Кремль самолёт ҳалокати борасида лом-лим демаяпти
Кремль тергов давомида изоҳ беришдан бош тортмоқда.
Кремль Озарбайжон Ҳаво Йўллари ҳалокатига Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси масъул эканлиги ҳақидаги иддаоларни изоҳлашга ҳали эрта эканлигини айтди.
«Тергов давом этмоқда ва тергов хулосалари чиқмагунча, биз ҳеч қандай изоҳ беришга ҳаққимиз йўқ деб ҳисоблаймиз ва бундай қилмаймиз», деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков жума куни журналистларга.
Реутерс ва Ню-Ёрк Таймс каби ахборот агентликлари терговга яқин Озарбайжон хавфсизлик манбаларига таяниб, ҳалокатга Россия ракетаси алоқадор бўлиши мумкинлигини хабар қилишди.
«Ҳеч ким бу атайлаб қилинган деб даъво қилмаяпти. Бироқ, аниқланган фактларни ҳисобга олган ҳолда, Боку Россия томони Озарбайжон самолёти урилганини тан олишини кутмоқда», деди пайшанба куни Реутерс агентлигига манба.