Бухорода виртуал “валютчик”лик қилган 17 ёшли ўсмир жавобгарликка тортилмайдиган бўлди
Бухорода крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун 17 ёшли ўсмирга жиноят иши қўзғатилганди. Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, ушбу жиноят иши терговчининг қарорига кўра ҳаракатдан тугатилди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганди. ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов жиноят ишида гумонланаётган 17 ёшли З.М. 7 ой давомида “Бинанс” платформасида 4 мингдан ортиқ 34 миллиард сўмлик шубҳали воситачилик операцияларини амалга ошириб, воситачилик ҳақи ундириб келганини маълум қилганди ва буни виртуал “валютчик”лик деб атаганди.
Терговчининг қарорида келтирилишича, З.М. унга қўйилган айблов тугатилишида қилган иши ижтимоий хавфли эмаслиги, айбига тўлиқ иқрорлиги ва пушаймонлиги, оилавий аҳволи ва ҳоказолар инобатга олинган.
“Жиноят процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми, 2-бандига асосан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноят очилишига фаол ёрдам бергани сабабли унинг айблилиги ҳақидаги масалани ҳал қилмасдан туриб, ҳаракатдан тугатилсин”, дейилади қарорда.
“Аслида, терговчиларда мана шундай ваколат ҳам бор. Ҳаммани ҳам судгача судраб жавобгар қилиш шартмас”, деб ёзди Расул Кушербаев.
Жиноят иши ҳаракатдан тугатилиши билан бирга, унга 14 декабрь куни эълон қилинган айблов олиб ташланди ва шу куни унга қўлланган шахсий кафиллик эҳтиёт чораси бекор қилинди.