Хитойдан Тошкентга йўлга тушган юк поезди қатнови вақти 8-10 кундан 5-6 кунгача қисқарди
2025 йилдаги Хитой-Европа юк поездининг биринчи рейси 1 январь куни Сиань халқаро порти (Шэньси провинцияси) станциясидан Тошкентга жўнаб кетди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.
Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги маълумотларига кўра, бу Хитой-Европа йўналиши бўйича халқаро темир йўл юк ташишлари доирасида Сиань шаҳридан Тошкентга биринчи тезюрар поездининг ишга туширилишидир.
Маиший техника, тўқимачилик, кимё маҳсулотлари юкланган 50 та стандарт контейнерли поезд Хитой-Қозоғистон чегарасидаги «Хоргос» назорат-ўтказиш пункти орқали давлат чегарасини кесиб ўтиб, Ўзбекистон ҳудудига етиб боради.
«Хитой темир йўл корпорацияси ва бошқа темир йўл ва божхона идоралари билан ҳамкорлик туфайли Сиань шаҳридан Тошкентга юк поезди қатнови вақти 8-10 кундан 5-6 кунгача қисқарди», – таъкидлади Сиань шаҳри эркин савдо портини қуриш ва эксплуатация қилиш компанияси бош директори Юань Сяоцзюнь агентликка берган интервьюсида.
Сиань шаҳридаги «Чаньба» халқаро порти маъмурияти маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида Хитой-Европа юк поездлари орқали Сиань шаҳридан Марказий Осиё йўналишида жўнатилган стандарт контейнерлар сони 69 минг 655 тани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 49,8 фоизга ошган.