда элчихонанинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берилган.

 

“Қардош Афғонистон халқига барча турдаги хизматларни кўрсатиш мақсадида мамлакатнинг Кобулдаги ваколатхонаси фаолиятини қайта тиклашга қарор қилдик”, дейилади хабарда.

Саудия Арабистони 2021 йил август ойида, “Толибон” Афғонистон пойтахтининг барча ҳудудларида назорат ўрнатганини эълон қилгандан сўнг дарҳол дипломатик ваколатхонасининг барча ходимларини эвакуация қилганди.

 

Орадан уч ой ўтгач, Ар-Риёд Кобулдаги элчихонанинг консуллик бўлими ишини қайтадан бошлашга қарор қилди. Аммо 2023 йил февраль ойида Саудия Арабистони дипломатларининг барчаси хавфсизлик нуқтайи назаридан Афғонистонни яна тарк этиб, қиролликка қайтишганди.

 

Аввалроқ Афғонистоннинг ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққоний мамлакат шариат қонунларига ва исломий тамойилларга зид бўлмаган давлатлар билан муносабатлар ўрнатишни хоҳлашини айтганди.

 

Ҳаққоний Афғонистон ҳукумати дунё билан ҳамкорликка эмас, балки мустамлакачиликка қарши эканини таъкидлади.

 

“Агар биз муносабатлар ва ҳамкорликни истасак, бу тамойилларга асосланган бўлиши керак. Дунё ўзаро ҳамкорлик қилаётганидек, биз ҳам ушбу мулоқотнинг бир қисми бўлишни хоҳлаймиз, чунки манфаатларимиз ва эҳтиёжларимиз савдо ҳамда бошқа масалаларга боғлиқ”, деди Ҳаққоний.

Дўстларингизга ҳам юборинг: