Дональд Трампга 10 январь куни ҳукм эълон қилинади
Бу ҳақидаги тегишли ҳужжат Нью-Йорк судининг электрон маълумотлар базасида эълон қилинди.
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг актриса Сторми Дениелсга пул тўлашда Trump Organization молиявий ҳужжатларини сохталаштиргани бўйича ҳукм 10 январь куни эълон қилинади.
Қайд этилишича, Трамп судда шахсан ёки онлайн тарзда чиқиш қилиши мумкин. Ҳужжатда таъкидланганидек, 20 январь куни Трампнинг инаугурацияси олдидан ҳукм чиқариш қарори «қасамёддан кейин судланувчи президентлик дахлсизлигига эга бўлиши» билан боғлиқ.
Аввалроқ, 16 декабр куни Нью-Йорк суди Трампга нисбатан унинг актриса Сторми Дениелс билан муносабати бўйича чиқарилган айблов ҳукмини бекор қилишдан бош тортган эди.
Айбловга кўра, Трамп 2006 йилда актриса Сторми Дениелс билан яқин муносабатларда бўлган, 2016 йилда эса унинг адвокати Майкл Коэн маълумотларни ошкор этмаслик тўғрисидаги келишув эвазига актрисага 130 минг доллар тўлаган. Президентликка сайланганидан сўнг, Трамп адвокатининг молиявий харажатларини қоплайди ва буни юридик тўловлар сифатида яширади. Чекларнинг умумий миқдори 420 минг долларни ташкил этган.
Май ойида ҳакамлар ҳайъати Трампни молиявий фирибгарликда айбдор деб топди. Сайланган президентнинг ўзи бу уюштирилганини, унинг ортида ҳозирги давлат раҳбари Жо Байден турганини ва у ўтган сайловларда ўзининг асосий рақибидан шу йўл билан қутулмоқчи эканини айтади.