Испания 2025 йил апрелдан «олтин визалар»ни бекор қилади
Испания 2025 йил апрелдан бошлаб «олтин визалар» — инвестиция эвазига чет эл фуқароларига мамлакатда яшаш рухсатномасини бериш тартибини бекор қилади.
Таъкидланишича, янги ўзгартиришлар кучга киргунга қадар виза учун ариза берган инвесторлар ёки уларнинг қариндошлари мамлакатда яшаш учун рухсатномани «ариза берилган кундаги қоидаларга мувофиқ» олишлари мумкин.
«Олтин визалар» дастури ЕИ таркибига кирмайдиган давлатлар фуқароларига инвестиция киритиш, биринчи навбатда кўчмас мулк харид қилиш орқали яшаш ҳуқуқини олиш имконини беради. Испанияда энг кенг тарқалган вариант — камида 500 минг евролик кўчмас мулк сотиб олишдир. Бошқа вариантлар — Испания компаниялари акцияларига 1 миллион евро ёки давлат қимматли қоғозларига 2 миллион евро сармоя киритиш.
Маълумотларга кўра, 2023 йил давомида россияликлар Испанияда 2,7 мингдан ортиқ кўчмас мулк обкетларини харид қилган — бу 2014 йилдан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.