Туризм йўналишида илмий-инновацион лойиҳалар муаллифлари тақдирланди

Туризм йўналишида илмий-инновацион лойиҳалар муаллифлари тақдирланди

Туризм қўмитасида “Ёшлар ва туризм: янги истиқболлар ва имкониятлар” мавзусида талабалар ўртасида ўтказилган “Students Cup 2024” республика танловининг тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур танлов Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти томонидан Туризм қўмитаси ҳамда Ўзбекистон География жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга доир илмий-инновацион лойиҳалар таклиф қила оладиган иқтидорли талабалар сараланди.

Танловда мамлакатимизнинг 35 та олий таълим муассасасидан 150 дан ортиқ талаба иштирок этди. Иштирокчилар туризмни рақамлаштириш, ички ва халқаро туризмни ривожлантириш, туристик объектларни модернизация қилиш ва янги технологияларни жорий этиш каби йўналишларда лойиҳаларни тақдим этдилар.

Ғолибларга фахрий дипломлар ва пул мукофотларини Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Ниязов топширди.

Танлов якунига кўра, 1-ўринни Тошкент халқаро кимё университетининг Самарқанд филиали талабаси Жавлон Рустамов “Aлоқа ёрдамида тарихий жойлар ва маданиятни ўрганиш” лойиҳаси билан (Aбу Райҳон Беруний номидаги виртуал гид ёрдамида) қўлга киритиб, 5 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

2-ўрин Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистранти Aбдулқодирхўжа Aбдуллахўжаевга (“Ўзбекистон Республикасида халқаро болалар ва ўсмирлар туризмини ривожлантириш” лойиҳаси учун) насиб этди ва 3 млн сўм билан мукофотланди.

3-ўрин билан Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети магистранти Ксения Власова (“Ўзбекистон миллий тарихий-маданий музейини модернизация қилиш” лойиҳаси билан) 2 млн сўм мукофотни қўлга киритди.

Шунингдек, ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳам топширилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: