Apple 95 миллион доллар тўлашга рози бўлди
Apple Siri орқали фойдаланувчиларнинг розилигисиз суҳбатларни ёзиб олиш иши бўйича суд жараёнини ҳал қилиш учун 95 миллион доллар тўлашга рози бўлди — Тhe Washington Post
Даъво аризасига кўра, Apple компанияси Siri виртуал ёрдамчисига ўн йилдан кўпроқ вақт давомида iPhone ва бошқа қурилмаларда суҳбатларни ёзиб олишга яширинча рухсат берган. Овоз ёзиб олиш ҳолатлари одамлар Сири га «Hey, Siri» фаоллаштириш ибораси билан мурожаат қилмаган ҳолларда ҳам содир бўлган. Ёзиб олинган суҳбатларнинг бир қисми реклама берувчиларга узатилган.
Тhe Washington Post шартнома шартлари Apple’дан 2019 йил октябргача Siri орқали тўпланган аудиоёзувларни ўчириб ташлашни тасдиқлашини талаб қилиши мумкинлигини хабар бермоқда.
«Агар келишув тасдиқланса, 2014 йил 17 сентябрдан 2024 йил охиригача iPhone ва бошқа Apple қурилмаларига эга бўлган фойдаланувчилар судга мурожаат қилиб, Siri билан жиҳозланган ҳар бир мос қурилма учун 20 долларгача пул олишлари мумкин», деб ёзмоқда Associated Press.